Азоннинг йўлга қўйилиши

0

Азоннинг йўлга қўйилиши:

Азон ҳижратнинг биринчи йилида йўлга қўйилди. Азон пайдо бўлишига сабаб одамлар намозга бориш учун намоз вақтини тахмин қилишиб вақт пойлаб ўтиришар эди. Шунда улар қуйидаги ҳадисларда келгани каби турлича таклифлар киритдилар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Мусулмонлар Мадинага келган пайтларида йиғилишиб намоз вақтларини чамалаб ўтирар эдилар. Ҳеч кимса намозга азон айтмас эди. Кунлардан бирида шу хусусда сўзлашиб қолдилар. Баъзилар: “Насронийлар қўнғироғи сингари бирон қўнғироқни йўлга қўйинглар”, деди. Баъзилар эса: “Яҳудлар сури каби сур чалинсин”, дейишди. Умар розияллоҳу анҳу деди: “Бир одамни юборсанглар, намоз вақти кирганини эълон қилсачи?!”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Эй Билол, туриб намозга азон айтинг[1].

Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Абдураббиҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни намозга йиғиш учун қўнғироқ чалишга буюрмоқчи бўлганларида (бир ривоятда: “Ҳолбуки, у зот қўнғироқ чалиш насронийларнинг иши бўлгани учун хушламас эдилар”, дейилади) туш кўрдим. Тушимда қўлида қўнғироқ тутган бир кишини кўрдим. Мен ундан “Эй Аллоҳнинг бандаси, қўнғироқни сотасанми?”, дедим. “Уни нима қилсан?”, деди киши. “У билан одамларни намозга чақирамиз”, дедим. “Мен сенга (одамларни намозга чақириш учун) ундан яхшироқ йўлни айтиб берайми?”, деди. “Ҳа”, дедим. У деди: “Шундай дейсан: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ, ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ. Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ, ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ. Ҳайя алас солаҳ, ҳайя алас солаҳ. Ҳайя алал фалаҳ, ҳайя алал фалаҳ. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ла илаҳа иллаллоҳ”.

Сўнг ҳалиги киши (мендан) бироз узоқлашиб шундай деди: “Агар намозни бошламоқчи бўлсанг мана бундай дегин: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ, ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ. Ҳайя алас солаҳ, ҳайя алал фалаҳ. Қод қоматис солаҳ, қод қоматис солаҳ. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ла илаҳа иллаллоҳ”.

Тонг оттиргач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб кўрган тушимни айтиб бердим. Шунда у зот айтдилар: “Бу ҳақ туш, иншааллоҳ! Тур, Билолни олдига бориб, тушингда кўрганингни унга айт, шу сўзлар билан азон айтсин. Зеро, у сендан кўра овози баландроқ”.

Биз Билол иккимиз турдик, мен унга тушимда кўрганимни айтдим ва у бу сўзлар билан азон айтди. Уйида ўтирган Умар Билолнинг азонини эшитиб, ридосини судраганча (шошилиб) келиб деди: “Сизни ҳақ билан пайғамбар қилиб юборган Зотга қасамки, мен ҳам худди у кўрган туш каби туш кўрдим”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга ҳамд-сано бўлсин!”, дедилар[2].

[1] Бухорий (604), Муслим (377), Термизий (190) ва Насоий (1/102) ривоят қилишган.
[2] Абу Довуд (499), Термизий (189), Ибн Можа (706) ва Аҳмад (4/42-43) ривоят қилишган. Ҳадис матни имом Аҳмадга оид. Ҳадисни Термизий ҳасан саҳиҳ деган.

Изоҳ қолдиринг