Пайғамбарларга иймон келтиришнинг моҳияти

0

Савол:

Пайғамбарларга иймон келтириш деганда нима назарда тутилади?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Пайғамбарларга иймон келтириш қуйидаги тўрт нарсани ўз ичига олади:

Биринчиси: Аллоҳ таоло ҳар бир умматга ораларидан уларни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга ва Ундан ўзга сохта худоларни тарк қилишга буюрадиган бир пайғамбар юборганини, барча пайғамбарлар ростгўй, тақводор, ишончли, омонотдор, ҳақ йўлда собитқадам зотлар бўлишганини, шунингдек, улар ўз зиммаларига Аллоҳ таоло юклаган барча омонатларни қавмларига тўкис етказганлари, улардан бирон нарсани яширмаганлари ёки ўзгартирмаганлари ҳамда ўзларининг ёнларидан бу омонатга бир ҳарф бўлса ҳам қўшиб ёки камайтирмаганларини чин дилдан тасдиқлаш.

Аллоҳ таоло айтади: “Пайғамбарлар зиммасида фақат (Аллоҳ нозил қилган ваҳийни) очиқ-ойдин етказиш бордир” [Наҳл: 35].

Барча пайғамбарларнинг даъватлари ибодатнинг негизи ва асоси бўлган тавҳидга қаратилган эди. Тавҳид – эътиқод, сўз ва амалда Аллоҳ таолони ёлғиз илоҳ деб билиш, Унгагина ибодат қилиш ва Ундан ўзга илоҳлар борлигини инкор қилишдир. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ва бошқа талай оятлари далил бўлади: “(Эй Муҳаммад), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: “Мендан бошқа ҳақ илоҳ йўқ, Менгагина ибодат қилинглар”, деб ваҳий қилганмиз” [Анбиё: 25]. “(Эй Муҳаммад), Биз сиздан илгари юборган пайғамбарлардан сўраб (яъни улар келтирган диний таълимотларни ўрганиб) боқинг-чи, Биз Раҳмондан (яъни Ўзимдан) бошқа ибодат қилинадиган “илоҳ”лар қилганмиканмиз?! (Йўқ, барча пайғамбарлар ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват этгандирлар)!” [Зухруф: 45].

Аллоҳ таоло “Мулк” сурасида айтганидек: “(Эй инсонлар, У) сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ-яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун…” [Мулк: 2] бандаларини синаш мақсадида баъзи пайғамбарлар зиммасига бошқа пайғамбарларга юкламаган айрим амал ва шаръий аҳкомларни фарз қилади. Шунингдек, айрим умматларга ҳалол бўлган нарсаларни бошқа бирларига ҳаром қилади.

Бунга Аллоҳ таоло қуйдаги ояти далил бўлади: “Сизлардан ҳар бир уммат (яъни дин) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик” [Моида: 48]. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу оят тафсирида шундай деган: “Яъни ҳар бир уммат учун алоҳида йўл ва шариат қилиб қўйдик”. Мужоҳид, Икрима ва бир қанча муфассир уламолар ҳам шу фикрни айтишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Пайғамбарлар ота бир, оналари бошқа-бошқа, динлари бир бўлган ака-укалардир” [Бухорий: 3443 ва Муслим: 2365]. Яъни барча пайғамбарларнинг ғояси битта, аммо шариатлари – буйруқ ва қайтариқ, ҳалол ва ҳаромга доир йўллари ҳар хил. Уларнинг бирламчи ғоялари тавҳид бўлган. Аллоҳ таоло ушбу ғояни бандаларига етказиш учун пайғамбарлар юборди ва илоҳий китоблар туширди. Ҳадисдаги “Пайғамбарлар ота бир, оналари бошқа-бошқа” деган сўзнинг маъноси ҳам шудир.

 Кимда ким улардан бирининг Пайғамбарлигини инкор қилса, барча пайғамбарларни инкор қилган бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Нуҳ қавми пайғамбарларни ёлғончига чиқарди” [Шуоро: 105]. Аллоҳ таоло уларни барча пайғамбарларни ёлғончига чиқарди, деб зикр қилди. Ҳолбуки, Нуҳни қавми ёлгончига чиқарганда ундан бошқа пайғамбарлар йўқ эди. Демак, биргина пайғамбарни ёлғончига чиқариш, унга иймон келтирмаслик барча пайғамбарларни ёлғончига чиқариш ва уларга иймон келтирмаслик билан баробар экан.

Иккинчиси: Номлари бизларга маълум бўлган ва бўлмаган барча Пайғамбарларга иймон келтириш. Номлари маълум бўлган пайғамбарларнинг мисоли: Муҳаммад, Мусо, Исо, Нуҳ ва ҳоказо.

Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади: “Пайғамбар ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўминлар (ҳам иймон келтирдилар). Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳар бир киши (айтди): “Унинг пайғамбарларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз. Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз. Ва фақат Ўзингга кайтажакмиз”, дедилар” [Бақара: 285].

Аниқки, Биз сиздан илгари (кўп) пайғамбар юборгандирмиз. Улардан Биз сизга ҳикоя қилиб берган кишилар ҳам бор, яна улардан Биз сизга ҳикоя қилмаган кишилар ҳам бордир” [Ғофир: 78].

Биз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг охирги пайғамбар эканига, ундан кейин бошқа пайғамбар юборилмаслигига иймон келтирамиз.

Аллоҳ таоло айтади: “Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ барча нарсани билгувчи Зотдир” [Аҳзоб: 40].

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук жангига чиқдилар ва Мадина аҳлига Али розияллоҳу анҳуни ўринбосар қилиб қолдирдилар. Али у зотга деди: “Мени ёш болалар ва хотин-халажлар билан ташлаб кетасизми?”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Ҳорун Мусога ўринбосар бўлгани каби сен ҳам менга худди шундай ўринбосар бўлишга розимасмисан? Бироқ улардан фарқли ўлароқ мендан сўнг пайғамбар бўлмайди”, дедилар [Бухорий: 4416 ва Муслим: 2404].

Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни бошқа пайғамбарлардан бир қанча буюк ва хос хислатлар билан афзал қилди. Жумаладан:

1 – У зотни барча сақолайн (инсон ва жинлар)га пайғамбар қилиб юборди. У зотдан олдинги пайғамбарлар эса фақатгина ўз қавмларига юборилар эдилар.

2 – Бир ойлик масофадаги душманларининг кўнглига қўрқув солиниши билан мададлантирди.

3 – У зотга ва умматига ерни намозгоҳ ва (тупроғи сув ўрнини босадиган) таҳорат воситаси қилиб берди.

4 – Ўлжаларни ҳалол қилди, ҳолбуки, у зотдан олдин ҳеч кимга ҳалол қилинмаган эди.

5 – Буюк шафоат эгаси қилиндилар. Яъни қиёмат куни бутун инсоният учун шафоатчи бўладилар.

У зотнинг бундан бошқа хос хислатлари ҳам кўп.

Учинчиси: Саҳиҳ ҳадисларда пайғамбарлар ҳақида келган барча маълумотларга ишониш ва уларни тасдиқлаш.

Тўртинчиси:

Бизларга юборилган пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатига амал қилиш. У зот барча одамларга юборилган пайғамбардир.

Аллоҳ таоло айтади: “Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича-бўйинсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар” [Нисо: 65].

Пайғамбарларга иймон келтиришнинг катта фойдалари бор. Жумладан:

1 – Аллоҳ таолонинг бандаларига бўлган раҳм-шафқати ва инояти. У Зот бандаларини тўғри йўлга бошлайдиган ва уларга ибодат йўлларини таълим берадиган пайғамбарлар юборган. Негаки, бандалар ақли мустақил равишда буларни идрок қила олмайди.

2 – Бундай улкан неъмат учун Аллоҳ таолога шукр қилиш.

3 – Барча пайғамбарларни яхши кўриш, ҳурмат-эҳтиром қилиш, мартабаларига лойиқ мақтовлар айтиш. Чунки улар Аллоҳнинг эличилари, Унга чинакам тоат-ибодат қилиб, зиммаларига юклатилган рисолатни етказдилар ва бандаларга панд-насиҳатлар қилдилар, валлоҳу аълам.

Қўшимча маълумот учун “Аъломус суннатил маншура” (97-102) ва шайх Ибн Усайминнинг “Шарҳ усулус салоса” (95-96) китобларига қаралсин.

Манба: IslamQA веб саҳифаси. Муҳаммад Солиҳ Мунажжид

Изоҳ қолдиринг