Саҳобаларнинг илоҳий суннатлар тўғрисидаги тушунчаси (6)

0

Саҳобаларнинг илоҳий суннатлар тўғрисидаги тушунчаси

Дарҳақиқат, саҳоба розияллоҳу анҳумлар бу илоҳий суннатларга риоя қилишар, Аллоҳ бу суннатларни зикр қилиш ортидан нимани мақсад қилганини яхши билишар эди. Зотан, улар Қуръон нозил бўлиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оятларни тафсир қилишлари ва ундаги ибрат ва панд-насиҳатларни баён қилишлари, шунингдек, бу илоҳий суннатларнинг турли воқеа-ҳодисалар: ғалаба ва мағлубият, куч-қувват ва заифлик, қувонч ва ташвиш муносабати билан кундалик ҳаётларида татбиқ қилинишига тирик гувоҳ бўлган эдилар. Буларнинг бариси саҳобалар учун воқеа-ҳодисалар орқали амалий тарбия вазифасини бажарган эди. Қуръон қиссалари ўтмишни саҳобалар ҳаётининг бугуни ва эртаси билан боғлаган ҳолда нозил бўлди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Мусо ва Фиръавн қиссасини, Мусо ва унга эргашганларнинг нажот топиб, Фиръавн ва унинг издошларининг ҳалок бўлганини эшитар эканлар, оқибат тақводоларники экани, ғалаба мўминларга насиб қилиши, бироқ бунинг учун сабр лозим эканига ишонч ҳосил қилдилар.

Қуръони Карим саҳобаларга пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳиссалом, унинг қавми ва энг яқин кишиларидан кўрган озор-азиятлари ҳақида сўз юритар экан одамлар Аллоҳнинг халили бўлган бир пайғамбарни қадрига етмай уни ўтга улоқтирганини ҳикоя қилади. Иброҳим алайҳиссалом ўтга улоқтирилар экан, баногоҳ борлиқда жорий бўлиб келган қонун-қоида ишдан чиқади: олов куйдириш хусусиятини йўқотади! Олов бу хусусиятини йўқотибгина қолмай, балки салқинлик ва саломатлик манбаига айланади. Бу ўз ўрнида саҳобалар қалбини хотиржамлик, саломатлик, ҳидоят ва комил ишончга тўлдирдики, сабаб ва воситаларнинг яратувчи ва бошқариб турувчи Рабби бор экан, моддий имкониятлар торайиб қолгудек бўлса Аллоҳ уларга хоҳ моддий имкониятлар билан, хоҳ моддий имкониятларсиз, ҳатто бу имкониятларнинг зидди билан бўлсада ёрдам беришга қодир экан. Фақат бунинг учун улар Аллоҳнинг амрига итоат этишлари, шариатига риоя қилиб, динига ёрдам беришлари лозим.

Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу сабоқни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга воқеалар саҳнасида туриб таълим берган эдилар. Ғорга бекинган ва уларни кофирлар қуршаб олган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Сиддиқ олдида нажот учун бирон моддий сабаб-имконият йўқ, бир қарашда аниқ кофирлар қўлига тушган, кофирлар оёқ остларига эгилиб қарасалар уларни кўрган бўлур эдилар. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тарафидан берилган жавобда ҳеч бир тараддуд ёки заифлик йўқ эди: “Учинчиси Аллоҳ бўлган икки кишига ким зарар бера олади деб ўйлайсиз?!”.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар, Рафиқул аълога йўлиқдилар. У зот асҳобларини кечаси билан кундузи бирдек ёруғ бўлган ёрқин йўл устида қолдириб кетдилар. Уларга пайғамбарлар мероси бўлмиш илмни қолдирдилар. У шундай нурки, уни маҳкам тутган киши албатта ҳидоят топади. Тарихда саҳобаларнинг илоҳий суннатларни чуқур англаганларини кўрсатувчи сон-саноқсиз ҳолатлар бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган пайтда Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг тутган ўрни ана шундай ҳолатлардан биридир. Сиддиқ инсонлар умрининг маълум бир чеки борлиги, шахслар, жамоатлар ва халқлар ҳаётининг ёлғиз Аллоҳга аён бўлган интиҳоси борлиги, абадий ўлмайдиган зот ва комил ҳаёт соҳиби Аллоҳ экани ва бу суннат модомики осмонлар ва ер боқий экан азалий қадарий бир илоҳий суннат эканига  аниқ ишонар эди: “Ҳар бир жон ўлим (шарбати)ни тотувчидир” [Оли Имрон: 185]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган оғир дамларда Абу бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг собитқадамлиги фикримизнинг ёрқин далили ва алоҳида таҳсинга сазовор ҳолатдир.

Изоҳ қолдиринг