Аббосийлар: Халифа Мансур даврида вилоятлар (1)

0

Халифа Мансур даврида вилоятлар

Мансур халифалиги даврида бир қанча вилоятларда кучли қўзғолонлар ва исён ҳаракатлари бўлиб ўтдики, улардан баъзилари ҳукуматни ва халифа тахтини ларзага келтираёзди. Аммо Мансур бу ҳаракатларни ҳикмат ва ақлу заковат билан, ўрни келганда айёрлик ва усталик билан муолажа қилишга, уларни тузатиб бўлмас даражага етмасидан ва ё бошқа ўлкаларга ҳам тарқалиб кетмасидан туриб бостиришга муваффақ бўлди.

  • Шом

Шомда Абдуллоҳ ибн Али жияни Абу Жаъфар Мансур халифаликни дастлаб эгаллаган кунларда исён кўтарди. Сабаби, у ўзини халифаликка ҳақли санаган эди. Негаки, аббосийлар давлати ҳукмга келишига йўл ҳозирлашда, унинг вужудга келиши ва оёққа туриб олишида, унинг душманларини бартараф этишда Абдуллоҳ ибн Алининг жуда катта роли бор эди, у аббосийларнинг кескир қиличига айланганди. Шом аҳли исёнда у билан бирга турди, аслида халқ унга қарши чиқишга қодир ҳам эмасди. Чунки у халқни ўта қаттиқққўллик билан бошқарар эди. Лекин бу исён бостирилгач, вилоятда тинч ва осойишта ҳаёт изга тушиб кетди, одамлар риботларга чиқишарди, ғазотларга боришарди. Бутун Мансур хилофати мобайнида Шомда шу ҳолат ҳукм сурди.

  • Кўфа

Исо ибн Мусо бу вилоят волийси эди. Ҳижрий 141 йили бу ерда асли Хуросондан бўлган ровандийлар деб танилган бир жамоат чиқди. Улар Мансурни худо деб эълон қилишган, руҳларнинг таносухини (киши вафотидан сўнг руҳи бошқа танага кўчиб ўтишини), Одам алайҳиссалом руҳи Усмон ибн Наҳикка ўтганини даъво қилишарди, Ҳайсам ибн Муовияни эса Жаброил эканини айтишарди. Улар халифа саройига келиб, уни тавоф қиладиган бўлдилар. Лекин Мансур уларни бутунлай йўқотиб юборди, шу билан уларнинг иши тугаб битди.

Кейин бу вилоят амирлиги Муҳаммад ибн Сулаймонга берилди. Ҳижрий 155 йили унинг ўрнига Умар ибн Зуҳайр волий қилинди.

  • Басра

Сулаймон ибн Али Басра волийси эди. Акаси Абдуллоҳ ибн Али қочиб бориб унинг паноҳига киргач, Мансур уни волийликдан бўшатиб, ўрнига Суфён ибн Муовияни тайинлади. Суфён халифанинг исёнкор амакиси Абдуллоҳ ибн Алини қўлга олиб, унинг ҳузурига юборди.

Афтидан, Суфён ибн Муовиянинг Басрада бош кўтариб чиқиб, Аҳвоз, Форс, Мадоин ва Восит аҳлининг ҳам тўла қўллаб-қувватлашини қўлга киритган Иброҳим ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасанга мойиллиги бор эди. Бироқ, Хозим ибн Хузайма 4000 аскар билан бориб, Аҳвозни қўлга киритди. Исо ибн Мусо бошчилигидаги қўшин Ҳижоздан қайтиш йўлида, Кўфа яқинида Иброҳим ибн Абдуллоҳ қўшини билан тўқнашди. Ҳумайд ибн Қаҳтаба Исо қўшинининг олдинги қисмида жанг олиб бориб, ортга чекинди. Бироқ Исо ибн Мусо чекинмай матонат билан жангни давом эттирди. Иброҳим ибн Абдуллоҳ ҳам матонат билан жанг қилди. Охир оқибат Иброҳим енгилиб, одамлари билан бирга шу ерда қатл этилди. Шу билан вазият Мансур фойдасига ҳал бўлди.

Шундан сўнг Суфён Басра волийлигидан олиниб, ўрнига Муслим ибн Қутайба тайинланди. Бир йилдан кейин унинг ўрнига Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Али волийликка келди. Лекин шу билан волийлар алмашиши тўхтамади, балки Басрада тақрибан ҳар йили волий алмашиши одат тусига кирди. Жобир ибн Зайд Килобий, Язид ибн Мансур, Абдулмалик ибн Айюб, Ҳайсам ибн Муовия бирин-кетин Басра волийси мансабида ўтирдилар.

  • Жазира

Абдуллоҳ ибн Али исёнидан сўнг Жазирада айтарли муҳим воқеа содир бўлмади. Фақат Мулаббад ибн Ҳармала Шайбоний бошлиқ мингта хавориж чиқди, лекин уларнинг иши кўпга бормади. Ушбу давр мобайнида Жазира волийлари ичида машҳурлари Ҳумайд ибн Қаҳтаба ва халифа Мансурнинг иниси Аббос ибн Муҳаммад бўлди.

  • Мавсил

Мавсилда тилга олгудек бирон воқеа юз бермади. Унинг амири Исмоил ибн Али эди. Кейин Мусо ибн Каъб волий бўлди. Кейин Мансур уни бўшатиб, ўрнига Холид ибн Бармакни тайинлади.

  • Хуросон

Маълумки, Абу Муслим Хуросоний халифа Саффоҳ даврининг охирларида пойтахтга йўл оларкан, Хуросонга Абу Довуд Холид ибн Иброҳимни ўз ўрнига қўйиб кетганди. Бу орада Саффоҳ вафот этиб, Мансур халифалик тахтини эгаллади. Кейин Абу Муслим яна Хуросонга қайтиб келиш тараддудига тушганида халифа Мансур Абу Довудга одам юбориб, агар у Абу Муслимни Хуросонга қайтиш фикридан қайтара олса, Хуросон волийлигини унга инъом этишни ваъда берди. Абу Муслим бир ёқлик қилингач, Абу Довуд Хуросон волийси бўлиб қолди. Бироқ кўп ўтмай у ерда Синбоз исмли бир мажусий Абу Муслимнинг қонини (қасосини) талаб қилиб, исён кўтарди. Хуросон аҳли унга бўйсунди, у Қамис ва Исфаҳонни ҳам қўлга олди. Халифа Мансур унга қарши Жаҳур (ёки Жумҳур) ибн Маррор Ажлий бошчилигида ўн минг отлиқ аскар юборди. У Синбозни мағлуб қилиб, ўзини қатл этди. Синбоз исёни етмиш кунча давом этди. Бироқ, Жаҳур уни мағлуб этганидан сўнг ўз куч-қудратига ишониб қолиб, 138 йили халифанинг итоатидан бош тортди. Мансур унинг устига Муҳаммад ибн Ашъас  Хузоийни юборди. У Жаҳурни мағлубиятга учратди ва қатл қилди.

Хуросонда бир жамоат чиқиб, амир Абу Довуд Холид ибн Иброҳимга қарши бош кўтарди ва унинг ҳовлисини қамал қилди, шу орада Абу Довуд йиқилиб, вафот этди. Унинг миршаббошиси Осим то янги амир Абдужаббор ибн Абдураҳмон Аздий етиб келгунига қадар ишни бошқариб турди. Бир йилга бориб-бормай Абдужаббор волийликдан бўшатилиб, ўрнига халифа Мансурнинг ўғли Муҳаммад Маҳдий Хуросон амирлигига тайинланди. Бироқ Абдужаббор ўзининг бўшатилишини қабул қилмади ва итоатдан бош тортди. Маҳдий унга қарши қўмондон Хозим ибн Хузайма билан бирга юриш бошлади. Абдужаббор қочди, кейин қўлга туширилиб, Мансур ҳузурига юборилди. Мансур уни қатл қилдирди.

150 йили Хуросонда Устодсиз исмли бир кофир кимса чиқиб, фасод ёя бошлади ва Хуросоннинг кўп қисмини ўз тасарруфига киритди. Мансур ўғли Маҳдийга мактуб йўллаб, унга қарши Хозим ибн Хузайма бошчилигида аскар юборишни амр этди. Шундан сўнг Хозим унинг исёнини бартараф этди.

Хуросон волийлари ичида энг машҳурларидан бири ҳижрий 152 йили волийликка тайин этилган Ҳумайд ибн Қаҳтаба бўлди.

  • Синд

Ҳижрий 142 йили Уяйна ибн Мусо ибн Каъб итоатдан бош тортди. Шундан сўнг Мансур унга қарши Амр ибн Ҳафс ибн Абу Суфра бошчилигида қўшин юборди. Амр Уяйнани мағлуб қилиб, Синд ва Ҳинд вилояти волийлигини қўлга киритди. У то 157 йили Ҳишом ибн Амр Тағлубий унинг ўрнига келгунича шу лавозимда қолди.

Сижистон волийлиги 151 йили Маън ибн Зоидага берилди, бироқ келгуси йили уни хаворижлар қатл этдилар.

 

Изоҳ қолдиринг