Мўътазилийларнинг беш асоси (2)

0

Иккинчи асос: адолат

Қози Абдулжаббор адолатнинг маъноси ва адолат мавзусини тавҳид мавзусидан сўнг келтирганининг сабабини айтиб шундай дейди: “Беш асоснинг иккинчисига, яъни адолатга келадиган бўлсак, бу мавзу Қадим (улар Аллоҳ таолони шундай деб аташади) зотнинг ишларига, қилиши жоиз ва ножоиз бўлган ишларга тегишли. Шунинг учун бу мавзуни тавҳид мавзусидан кейин келтиришни вожиб деб билдик”[1].

Биз бу ўринда мўътазилийлар адолат сўзидан нимани назарда тутишларини қисқача баён қилиб ўтамиз. Улар Аллоҳ таолонинг барча ишлари гўзал эканига таянган ҳолда, ножўя ишларни Аллоҳ таолога нисбат бериш мумкин эмас, деб билишади. Бинобарин, бандалар тарафидан содир этилган қабиҳ ишларни Аллоҳ таоло яратган бўлиши мумкин эмас дейишади ва ўзларининг бу фикрларига “Аллоҳ таоло фасодни суймайди” (Бақара: 205) ҳамда “Аллоҳ бандаларга зулмни раво кўрмайди” (Ғофир: 31) оятларини далил қилишади.

Бу ботил тушунча ҳақида Қози Абдулжаббор “Шарҳул усулул хамса” китобида шундай дейди: “Бандаларнинг ишлари (Аллоҳ тарафидан) яратилган эмас. Уларнинг ўзлари ўз ишларини пайдо қилишади”[2]. “Ал-муғний фий абвобил адли ват тавҳид” китобида “Махлуқ ҳақида” номли мавзуси остида эса шундай дейди: “Адолатга ишонганлар шунга иттифоқ қилишганки, бандаларнинг тасарруфлари, ўтириш ва туришлари, хуллас, барча ишлари ўзлари тарафидан яратилган, Аллоҳ таоло уларга шу ишни қилишга қудрат ато этган. Бу ишларни бажариш ва вужудга келтиришга ўзларидан бошқа ҳеч кимнинг дахли йўқ. Ким бу ишларни Аллоҳ таоло яратган ва пайдо қилган деса, қаттиқ адашибди”[3].

Хулоса шуки, барча муътазилийлар бир овоздан Аллоҳ таоло бандаларнинг ишларини яратмаслигини ва бандалар ўз ишларини ўзлари яратишларини таъкидлашган. Шу билан бирга, улар Аллоҳ таоло банданинг қилган амалларини билиб туришига, бу ишларни бажариш ё улардан тийилиш учун уларга куч-қувват беришига иймон келтиришади. Бу борада уларнинг бир неча шубҳалари бор. Қуйида шу шубҳаларни жавоби билан бирга келтириб ўтамиз.

Шубҳалар

Биринчи шубҳа: бандаларнинг ишини Аллоҳ таоло яратган эканини тасдиқлаш Аллоҳ таолога зулмни нисбат бериш демакдир. Аллоҳ таоло эса зулмдан пок зот.

Раддия

Аллоҳ таоло зулм қилмаслиги, бу қабиҳ ишдан пок эканида аҳли суннат ва жамоат билан мўътазилийлар ўртасида хилоф йўқ. Бироқ биз билан мўътазилийлар ўртасида хилоф зулмнинг моҳияти тўғрисида, яъни (мўътазилийлар айтганидек) Аллоҳ таоло зулм амалини вужудга келтиргани учун золим дейиладими ёки (аҳли суннат ва жамоат эътиқод қилгани каби) бу амални Аллоҳ таоло унинг ортидан келиб чиқадиган маълум бир ҳикматлар сабабли яратган ва бу амални бажарганлар золим бўлиб, улар бу амални бажаришгани учун Аллоҳ таоло золим деб сифатланиши ноўринми? Бу саволнинг жавоби қуйидагича:

Зулм – ноўрин иш қилиш, бировнинг гуноҳини бировга юклаш, солиҳларнинг яхши амаллари мукофотини тўлиқ бермаслик демакдир. Мана шу ҳақиқий зулм ва Аллоҳ таоло бу қабиҳ ишдан покдир.

Бандаларни ҳам, уларнинг қилаётган ишларини ҳам, барчасини Аллоҳ таоло яратган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Аллоҳ барча нарсанинг яратувчисидир” (Раъд: 16) ҳамда “Аллоҳ сизларни ҳам, қилаётган ишларингизни ҳам яратган”, деган (Соффат: 96). Бандаларнинг ишларини ҳам Аллоҳ таоло яратган экани улар бажарган барча ишни Аллоҳ таолога нисбат беришни тақозо этмайди. Аллоҳ таоло бандалар ишини яратган экани бу ишларни улар бажарганига зид келмайди. Аллоҳ таоло бандани бу ишларга қодир қилгани банда қилган барча иш Аллоҳга нисбат берилади, дегани эмас. Шунинг учун Умар розияллоҳу анҳу Аллоҳнинг тақдири билан ўғрилик қилганини айтиб ўзини оқлаган ўғрига: “Биз ҳам Аллоҳнинг тақдири билан қўлингни кесамиз”, деб жавоб берган[4]. Яъни, Аллоҳ таоло бизга бир ножўя ишни қилишимизга куч-қувват бериши ва шу ишни бажаришимизни хоҳлаши бизни гуноҳдан хориж қилмайди. Айни вақтда шу иш Аллоҳ таоло тарафидан бажарилган, деб ҳам айтилмайди. Биздан Аллоҳнинг тақдирини ўрганиб, шунга мос амал қилиш эмас, балки Аллоҳ хоҳлаган ишларни бажариш, Аллоҳ хоҳламаган ишлардан эса тийилиш талаб қилинган.

Аллоҳ таоло зулм сифатини яратган, бу сифатни ўзида касб этган инсон золим бўлади. Аллоҳ таоло ёлғончилик сифатини яратган, бу сифатни ўзида касб этган инсон ёлғончи дейилади. Худди шундай, Аллоҳ таоло тоат-ибодатни ҳам яратган, бу ишларни бажарган инсон обид бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Агар Аллоҳ таоло осмону ердагиларни азобласа, уларга зулм қилмаган ҳолида азоблайди[5] деган ҳадислари ҳам айнан шу маънони ифодалайди.

Иккинчи шубҳа: “Раҳмоннинг яратганида ҳеч бир тафовут кўрмассан” (Мулк: 3) оятидаги тафовутни Аллоҳ таоло бандаларига берган ҳикмати ва ҳидоятидаги тафовут деб тафсир қилишган. Бу ҳақда Қози Абдулжаббор шундай дейди: “Аллоҳ таоло яратган нарсаларида тафовут йўқ эканини айтди. Буни икки хил тушуниш мумкин: яратилганлар ичида хилқатда тафовут йўқ ёки Аллоҳ тарафидан берилган ҳидоят жиҳатидан тафовут йўқ.  Оятдаги тафовутдан хилқатдаги тафовут назарда тутилган бўлиши мумкин эмас. Сабаби, борлиқдаги мавжудотлар бир-биридан тафовутли экани ҳаммага аён. Демак, биз айтганимиздек, ҳидоят борасида тафовут йўқлиги назарда тутилгани тайин бўлади. Шундай экан, бандаларнинг ишлари Аллоҳ таоло тарафидан бўлиши мумкин эмас. Чунки бу тафовут ва ундан бошқа ишларни ўз ичига олади”[6].

Раддия

Мўътазилийлар мазкур оятдаги тафовут сўзини нотўғри тафсир қилишди. Улар тафовутни хилма-хиллик деб тушунишди. Шунинг учун борлиқда хилқат жиҳатидан хилма-хиллик йўқ эканига таянган ҳолда, оятни Аллоҳ таоло тарафидан ато этиладиган ҳидоятдаги хилма-хиллик деб тушунишди. Аслида эса, оятдаги тафовут сўзининг маъноси номутаносибликдир, яъни Аллоҳ таоло яратган бу борлиқдаги барча нарса бир-бирга мос ва муносиб, ҳеч нарса ортиқча ёхуд номутаносиб эмас.

Давоми бор

[1] “Шарҳул усулул хамса” китоби, 301-бет.
[2] “Шарҳул усулул хамса” китоби, 323-бет.
[3] “Ал-муғний” китоби, (8\3).
[4] “Шарҳут таҳовия”, 94-бет
[5] Абу Довуд (5\75), Ибн Можа (1\30) ҳамда Аҳмад (5\185) ривояти).
[6] “Шарҳул усулул хамса” китоби, 355-бет.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг