Эркаклар кумуш занжир ёки узук тақиши жоизми?

0

Савол:

Эркаклар кумуш занжир ёки узук тақиши жоизми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Эркаклар кумуш узук тақиши жоиз. Бунга Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадис далил бўлади. Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кумуш узуклари бўлгани, Муслим ривоят қилган Анас розияллоҳу анҳунинг ривоятида эса бу узукни чап қўлларининг номсиз бармоқларига таққанликлари айтилган. Имом Муслим Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эркакларни ўрта ва кўрсаткич бармоққа узук тақишдан қайтарганлар.

Эркак киши узукдан бошқа сирға, занжир, билагузук ва ҳоказо тақинчоқларни тақиши ҳаром. Чунки мазкур тақинчоқлар аёлларга тегишли безаклар саналади. Эркак киши аёлларга тегишли бўлган тақинчоқ ёхуд кийимларни кийиши ҳаромдир. Чунки Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзини эркакларга ўхшатган аёл ҳамда ўзини аёлларга ўхшатган эркакларни лаънатлаганлар (Бухорий ривояти). Бу борада тақинчоқнинг қандай металдан ясалганининг аҳамияти йўқ, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг