Аббосийлар давлати: Мансур хилофати давридаги фатҳлар

1

Умавийлар давлатида халифа Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ ҳукмронлигининг охирги даврларига келиб кенг кўламдаги фатҳлар тўхтаб қолган, бироқ исломий халифалик билан Рум диёрлари ўртасида уруш ҳаракатлари давом этиб турарди. Рум давлати гарчи Шом диёрларида, шимолий Африкада, Андалусда ҳукмронликни қўлдан бой берган, шунингдек Онадўлининг шарқий қисмларидан ҳам суриб чиқарилган бўлса-да, ҳали ҳануз куч-қудратли давлат сифатида қад ростлаб турарди. Бу ҳолат Ҳишом ибн Абдулмалик даврида ҳам давом этди. Кейин умавийлар ўзлари билан ўзлари овора бўлиб қолдилар, давлатлари заифлашди ва фатҳ ҳаракатлари бутунлай тўхтаб қолди.

Аббосийлар давлати янги қад ростлаган пайтларида улар дастлаб давлат устунларини мустаҳкамлаш билан овора бўлдилар. Абул Аббос Саффоҳ бошқарув тўла назорат остига олинганига ишонч ҳосил қилганидан сўнг Рум диёрларига аскарлар юборди. У бу билан ғазавотлар янгидан бошланганини ва мусулмонлар қўлига куч-қудрат қайтиб келганини кўрсатиб қўйиш истагида эди. Қолаверса бу билан халифалик давлатининг ўзи билан ўзи овора бўлиб қолганидан фойдаланиб, унинг баъзи чегара минтақаларига ҳужумлар уюштирган Рум подшоҳини тийиб қўйишни истарди. Халифалик тахтига Абу Жаъфар Мансур ўтиргач, дастлабки даврларида амакиси Абдуллоҳ ибн Али, кейин Абу Муслим Хуросоний ва бошқалар билан боғлиқ ҳодисалар билан овора бўлди. Рум подшоҳи Константин шу фурсатдан фойдаланиб Малатияга бостириб келиб, шаҳар деворларини вайрон қилди. Халифа Мансур ички низолар ва қўзғолонлардан хотиржам бўлиб, ҳукм тизгинини қўлга олганидан тақрибан бир йил кейин амакиси Солиҳ ибн Али бошчилигида қўшин юбориб, Малатияни қайтариб олди. Ундан кейин Ҳадас[1] йўли орқали юриш қилиб, Румнинг ичкариларига кириб борди. Ўша йили Мансур айрим мусулмон асирларни қутқариб олди. Шу билан Рум диёрларига қарши урушлар тўхтовсиз давом этиб турди. Бу урушлар ичида энг машҳурлари қуйидагилардир:

Жаъфар ибн Ҳанзала Баҳроний юриши (ҳижрий 146 йил);

Мансурнинг жияни Аббос ибн Муҳаммад бошчилигида Рум ўлкаларига анча ичкари кириб борган юриш (ҳижрий 149 йил), бу қўшинда Ҳусайн ибн Қаҳтаба ва Муҳаммад ибн Ашъас ҳам бўлиб, у йўлда вафот этди;

Абдулваҳҳоб ибн Иброҳим ибн Муҳаммад (Мансурнинг жияни) бошчилигидаги уруш (ҳижрий 151 йил);

Маъюф ибн Яҳё Ҳажурий бошчилигидаги юриш (ҳижрий 153 йил), мусулмонлар бу урушда жуда кўп ўлжаларга эришдилар, олти мингта асир олдилар;

Зуфар ибн Осим Ҳилолий бошчилигидаги юриш (ҳижрий 154 йил);

Язид ибн Усайд Суламий бошчилигидаги юриш (ҳижрий 155 йил).

Рум диёрларига урушлар давом этиб турган ўша даврда Абу Жаъфар Мансур мусулмонлар риботда туришлари ва ўша ердан урушларга отланишлари учун суғурлар (чегара минтақалари) бино қилишга ҳам аҳамият қаратди. Мисол учун, Масиса минтақаси ҳижрий 141 йили Жибрил ибн Яҳё Хуросоний томонидан барпо этилди.

Шарқий жабҳада эса Абу Жаъфар Мансур ўз ўғли Маҳдий бошчилигида Табаристонга қўшин юборди. У Табаристонни жанг билан олди ва у ерга ҳижрий 141 йили кириб борди. Бироқ Табаристон ҳокими бир йилдан сўнг аҳдини бузди ва бир қанча мусулмонларни қатл қилди. Шундан сўнг улар устига Хозим ибн Хузайма бошчилигида қудратли қўшин юборилди. Улар мустаҳкам қалъаларга ўрнашиб олгандилар, улар устига бостириб кириш мусулмонлар учун оғир кечди, шундан сўнг улар шаҳарни ҳийла билан қўлга олдилар.

Дайлам аҳли ҳижрий 143 йили бир қанча мусулмонларни қатл қилди. Шундан сўнг Мансур улар устига қўшин юборди.

Ҳижрий 145 йили Бобул-абвобда[2] турк ва хазарлар бош кўтариб чиқишди ва Армениядаги  мусулмонлардан бир жамоасини ўлдиришди. Шундан сўнг мусулмонлар улар устига қўшин тортиб бориб, таъзирларини бериб қўйдилар.

Аштархон Хоразмий турк қўшинларига бош бўлиб Арменияга ҳужум қилди, Тифлисга бостириб кириб, кўпсонли мусулмонларни ва аҳли зиммаларни ўлдирди ва кўпларини асирга олди. Унга қарши Мансур Ҳарб ибн Абдуллоҳ Ровандий бошчилигида қўшин юборди, у жанглардан бирида ўлдирилди. Бу ҳижрий 147 йилда бўлганди. Шундан сўнг Ҳумайд ибн Қаҳтаба зудлик билан Тифлисга юриш қилди, бироқ у етиб келганида турклар аллақачон қайтиб кетишганди.

Шунингдек, ҳижрий 157 йили Кашмир фатҳ қилинди, унга Ҳишом ибн Амр Тағлубий волий қилинди.

[1] Ҳадас – Малатия ғарбидаги минтақа.
[2] Бобул-абвоб – Доғистон диёрида, Хазар денгизи бўйларида Кавказ тоғларига яқин шаҳар номи, ҳозирда Дербент деб аталади.

Discussion1 dona sharh

  1. Аллоҳга Кайтейлик

    Ассаламу Алейкум ва Рохматуллох ва Барокатуху Биродар, Устоз Шайх Соддиқ Самақандий тинчми? Сог Саломатми? атровдаги Ахли Тавхидга Ассаламу алейкум Етказинг.

Изоҳ қолдиринг