Қорамолдан бериладиган закот

0

Қорамолдан бериладиган закот

Қорамоллар сони ўттизтага етиб, тўлиқ бир йил ўтмагунча улардан закот берилмайди. Бу ўринда уларнинг барчаси урғочи ёки эркак бўлиши, шунингдек, урғочи-эркак аралаш бўлишининг аҳамияти йўқ. Жумҳур уламоларнинг фикрича, агар қорамоллар сони ўттизтага етса, битта эркак ёки урғочи “табеъ” (бир ёшли бузоқ), агар қирқтага етса, битта урғочи “мусиннаҳ” (икки ёшли бузоқ) берилади[1].

Уламолар закот фарз бўлиши учун қорамолларнинг яйловда боқилиши шарт ёки шарт эмаслигида ихтилоф қилганлар. Биз буни жорий боб аввалида баён қилган эдик[2].

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Туядан фарқли ўлароқ, қорамоллар закотида белгиланган ёшдаги бузоқ топилмаса, ўрнига ундан ёшроқ бузоқ бериб, камини дирҳам ёки қўй билан тўлдирилмайди. Шунга биноан, инсонда белгиланган ёшдаги бузоқ бўлмай, балки ундан ёшроғи бўлса, у ҳолда қаердан бўлмасин талаб қилинган ёшли бузоқни топиб келиши ёки рози бўлса ўрнига каттароқ ёшли бузоқни бериши ҳам жоиз. Нима бўлганда ҳам белгиланган ёшдан кичигини закот сифатида бериши жоиз эмас.

(2) “Табеъ” (бир ёшли бузоқ) ёки “мусиннаҳ” (икки ёшли бузоқ) эркак ёки урғочи бўлиши ҳам жоиз.

(3) Хонаки қўтос ҳам қорамол қабилидан. Агар бир кишининг ҳам қорамоли, ҳам хонаки қўтослари бўлса, худди қўй-эчкилардаги сингари нисобни тўлдириш учун бир-бирига қўшиб ҳисобланади.

[1] Шунга кўра, қорамоллардан қуйидаги тартибда закот берилади:
(30) та қорамол: 1 та табеъ (1×30) = 30
(40) та қорамол: 1 та мусиннаҳ (1×40) = 40
(60) та қорамол: 2 та табеъ (2×30) = 60
(70) та қорамол: 1 та табеъ (1×30) + 1 та мусиннаҳ (1×40) = 70
(80) та қорамол: 2 та мусиннаҳ (2×40) = 80
(90) та қорамол: 3 та мусиннаҳ (3×30) = 90
(100) та қорамол: 2 та табеъ (2×30) + 1 та мусиннаҳ (1×40) = 100
(110) та қорамол: 2 та мусиннаҳ (2×40) + 1 та табеъ (1×30) = 110
(120) та қорамол: 3 та мусиннаҳ (3×40) ёки 4 та табеъ (4×30) = 120.
Ва ҳоказо…
[2] “Чорва моллари закоти” сарлавҳали мақолага қаранг.

Изоҳ қолдиринг