Умар розияллоҳу анҳу: Сиддиқ халифалиги даврида (2)

0

Умар розияллоҳу анҳу Муоз ибн Жабал Ямандан қайтганида

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ғоят қўли очиқ ва саховатли киши эди. Қўлида мол турмас, топганини яхшилик йўлларида сарф қилиб юборар эди. Қўли очиқлигидан анча-мунча одамдан қарз бўлиб қолди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, ҳақдорларидан фурсат олиб беришларини сўради. Бироқ ҳақдорлар фурсат беришга кўнишмади. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бор мол-мулкини соттириб, қарзига бердирдилар ва Муоз ҳеч вақосиз қолди. Сўнг Макка фатҳи йили Муозни Яманга юборарканлар, унинг кемтигини тўлдиришни истаб, унга ҳадялар берилса қабул қилишига рухсат бердилар. Муоз Ямандан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларидан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифалиги даврида қайтиб келди. У анчагина мол билан қайтган эди. Умар Абу Бакрга: “Сиз бу одамни чақиртириб, тирикчилигига етарли молини қолдириб, қолганини олиб қўйинг”, деди. Абу Бакр: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни баъзи кемтикларини тўлдириб олиши учун юборганлар. Мен ундан фақат ўзи берган нарсани оламан, холос”, деди. Сўнг Умар Абу Бакрни кўндиролмагач, Муознинг ўзига ҳам шу гапини айтди. Муоз кўнмади ва: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга камимни тўлдириб олишимга рухсат берганлар”, деди. Эртаси куни Муоз Умар ҳузурига келиб: “Мен сизнинг таклифингизга розиман, сиз айтгандек қилишга қарор қилдим. Сабаби, бугун тушимда катта денгизга чўкиб кетаётган эканман, сиз мени қутқариб қолибсиз”, деди. Сўнг Муоз Абу Бакр Сиддиқ ҳузурига бориб, ортиқча молини ундан қабул қилиб олишини сўради. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен сиздан ҳеч нарса олмайман, барча молингиз ўзингизга ҳадя”, деди. Умар: “Ана энди ҳалол-пок бўлди”, деди[1].

Шубҳасиз, агар Муоз бу молларни ношаръий йўллар билан қўлга киритган бўлганида, Абу Бакр унинг барча молини олиб қўйиб, тарқатиб юборган бўлар эди. Умар розияллоҳу анҳу ҳам Муозга ҳасад қилганидан бундай йўл тутмади. Умар ўзи мол-дунёни дўст тутмагани учун ўзига яхши кўрган ҳолатни биродарига ҳам истаётган эди, холос[2].

Умарнинг Абу Муслим Хавлоний борасидаги фаросати

Умар розияллоҳу анҳу камдан-кам кишиларга насиб бўладиган нодир фаросат соҳиби эди. Имом Заҳабий шундай ривоят қилади: Абу Муслим Хавлоний тобеинлар саййидидир. Тўғрироқ қавлга кўра, исми Абдуллоҳ ибн Сувабдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида мусулмон бўлган, бироқ у зот билан кўришиш насиб бўлмаган, Абу Бакр халифалиги давридагина Мадинага келган. Яманда Асвад Анасий исмли кимса пайғамбарлик даъвоси билан чиқди. У Абу Муслим Хавлонийни ҳузурига чорлади. Абу Муслим унинг пайғамбарлигини тан олмагач, улкан гулхан ёқтириб, уни ўша гулханга ташлади. Олов унга зарар етказмади ва у гулхан ичидан саломат чиқиб келди… Шундан сўнг атрофидагилар Асвад Анасийга: “Сен уни сургун қил, у бу ерда қолса, сенга эргашганларни айнитади”, деб маслаҳат беришди. У Абу Муслимга диёридан чиқиб кетишни буюрди. Абу Муслим Хавлоний Мадинага келди. Туясини чўктириб, масжидга кириб келганида Умар уни кўриб, қаердан келганини сўради. У Ямандан келганини айтгач: “Анави каззоб ўтга ташлаган киши нима қилди?”, деб сўради. “У Абдуллоҳ ибн Суваб эди”, деб жавоб берди. Шунда Умар: “Аллоҳни ўртага қўйиб сўрайман, ўша одам сенсан, шундайми?”, деб сўради. У: “Ҳа, шундай”, деди. Умар уни қучоқлаб, йиғлади. Сўнг етаклаб, Абу Бакр ҳузурига олиб борди ва ўзи билан Абу Бакрнинг ўртасига ўтқизди. У: “Кўзим очиқлигида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммати ичидан Иброҳим Халилдек ўтга ташланиб, саломат чиққан кишини кўрсатган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, деди[3].

Абон ибн Саидни Баҳрайнга амир қилиш ҳақидаги фикри

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Баҳрайнга волий юбориш олдидан саҳобалар билан маслаҳатлашганида Усмон: “Уларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дастлаб юборган ва у зотга уларнинг мусулмонликлари хабарини келтирган кишини волий қилиб юборинг. Улар уни яхши билишади, у ҳам уларни ва уларнинг диёрини яхши билади” деб, Ало ибн Ҳазрамийни тавсия қилди[4]. Умар бу фикрга қўшилмади ва: “Абон ибн Саид ибн Осни мажбурлаб юборинг, у улар билан илгаридан иттифоқчи бўлган”, деди. Абу Бакр Абонни мажбур қилишга рози бўлмади ва: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг ҳеч кимга амалдор бўлмайман, деб айтган кишини мен мажбур қилолмайман”, деди. Шундан сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу Алони Баҳрайнга волий қилиб юборди.[5]

Умарнинг муртадларга қарши урушда ўлган мусулмонлар учун хун пули олинмаслиги ҳақидаги фикри

Асад ва Ғатафондан иборат Бузоха элчилари Абу Бакр ҳузурига сулҳ сўраб келишганида у уларга бор будларидан маҳрум қилувчи уруш билан шармандали сулҳ ўртасини танлаш ихтиёрини берди. Улар: “Бор будимиздан маҳрум қилувчи урушни тушундик, шармандали сулҳ қандай бўлади?”, деб сўрадилар. “Қурол-яроқларингиз ва от-уловларингиз тортиб олинади. Сизлардан қўлга киритган нарсаларимиз бизга ўлжа бўлади, биздан қўлга киритган нарсаларингизни қайтариб берасизлар. Биздан ўлдирилган кишилар учун хун пули тўлайсизлар, сизлардан ўлдирилганлар дўзахга кетади (муртад бўлиб ўлишгани учун уларга хун пули тўланмайди). Сизлар то Аллоҳ Ўз пайғамбарининг халифасига ва муҳожирларга сизларни маъзур қиладиган ишни кўрсатмагунича туяларнинг думларига эргашиб (яъни туя боқиб) юрадиган қавм бўлиб қоласизлар”, деб жавоб берди. Сўнгра Абу Бакр Сиддиқ уларга айтган гапларини (саҳобаларга) айтганида Умар ибн Хаттоб ўрнидан туриб, шундай деди: “Менда бир фикр бор, шуни маслаҳат тариқасида айтаман. Маҳрум қилувчи уруш билан шармандали сулҳ ҳақида айтган гапингиз жуда яхши гап бўлибди. Улардан олган нарсаларимиз бизга ўлжа бўлиб қолиши ва улар биздан олган нарсаларини қайтаришлари ҳақидаги гапингиз ҳам жуда яхши гап бўлибди. Энди биздан ўлдирилганларга хун пули беришлари, уларнинг ўлганлари дўзахда бўлиши ҳақидаги гапингизга келсак, биздан ўлганлар жанг қилиб, Аллоҳнинг амри устида ўлдирилдилар, уларнинг ажрлари Аллоҳнинг зиммасида, улар учун хун пули олинмайди”, деди. Қавм Умарнинг гапига эргашди[6].

Сиддиқ Ақраъ ва Уяйнага ер бўлиб берганига Умарнинг эътирози

Уяйна ибн Ҳисн билан Ақраъ ибн Ҳобис Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳузурига келиб: “Эй Расулуллоҳнинг халифаси, бизнинг ёнимизда на гиёҳ ўсадиган ва на фойда келтирадиган шўрхок ер бор. Хўп десангиз, шу ерни бизга бўлиб беринг, биз экин-тикин экайлик. Шояд, бугундан бошлаб Аллоҳ шу ерни фойдали қилса”, дедилар. Абу Бакр ёнидагилардан: “Буларнинг гапига нима дейсизлар, фойдаланилмай ётган шўрхок ер бўлса?”, деб сўраган эди, улар: “Икковига бўлиб беришингизни маслаҳат берамиз, шояд Аллоҳ ўша ерни фойда келтирадиган ерга айлантирса”, дедилар. Шу билан ўша ерни у иккисига ажратиб берди ва бу ҳақда васиқа битиб, унга Умарни гувоҳ сифатида ёзди. Умар бу ерда йўқ эди. Иккови Умарни гувоҳ қилиш учун унинг ҳузурига боришди. Умар туясини қатрон билан дорилаётган экан. Улар: “Абу Бакр сизни мана бу ёзувга гувоҳ қилди. Биз ўқиб берайликми, ўзингиз ўқийсизми?”, дейишди.  “Менинг қандай аҳволда эканимни кўриб турибсизлар. Хоҳласанглар ўқийверинглар, хоҳласанглар бўшагунимча кутиб туринглар”, деди Умар. Улар: “Майли, биз ўқий қоламиз”, деб, васиқани ўқиб бердилар. Умар унда ёзилган гапларни эшитгач, васиқани уларнинг қўлидан олди ва туфлаб, ўчириб юборди. Улар бундан норози бўлиб, ёмон гаплар айтишди. Умар уларга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизларнинг қалбингизни ошно қилиш учун мол-мулк берардилар, у даврда ислом заиф эди. Эндиликда Аллоҳ исломни азиз қилди. Боринглар, ишларингни қилинглар!”, деди. Улар Абу Бакр ҳузурига шикоят қилиб боришди. Унга: “Аллоҳга қасамки, сиз халифамисиз, Умарми, билмай қолдик!”, дейишди. Абу Бакр: “Йўқ, у халифа, агар истаса!”, деди. Кейин Умар жаҳл билан юриб келиб, Абу Бакр олдида тўхтади. Сўнг: “Айтинг-чи, сиз бу иккаласига ажратиб берган ер ўзингизнинг хос ерингизми, мусулмонларнинг ерими?!”, деб сўради. “Умумий мусулмонлар ери”, деб жавоб берди Абу Бакр. “Нега унда бошқа мусулмонлар четда қолиб, бу иккаласига хослаб бердингиз?”, деди. “Манави атрофимдагилардан маслаҳат сўраган эдим, бераверинг, деб маслаҳат беришди”, деди. “Атрофингиздаги шу кишиларнинг маслаҳати барча мусулмонларнинг маслаҳатлари ва розиликлари учун етарлими?!”, деди. Шунда Абу Бакр: “Мен сизга айтган эдим, мендан кўра сиз бу ишга яроқлироқсиз деб, лекин менга қулоқ солмадингиз”, деди[7].

Ушбу воқеа рошид халифалар даврида исломий давлат ҳукми шўро асосига қурилган эканига яққол мисол бўлади. Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси катта-кичик барча ишларда мусулмонлар билан маслаҳаташишга ҳарис бўлгани, ҳеч бир ишга асҳобларининг маслаҳатисиз қарор бермагани ва керак бўлса ўз фикридан қайтиб, бошқалар фикрини олгани маълум бўлади. Бу эса шўронинг Аллоҳ таолонинг амру фармонларига ва ҳалол-ҳаромга тўла риоя қилувчи ҳақиқий кўриниши бўлиб, у олий кенгашлар мажлисларида халққа зулму истибдод ва меҳнат-машаққатдан бошқа нарса олиб келмайдиган қонунлар ишлаб чиқувчи ва қарорлар қабул қилувчи сохта кенгашлардан тамомила фарқ қиларди[8].

 

[1] “Мусаннаф Абдураззоқ” (8/269). “Ал-истийъоб” (3/338).
[2] “Рижол ҳавлар расул: Муоз ибн Жабал”.
[3] Заҳабий, “Сияру аъломин нубало” (4/8, 9). “Асҳобур расул” (1/137).
[4] “Канзул уммол” (5/620, 14093).
[5]Ибн Саъд, “Табақот” (5/12).  Абдуллоҳ Кийлоний, “Ал-қуюдул ворида ала султатид давла” (169-бет).
[6] “Найлул автор” (8/22).  “Ахбору Умар” (362-бет).
[7] “Канзул уммол” (2/189). “Маҳзус савоб фий фазоили Умар” (1/262).
[8] Жамол Абдулҳодий, “Истихлоф Абу Бакр Сиддиқ” (166-167 бетлар).

Изоҳ қолдиринг