“Исроил” деб исм қўйиш жоизми?

0

Савол:

 “Исроил” деб исм қўйиш жоизми? Шу исм ҳақида батафсил тушунча берсангиз, унинг маъноси, келиб чиқиши ва ҳоказолар хақида.

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

“Исроил” сўзи бир-бирига киришиб кетган маънавий, тарихий, ақидавий ва ирқий бир қанча тушунчаларни ифода этади. Бироқ бу сўз ҳақида қатъий айтишимиз мумкин бўлган маълумот шуки, “Исроил” Яъқуб алайҳиссаломнинг исмидир. Бу исм Қуръони Каримнинг икки жойида зикр қилинган:

  1. Таврот нозил қилинишидан олдин Исроил (яъни Яъқуб хасталиги сабаб) ўзига ҳаром қилган таомлардан ташқари барча (покиза) таомлар Бани Исроил қавмига ҳалол эди. (Эй Муҳаммад): “Агар ростгўй бўлсангизлар Тавротни келтириб ўқиб кўринглар”, деб айтинг” [Оли Имрон: 93].

  2. Ана ўшалар Одам зурриётидан, Биз Нуҳ билан бирга (кемага) миндирган кишилардан, Иброҳим ва Исроил зурриётидан, Биз уларни (иймонга) ҳидоят қилган ва (пайғамбарлик учун) саралаб олган кишилардан бўлмиш пайғамбарлардан иборат Аллоҳ инъом этган кишилардир. Агар уларга Раҳмоннинг оятлари тиловат қилинса (хокисорликдан) саждага йиқиладилар ва (Аллоҳдан қўрқиб) йиғлайдилар” [Марям: 58].

Тарих ва сийрат китоблари Исроил деб исм қўйилган бир гуруҳ машҳур мусулмонларни тилга олган. Шуларнинг ичидаги энг машҳури ишончли муҳаддис ҳофизлардан бири, “олти ҳадис китоблари” ровийларидан бири Исроил ибн Юнус ибн Исҳоқ Сабеийдир. У зотнинг таржимаи ҳолини Заҳабий “Сияри аъломин нубало” асарида (7/355) зикр қилган.

Аслини олганда мусулмон киши бу исм билан исмланиши жоиз. Негаки, Исроил исми энг улуғ пайғамбарлардан бири Яъқуб алайҳиссаломнинг исмидир. Бироқ замондош уламолар араб ўлкаларида болага бундай исм қўймасликни тавсия қиладилар. Чунки бу исм бугунги кунда биринчи навбатда мусулмонлар душмани сионист-яҳудийлар ва уларнинг давлатини эслатади. Омма мусулмонлар унинг асл маъноси ва унинг улуғ бир пайғамбар исми эканини қарийб билмайдилар. Шунга қарамасдан бу исм бизнинг диёрларда кенг тарқалган исмлардан саналиб, одамлар унга салбий муносабат билдирмайдилар. Демак, баъзи исмлар (шу жумладан Исроил исми) билан исмланиш ёки исмланмаслик замон ва макон, шунингдек, тилга қараб ўзгаради.

Исроил сўзининг маъносига келсак, бу сўз аслида ибронийча бўлиб, “иср” – банда, “ийл” – Аллоҳ маъноларини англатади. Бинобарин, Исроил сўзининг маъноси арабча Абдуллоҳ (яъни “Аллоҳнинг бандаси”) сўзи билан бир хил, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг