Қодиёнийлар: Қодиёний ва оиласининг инглизлар билан ҳамкорлиги

1

Мусулмонларга Британия тарафидан улкан мусибат ва фитналар келди. Бу фитналар оқибатида аксар мусулмон давлатлар, хусусан, Ҳиндистон ҳанузгача қийналиб келмоқда. Улар мусулмонларнинг бирлигини йўқотишди, кучларини синдиришди. Бунга эришиш учун ҳар бир мусулмон давлатдан шу халққа мансуб ва шу тилда гапирадиган хоинларни топиб, уларни қўллаб-қувватлади. Оқибатда бу хоинлар мусулмонлар учун ташқи душмандан кўра ҳам ёмонроқ душманга айланишди. Мусулмонлар ўртасида насронийликни тарқатиш билан бир қаторда бу хоинларга майдонни бўшатиш мақсадида минглаб олимлар ва зиёлилар қурбон қилинди. Буларнинг барчасини инглиз ҳукумати ўз мустамлака ўлкаларини абадий сақлаб қолиш ниятида қилган эди.

Ҳиндистонни мустамлака қилиб турган инглизлар худди шу мақсад йўлида ўзлари учун холис хизмат қиладиган бир шахсга муҳтож эдилар. Қодиёний эса бу ишга энг муносиб номзод эди. Негаки, у инглиз ҳукуматига итоат қилишни Аллоҳ ва Расулига итоат қилишдан ҳам устун деб биларди, ўз миллатини, халқини, энг асосийси ислом умматини сотишга шай эди. Қодиёний инглизлар сояси остида исломга ва мусулмонларга мисли кўрилмаган даражада зарар бергани ва мусулмонлар ўртасида ботил эътиқодни тарқатиб, кўплаб мусулмонларнинг диндан чиқишига сабабчи бўлгани учун бу мавзуни тилга олишга мажбур бўлдик. Акс ҳолда, бу каби пасткашлар қайси давлатга малайлик қилгани бизни асло қизиқтирмайди. Чунки нафси учун дини ва миллатидан воз кечганлар тарихда кўп ўчрайди.

Қодиёнийнинг инглизлар фойдасига ишлагани, уларнинг манфаати йўлида жонини ҳам фидо қилишга ҳозир бўлгани, уларни рози қилиш учун барча нарсага тайёр бўлгани, бу ҳукуматга қарши чиқмаслик кераклиги, балки уларга итоат қилиш шарт экани унинг бир неча китобларида очиқ айтилган. Шунингдек, инглиз ҳукумати ҳам Қодиёний ва унинг издошларига қўлидан келганича ёрдам қилган, уларга юқори мансаблар берган, Ҳиндистон ичида ҳам, хорижда ҳам уларга катта миқдорда моддий ёрдамлар кўрсатган. Ҳатто, бугунги кунимизгача бу фирқа ривожланиши учун инглизлар ёрдамларини аямасликлари билан бирга уларга зуғум қилинган ҳар қандай жойда уларни ўз ҳимоясига олиб келган. Негаки, бу фирқа ривожланиши инглизлар учун ҳозир ҳам, келгусида ҳам жуда қўл келади.

Ўзини пайғамбар деб даъво қилишдан уялмаган бу сурбет инглиз ҳукуматини қўллаб шундай дейди: “Мен умримнинг аксарида инглиз ҳукуматини қўллаб-қувватладим, уларга ёрдам бердим. Жиҳод қилиш мумкин эмаслиги ҳамда бошлиқларга (инглизларга) итоат этиш вожиблиги тўғрисида ёзган китобларим, эълон ва рисолаларим йиғилса, элликта китоб жавонни тўлдиради. Бу китобларимнинг барчасини араб диёрларида, Миср, Шом ҳамда Туркияда чоп эттирдим. Мусулмонлар бу ҳукуматга мухлис бўлишлари, уларнинг қалбларидан қонхўр Маҳдий ҳамда зинокор Масиҳ (яъни Исо алайҳиссалом)нинг ҳикоялари, шунингдек, уларнинг ичида жиҳод туйғусини пайдо қиладиган ва аҳмоқ қалбларни бузадиган ҳукмлар йўқолиб кетиши  доим менинг мақсадим бўлган”[1].

Қодиёний вилоят ҳокими ноибига ёзган мактубида шундай дейди: “Бугун олтмиш ёшдан ўтган бўлсам-да, ёшлигимдан буён тилим ва қаламим билан мусулмонларни инглиз ҳукуматига содиқ бўлишга, уларга насиҳат қилиб, юмшоқ муомалада бўлишга чақириш учун ҳамда баъзи жоҳиллар эътиқодидаги уларни бу ҳукуматга содиқ бўлишларига тўсқинлик қилаётган жиҳод фикрини йўқотиш учун курашиб келмоқдаман. Ўйлайманки, менинг ёзган асарларим юз минглаб мусулмонларнинг қалбига таъсир қилди, уларда ўзгариш пайдо қилди”[2].

Пайғамбарликни даъво қилган инсон бу каби гаплар билан ўзини шарманда қилганини кўрган ҳар қандай оқил киши унинг инглиз ҳукумати тарафидан бу ҳукуматни қўллаб-қувватлаш, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда шариатни инглизлар мусулмонларни мустамлака қилишига мослаштириб бериш учун юборилган шахс эканига ишонч ҳосил қилиши табиий. Инглизларга ўзи ва издошлари қилган хизматларини хотирлатган ҳолда шундай дейди: “Ҳукуматдан инглизлар эккан “кўчат” ва улар қилган эзгу иш бўлмиш бу оила (яъни Қодиёнийлар оиласи)га жиддий эътибор қаратилиши, уларга барча қулайликлар яратиб берилиши  ва эҳтиёжлари қондирилиши, шунингдек, ҳукуматдагиларга мен ва жамоатимдагиларга нисбатан алоҳида эҳтиром ва юксак эътибор билан муомала қилишни тавсия этишларини умид қиламиз”[3].

Уламолар Қодиёнийдан нақл қилган бундан бошқа ҳам бир неча урду, форс ҳамда араб тилларида ёзилган мактублар ҳам бор. Уларнинг барчаси Қодиёнийнинг ислом душманларига, хусусан, инглизлар фойдасига ишлаганини тасдиқлайди. Бунинг сабаби ойдек равшан: инглизлар Қодиёнийдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишган бўлса, Қодиёний ҳам улардан ўз манфаати йўлида фойдаланган. Чунки у бутун ислом оламида, хусусан Ҳиндистонда ўзининг ботил эътиқодини инглиз ҳукумати ёрдамида тарқатгани ҳеч кимга сир эмас.

Қодиёний инглизларга боғлангани сайин ислом оламидан узоқлаша бошлади, мусулмонлар нафратига гирифтор бўлди. Чунки у дин душманларига ёрдам бериш учун аҳли суннат ва жамоатга душман бўлишни қабул қилиши керак эди. Чиндан ҳам шундай бўлди: Қодиёний мусулмонлар мустамлакачиларга қарши бош кўтаришларини эсипастлик деб санар, уларни мустамлакачиларга қарши жиҳод қилишдан қайтариш учун қўлидан келган ҳийласини ишга солар, мусулмонлар ўртасида “жиҳод қилиш ҳаром” деган тушунчани ёйишга ҳаракат қилар эди. Эмишки, жиҳод олдин фарз бўлган, бироқ унга ваҳий келиши билан бу амал номақбул ишга айланган. Унинг фикрича бу ишни тарк қилиб, Аллоҳ итоат этишга буюрган ҳукуматга, яъни кофир инглиз ҳукуматига таслим бўлиш вожибдир.

Давоми бор

[1] “Шаҳодатул Қуръон” китоби, 3-бет.
“Қодиёний ва қодиёнийлар” китоби, 94 ва 95-бетлар.
[2] “Таблиғу рисолат” китоби (7\10).
[3] “Таблиғу рисолат” китоби (7\19-25).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion1 комментарий

  1. Assalomu alaykum! Bular kofirmi o’zini payg’ambar debti, jihodga qarshi ekan va shariyatning ba’zi nuqtalariga raddiya beripti. Shu bularning jamoasi kofir desa bo’ladimi yoki yo’qmi, shu haqida ham keyingi qisimda aytib o’tsangiz. Rahmat!

Изоҳ қолдиринг