Нусайрийлар: эътиқодларини сир тутишлари

0

Нусайрийларнинг дини кучли сир тутилади. Уларнинг эътиқодига кўра, бу сирни ўзларидан бошқага фош қилиш мумкин эмас. Улар бу сирни фош қилган киши энг ёмон шаклда қатл қилинишига қарор қилишган. Негаки, у Олий Алининг сирини фош қилган бўлади. Бунга Сулаймон Аданийнинг ўтмиши очиқ мисол бўлади. Сулаймоннинг отаси Адана вилоятидаги нусайрий шайхларидан бўлган. Америкалик миссионерларнинг таъсири остида христианликни қабул қилиб, Лозиқийяга кўчиб ўтган. У ерда “Ал-бокуратус Сулаймонийя” номли китоб ёзиб, бу китобда нусайрийларнинг эътиқодини фош қилган. Америкалик миссионерлар бу китобни милодий 1863 йилда Байрутда чоп этишган.

Сулаймон Лозиқийяда бир қанча муддат яшаганидан сўнг қариндошлари у билан алоқани қайта тиклаб, яхши муомала қилишган ва турли ҳадялар бериб, уни ватанига қайтишга қизиқтира бошлашган. Қариндошларининг илиқ муносабатига алданган Сулаймон ватанига қайтганида уни тириклайин ёқиб юборишган. Сўнг уларнинг сирларини фош қилган бу китобни йўқотишга қаттиқ бел боғлашган ва вақтлар ўтиши билан ўз мақсадларига эришишган. Бугунги кунда у китобдан бир нусха ҳам қолмаган.

Нусайрийлар ширк ва бутпарастликдан ташкил топган бузуқ эътиқодларини баён қилишга киришган ҳар бир кимсага шу тариқа жисмоний зарар етказишга уринишади. Чунки уларнинг эътиқодлари шу даражада расвоки, далиллар асосида баҳс-мунозара қилишга ярамайди. Муҳаммад Фарид Важдий “Ал-бокуратус Сулаймонийя” китобида айтилган эътиқодларнинг хулосасини айтиб ўтган. Бу эътиқодлар қуйидагича:

1) Нусайрийлар Али розияллоҳу анҳуни худо деб эътиқод қилишади, яъни улар алавий эътиқодидадирлар. Уларнинг шимолий тоифаси Али розияллоҳу анҳуни ойда деб, кулозийлари эса қуёшда деб эътиқод қилади. Шунинг учун улар қуёш, ой ва бошқа юлдузларни муқаддас деб эътиқод қилишади.

 

2) Улар инсон вафот этганидан сўнг руҳлар бошқа жонзот шаклида қайтадан дунёга келади деб эътиқод қилишади. Уларнинг эътиқодига кўра, солиҳ инсонларнинг руҳи юлдузларда туради. Шунинг учун ҳам Али розияллоҳу анҳуни “юлдузлар амири” деб аташади. Ёмон инсонларнинг руҳи эса чўчқа, маймун каби ҳайвонлар шаклида дунёга келади.

 

3) Нусайрийларнинг сирли сўзи учта ҳарфдан иборат. Бу ҳарфлар “А”, “М” ҳамда “С” ҳарфларидир. Бу ҳарфлар Али, Муҳаммад ва Салмон исмларидан олинган.

 

4) Нусайрийларнинг Қуръондан бошқа китоблари бор. Улар кўпроқ шу китобга мурожаат қилишади. Қуръон эса уларнинг наздида иккинчи даражали китоб саналади.

 

5) Нусайрийлар эътиқоди беўхшов эътиқоддир. Улар эски бутпарастлар этиқоди билан радикал исломий эътиқодни ўзларида мужассам этганлар.

Али Ийд Триполи шаҳрида нусайрийлар низоми ҳақида гапирмоқчи бўлганини Ливандаги “Ал-ҳаводис” журнали муҳаррири эълон қилгани учун нусайрийлар унга суиқасд қилишган. Улар асл нусайрийлик эътиқодини одамларга ёймоқчи бўлганларга бу тариқа суиқасд қилишлари уларнинг ўзлари ҳам ўз эътиқодлари соф эканига ишончлари комил эмаслиги, эътиқодлари залолат ва ёлғондан иборат эканини яхши билишларига далил бўлади.

Агар уларнинг ниятлари пок, эътиқодлари тўғри бўлганида бошқалар уларнинг эътиқодларини ўрганишидан севинган бўлардилар. Масалан, биз аҳли суннат ва жамоат ўлароқ бутун ер юзидаги инсонлар йиғилиб, бизнинг эътиқодимизни ўқишса, бунга фақат хурсанд бўламиз, бизнинг йўлимизга қарши курашиш ниятида китобларимизни йўқотиш пайида юрган одамларнинг қилмишларидан хафа бўламиз. Негаки, бизнинг фикрларимиз Аллоҳ таолонинг буйруқларига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига асосланган. Бинобарин, биз бу фикрларни яширишга эмас, аксинча, тарқатишга ҳаракат қиламиз.

Нусайрийларнинг фикрига кўра, ўн биринчи имом вафот этганидан кейин унинг ўғли Муҳаммад ибн Ҳасан Аскарий ўн иккинчи имом бўлган ва отасининг эшиги бўлган Абу Шуайб Муҳаммад ибн Нусайр унга ҳам эшиклик вазифасини бажарган. Шу тариқа, нусайрийлар имомийлардан ажралиб чиқиб, ўзлари алоҳида бир фирқага айланишган.

“Ал-ҳафт аш-шариф” китобида сир сақлаш тўғрисида шундай дейилган: “Эй Муфаззал, сенга кўп фазилат ато этилган ва ботиний илмни ўргангансан. Шундай экан, Аллоҳнинг сирини маҳкам сақла, уни мухлис валийдан бошқаларга кўрсатма. Агар бу сирни душманларимизга фош этсанг, ўз ўлимингга ўзинг йўл очган бўласан”[1]. Мазкур китобнинг муаллифи мусулмонларни нажас ва пасткашлар деб шундай деган: “Бу илм, Муфаззал, Аллоҳнинг сири ва Унинг хазинасида беркитилган илмдир. Буни махсус авлиёлардан бошқа ҳеч қайси банда билмайди. Аллоҳ таоло бу илмни нажас пасткашларга билдирмаслиги керак, деди ва қуйидаги оятларни ўқиди: “У ғайбни билади ва Ўз ғайбини Ўзи танлаб олган пайғамбарларидан бошқа ҳеч кимга билдирмайди” (Жин: 26-27)[2].

Иншааллоҳ, келгуси мақоламизда бу фирқанинг ўз ботил эътиқодларини ўргатиш борасида тутган йўллари ҳақида сўз юритамиз.

[1] “Ал-ҳафт аш-шариф” китоби, 102–бет.
[2] “Ал-ҳафт аш-шариф” китоби, 134–бет.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг