Замон ва шунга ўхшаш нарсаларни сўкиш

0
  1. Замон ва шунга ўхшаш нарсаларни сўкиш:

Кундалик ҳаётда баъзи мусулмонлар айтишга одатланиб қолган айрим сўзлар борки, улар аслида  эътиқодга путур етказадиган, унинг нуқсонига сабаб бўладиган сўзлардир. Инсоннинг замон, шамол ва ҳоказо шунга ўхшаш нарсаларни сўкиши, бошига тушган мусибат ва ёмонликларни қўлидан ҳеч вақо келмайдиган мавжудотларга нисбат бериши шулар жумласидандир. Зеро, бундай нарсаларни сўкиш ва қарғаш аслини олганда Аллоҳ таолога қаратилган бўлиб чиқади. Негаки, борлиқни бошқариб турган, ундаги барча нарсаларни яратгувчи зот Аллоҳ таолодир. Аллоҳ таоло мушриклар тўғрисида шундай дейди: «Улар айтдилар: «Ҳаёт фақат дунёдаги ҳаётимиздир. Баъзиларимиз ўлиб, бошқаларимиз ҳаётга келаверамиз ва бизларни Аллоҳ ўлдирмайди, балки фақат замон ўтишигина ўлдиради». Улар фақат шундай гумон қилурлар, холос» [Жосия: 24]. Бу мушриклар томонидан оламни яратувчи ва бошқариб турувчи зотни инкор этиш, борлиқда юз бергувчи воқеа-ҳодисаларни табиатга нисбат беришдир. Шу боис, «бизларни Аллоҳ ўлдирмайди, балки фақат замон ўтишигина ўлдиради», дейишди, замонни айблаб, ўлдиришни унга нисбат беришди. Улар бу сўзларни билим ва ҳужжатга таяниб эмас, балки жаҳолат ва тахминдан келиб чиқиб гапиришди. Негаки, ҳужжат-далиллар бу сўзни рад этади, уни пучга чиқаради. Шунинг учун Алллоҳ таоло «Улар фақат шундай гумон қилурлар, холос», дея уларнинг сўзини рад қилди. Зеро, билим ва ҳужжатга асосланмаган ҳар қандай сўз рад этилишга ҳақли бўлган ботил сўздир.

Ҳужжат ва далиллар шуни кўрсатадики, борлиқда юз бераётган барча воқеа-ҳодисаларнинг ҳикмат ва қудрат соҳиби бўлмиш бошқарувчиси бўлиши зарур. Маълумки, бундай зот Аллоҳ таолодир. Бинобарин, замонни сўккан, унга борлиқдаги бирор ишни нисбат берган кимса асл эътиқодда мушриклар ва даҳрийлар билан маслакдош бўлмаса-да, бироқ мазкур қабиҳ сифатда уларга ўхшаб қолади.

“Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами” ва бошқа ҳадис китобларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Аллоҳ таоло айтади: «Одам боласи менга азият беради: у замонни сўкади. Ҳолбуки, замон Менман: кеча ва кундузни алмаштириб тураман». Бошқа бир ривоятда эса: «Замонни қарғаманглар, зеро, Аллоҳ замондир», дейилади. Ушбу ҳадис шунга далолат қиладики, кимда ким замонни қарғаса, Аллоҳга азият берган бўлади. Чунки қарғиш воқеа-ҳодисаларнинг яратувчиси ва бошқарувчиси бўлмиш Аллоҳга қаратилган бўлади. Замон эса Аллоҳ яратган оламни бошқариш ишига мутлақ дахли йўқ бўлган бир мавжудотдир. Шу боис Аллоҳ таоло «Ҳолбуки, замон Менман: кеча ва кундузни алмаштириб тураман», дейди. Ҳадисдаги Аллоҳ таолонинг  «кеча ва кундузни алмаштириб тураман», деган сўзи Унинг «Ҳолбуки, замон Менман» ёхуд «зеро, Аллоҳ замондир», деган сўзининг изоҳидир. Бу дегани Аллоҳ таоло замонни ҳам, ундан бошқа мавжудотларни ҳам бошқариб турувчи зот эканини, замонни сўккан инсон аслида уни яратган зот Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони сўкишини англатади.

Салафлардан бири айтади: «Жоҳилият даврида бошига бирон мусибат тушган араблар замонни қарғашар эди. Бирон қийинчилик ёки мусибат юз берса «Замон бошига мусибат солди», «Замон ҳалок қилди», «Замонни қилмишига қара», дея уни замонга нисбат бериб, қарғар эдилар. Бу ишларнинг барчаси нафсиламрда Аллоҳнинг ишлари, уларни яратган ва бандалар бошига солган зот Аллоҳ бўлган бир дамда уни замонга нисбат бериш ва замонни қарғаш Аллоҳни қарғаш ва сўкиш демакдир».

Шайх Абдураҳмон ибн Ҳасан роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ушбу ҳадисдан келиб чиқиб Аллоҳнинг «даҳр» (замон) деган исми бор деган Ибн Ҳазм ва унинг йўлидан борган зоҳирийлар хато қилганлар. Аллоҳ таоло юқоридаги ҳадисда «кеча ва кундузни алмаштириб тураман» дея бу сўздан қасд қилинган маънони баён қилади. Аллоҳнинг кеча ва кундузни алмаштириши дегани кеча ва кундузда одамлар яхши кўрадиган ёки ёмон кўрадиган ишларни бажариши демакдир. Демак, мусулмон киши гарчи борлиқни Аллоҳ таоло бошқаради, деган эътиқодда бўлса ҳам бу каби сўзларни гапиришдан сақланиши лозим. Чунки у кофирларга хос бу сўзларни ишлатмаслик натижасида уларга ўхшаб қолишдан йироқ бўлади ва шунинг баробарида иймон-эътиқодини асраб-авайлаган, Аллоҳ таолога нисбатан одоб сақлаган бўлади».

 Шамолни сўкиш ҳам замонни сўкишга ўхшайди. Дарҳақиқат, Термизий Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб саҳиҳ деган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Шамолни сўкмангизлар. Борди-ю, шамолда сизларга  ёқмаган бирон нарсани кўрсангиз, шундай денглар: «Эй Аллоҳ, биз Сендан бу шамолнинг яхшилигини, унда мавжуд нарсаларнинг энг яхшисини ва унга буюрилган ишнинг энг яхшисини сўраймиз. Сендан бу шамолнинг ёмонлигидан, унда мавжуд ёмонликдан ва унга буюрилган ишнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз». Зеро, шамол Аллоҳнинг фармони ва бошқаруви билан эсади. Уни яратган ва унга амр қилган Аллоҳдир. Бинобарин, шамолни сўкиш унинг ортида турган зот Аллоҳни сўкиш билан баробар. Замон ёки шамолни қарғаш улар иккисини ва умуман мавжудотларни яратган Аллоҳни қарғашдир. Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни шамол сабабли бирон хавф-хатар етишидан қўрқсалар уни яратган ва унга амр этувчи зот Аллоҳга юзланишга, шамолнинг яхшилигини сўраб, ёмонлигидан паноҳ сўрашга буюрдилар. Зотан, ҳар қандай неъмат Аллоҳга тоат-ибодат ва шукр қилиш билан ҳосил бўлса, ҳар қандай бало Аллоҳга дуо-илтижо қилиш ва У зотдан паноҳ сўраш орқали даф қилинади.

Қолаверса, бу мавжудотларни сўкиш ва қарғашда талай зарар ва ёмонликлар бор. Аввало бу каби нарсалар қарғиш ёки сўкишга нолойиқ нарсалар. Чунки улар бор-йўғи Аллоҳ томонидан бўйсундирилган ва бошқариб турилган нарсалардир. Ундан ташқари уларни сўкишда ширк бор. Негаки, уларни қарғаган инсон бу мавжудотлар мустақил зарар ёки фойда беради, деган мақсадда қарғайди. Қолаверса, сўкиш бу ишлар ортида турган зот Аллоҳга бориб тушади. Агар банда шамол эсганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатган сўзларни айтса, шамолни яратган, бошқариб турган ва уни йўналтирган зот Аллоҳга мурожаат қилган бўлади. Мана шу жоҳилият аҳлининг эътиқодига зид бўлган чинакам тавҳид ва соғлом эътиқод. Мусулмон кишининг воқеа-ҳодисаларга бўлган муносабати ана шундай бўлиши, мудом уларни яратганга нисбат бериши, Ундан бу ҳодисаларнинг яхшилигини сўраши, ёмонлигидан паноҳ сўраши, уни беҳуда маломат қилиб сўкмаслиги ва нотўғри изоҳламаслиги  керак. Мусулмон киши шуни яхши билиши зарурки, унга етган бу мусибатлар, бало-кулфатлар Аллоҳнинг тақдири ва банданинг гуноҳлари сабабли унга юборган уқубатидир. Аллоҳ таоло айтади: «Сизларга етган ҳар қандай мусибат ўз қўлингиз билан қилган гуноҳлар туфайлидир. Раббингиз сизларнинг кўп гуноҳларингиздан кечиб юборур ва унинг учун жазоламас» [Шўро: 30]. «Аллоҳ шамолларни юборади ва улар булутларни қўзғатади» [Фотир: 9]. «Биз бу кунларни яъни ғалаба ва мағлубият кунларини одамлар орасида айлантириб турамиз» [Оли Имрон: 140]. «Аллоҳ кеча ва кундузни айлантириб турур. Албатта бунда басират ва ақл эгалари учун ибрат бордир».  Демак, барча ишлар ортида Аллоҳ туради. Ҳар қандай ҳолатда: хурсандчилик ҳолатида ҳам, ғам-ташвишли ҳолатларда ҳам Аллоҳга ҳамд-сано айтиш, Ундан яхшилик умид қилиш ва Унга тавба-тазарру қилиш лозим. Аллоҳ таоло айтади: «Уларни куфр ва исёндан қайтишлари учун кўп яхшиликлар, яъни неъматлар ва ёмонликлар, яъни балолар билан синаб кўрдик» [Аъроф: 168].  «Қасамки, Биз Фиръавн одамларини панд-насиҳат олишлари учун қаҳатчилик йиллари билан ва мева-чеваларнинг ҳосилини камайтириш билан уқубатладик» [Аъроф: 130]. Кундалик ҳаётдаги воқеа-ҳодисларнинг тўғри изоҳи шундан иборат.

Демак, мўмин киши бошига тушган кўнгилсиз ҳодисаларга гуноҳлари сабабчи эканини билиб, замон ёки шамолни эмас, ўзини маломат қилади ва гуноҳларидан Аллоҳга тавба қилади. Кофир, фосиқ ёки нодон кимсалар эса бунинг учун мавжудотларни айбдор қилади, ўзини гуноҳкор деб билмайди ва гуноҳларидан тавба ҳам қилмайди. Аллоҳ таоло барчамизга Ўзининг динида офият ва басират ато этсин.

Изоҳ қолдиринг