Азоннинг ҳукми

0

Азоннинг ҳукми

Баъзи уламоларнинг фикрича, азон суннати муаккада бўлса, бошқа бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, азон вожибдир. Учинчи бир гуруҳ уламолар азонни фарзи кифоя дейдилар. Шу фикр рожиҳ бўлиб, уни шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ рожиҳ деб билган[1]. Шайхулисломнинг фикрича, бу борадаги уламолар ўртасидаги ихтилоф шаклий ихтилофдир. Чунки азонни суннат деган уламоларнинг айтишича, бирон шаҳар аҳолиси азон айтмасликка иттифоқ қилсалар, уларга қарши жанг қилинади. Азоннинг вожиб эканига жумладан қуйидагилар далолат қилади:

(1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратнинг аввалидан то вафот қилгунларига қадар азон айтишга амал қилдилар, у зотнинг бирон марта ҳам азонни тарк қилганлари маълум эмас.

(2) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳуга шундай дейдилар: “Намоз вақти кирса, сизлардан бирингиз азон айтсин[2]. Мазкур ҳадисда ҳам азоннинг вожиб эканига далил бор, чунки унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини азон айтишга буюрдилар. Маълумки, асл қоида ўлароқ бирон ишга буюриш унинг вожиб эканини билдиради.

Шунингдек, ушбу ҳадис беш вақт намозлардан ҳар бири учун азон айтиш фарзи кифоя эканига, намоз вақти киришидан олдин айтилган азон инобатга олинмаслигига, намоз вақти киргач қайтадан азон айтиш лозимлигига ҳам далолат қилади.

(3) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Билол азон (сўзлари)ни жуфт қилиб, иқоматни эса тоқ айтишга буюрилди[3]. Ҳадисда азон айтишга буйруқ бор, юқорида айтиб ўтганимиздек, бу унинг вожиблигини ифода этади.

(4) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизлар билан бирон қавмга қарши жанг қилиш учун борсалар, то тонг вақти кириб, (азон овози эшитилиш ёки эшитилмаслигини) текширмагунларича жангга кирмас эдилар. Агар у зот азон товушини эшитсалар, у қавмга қарши жанг қилмас, агар азон товушини эшитмасалар, уларга ҳужум қилар эдилар[4].

Ибн Абдулбар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Умумий тарзда бирон шаҳар аҳолисига азоннинг вожиб эканида (уламолар ўртасида) ихтилоф борлигини билмайман. Негаки, азон ислом диёри билан куфр диёри ўртасини ажратувчи аломатдир[5].

Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Кимда ким азон суннат, уни тарк қилганлар гуноҳкор бўлмайди деб ўйласа, хато қилади[6].

Мусофирларнинг азон айтиши:

Муқим кишилар азон айтишганидек, мусофирлар ҳам азон айтадилар. Бунга юқорида ўтган Молик ибн Ҳувайрисдан ривоят қилинган ҳадис далил бўлади. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусофир бўлган асҳобларини азон айтишга буюрдилар.

[1] Қаранг: “Мажмуул фатово” (22/64). Шунингдек, бу фикрни шайх Албоний ҳам “Тамомул минна фит-таълиқи ало фиқҳис-сунна” (144-бет) китобида рожиҳ деб билган.
[2] Бухорий (628), Муслим (674), Абу Довуд (589), Термизий (205), Насоий (2/8) ва Ибн Можа (979) ривоят қилишган.
[3] Бухорий (605), Муслим (378), Абу Довуд (508), Насоий (2/3) ва Ибн Можа (729) ривоят қилишган.
[4] Бухорий (610), Муслим (382), Термизий (1618) ва Аҳмад (3/159) ривоят қилишган.
[5] Қуртубийдан нақл қилинди (6/225).
[6] “Мажмуул фатово” (22/64).

Изоҳ қолдиринг