Талоқ қилиш учун ишлатиладиган сўзлар

0

Талоқ қилиш учун ишлатиладиган сўз ва иборалар

Биринчидан: Талоқ қилиш учун ишлатиладиган сўзлар

Қуръонда талоқ қилиш учун ишлатилган сўзлар учта: “талоқ” (озод бўлиш), “фироқ” (ажрашиш) ва “тасреҳ” (қўйиб юбориш).

  1. Талоқ сўзи. Аллоҳ таоло айтади: «Эй Пайғамбар, қачон сизлар, яъни мўминлар аёлларингизни талоқ қилсангизлар, уларнинг иддаларида (яъни уларга яқинлик қилинмаган поклик пайтларида) талоқ қилинглар» [Талоқ: 1].

  2. Фироқ сўзи. Аллоҳ таоло айтади: «Талоқ қилинган аёлларнинг иддаси тугашига яқин қолса, ё уларни яхшилик билан олиб қолинглар ёки яхшилик билан ажрашинглар» [Талоқ: 2].

  3. Тасреҳ сўзи. Аллоҳ таоло айтади: «Сўнгра хотинни яхшилик билан сақлаш ёки чиройли суратда қўйиб юбориш (лозим)» [Бақара: 229].

Уламолар талоқда ишлатиладиган сўзлар хусусида ихтилоф қилишган. Ибн Ҳазмнинг айтишича, талоқ тушиши учун фақат юқоридаги уч лафздан бири ишлатилган бўлиши лозим. Ундан бошқа лафзлар билан хоҳ талоқни ният қилсин, хоҳ ният қилмасин талоқ тушмайди.

Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ билдирган фикр жумҳур уламоларнинг, жумладан тўрт мазҳаб имомларининг фикрига зиддир. Уларнинг айтишича, талоқ бу лафзлардан бошқаси билан ҳам тушиши мумкин. Зеро, улар лафзларни иккига: очиқ ва кинояли лафзларга ажратишган.

Очиқ лафзлар «Сен талоқсан», «Сени талоқ қилдим» каби тўғридан-тўғри талоқни ифода этадиган ва у билан талоқ тушадиган лафзлардир.

Кинояли лафзлар эса бевосита талоқни ифода этмаган, балки ундан талоқ маъносини ҳам тушуниш мумкин бўлган лафзлар. Эрнинг хотинига қарата айтган «Отангникига кет», «Идда сақла», «Хотиниммассан» ва шунга ўхшаш сўз ва иборалар киноя лафзлар қабилидандир. Киноя лафзлар билан талоқ тушиши учун эр талоқни ният қилган бўлиши ёки ҳолат унинг талоқни қасд қилганига далолат қилиши зарур.

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Очиқ лафз билан гарчи талоқни ният қилмасада талоқ тушаверади. Албатта, бу қозининг ҳузурида шундай. Аммо фатвода эрнинг «талоқни ният қилмадим», деган гапига ишонилади. Масалан, эр хотинига «Сенинг жавобингни бердим» деб, «Мен бу сўз билан унинг саволига жавоб берганимни қасд қилдим», деб даъво қилса ва хотини унинг сўзини тасдиқласа, талоқ тушган деб фатво берилмайди. Аммо хотини унинг бу гапини тасдиқламасдан ишни қозига оширса, қози талоқ тушган деб ҳукм қилади ва очиқ лафзни ишлатгани учун эрнинг нияти инобатга олинмайди[1].

(2) Кинояли лафзлар билан талоқ тушишига қуйидагилар далил бўлади[2]:

А – Аллоҳ таоло талоқни зикр қилиб, унинг учун муайян лафзларни белгиламади. Бундан маълум бўладики, Аллоҳ таоло бу борада одамларни ўзаро урфда талоқ учун қўлланиладиган сўз ва ибораларга ҳавола қилган. Бинобарин, одамлар муайян лафзлар билан талоқ айтишга одатланган бўлсалар ва инсон ўша лафзлардан бирини айтиб талоқни ният қилса, талоқ тушган бўлади.

Б – аслида бирор сўз ёки ибора бекорга нутқ қилинмайди, балки инсон уни тилга олишдан ичидаги маънони ифода этишни мақсад қилади. Агар у бирор маънога далолат қилувчи сўзни ишлатиб, ундан шу маънони қасд қилса, демак, унинг сўзи инобатга олиниши, бу сўздан келиб чиққан ҳукм олдида жавобгар бўлиши лозим.

В – бизларга ўрнак бўлган саҳобалар «ҳаромсан», «ихтиёринг ўзингда», «танла», «сени отангга бағишладим», «бошинг очиқ», «идда ўтир», «сен холисан», «сени покладим» каби сўз ва иборалар билан талоқ туширганлар. Баъзи саҳобалар бундай талоқни уч талоқ деб ҳисобласалар, баъзилари битта боин талоқ, яна айримлари эса битта ражъий талоқ деб эътиборга олганлар. Охирги фикр Умар розияллоҳу анҳунинг фикрларидир.

(3) Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, гарчи лафзларни очиқ ёки кинояли лафзларга ажратиш аслида тўғри бўлсада, бироқ бу шахслар, замон ва маконга қараб ўзгариши мумкин. Лафзларни очиқ ёки киноялига ажратиш дегани унинг муайян бир лафзга нисбатан ўзига хос ва доимий хусусиятга айланади дегани эмас. Сабаби, баъзи лафзлар қайсидир қавм наздида очиқ лафз саналса, бошқа бир қавм наздида кинояли бўлиши ёки муайян замон ва маконда очиқ лафз саналган нарса бошқа бир замон ва маконда ундай саналмаслиги мумкин[3].

(4) Баъзи фуқаҳоларнинг фикрича, кинояли лафзлар билан ниятсиз талоқ тушмайди. Бу моликий ва шофеийлар мазҳабидир. Бошқа бир гуруҳ фуқаҳоларнинг фикрига кўра, кинояли лафзлар билан талоқ тушиши учун ният ёки ҳолат далолати зарур. Масалан, эр-хотин жанжаллашиб турган пайтда ёки аёлининг «талоғимни беринг», деган сўзига жавобан «отангникига кетавер», деса, талоқ тушади. Чунки кинояли лафз айтилган ҳолат ундан талоқ қасд қилинганига далолат қилади. Бу ҳанафий мазҳабининг фикри, шунингдек, имом Аҳмад мазҳабига оид икки фикрдан биридир.

[1] Қаранг: «Муҳалло», 1960-масала, «Шарҳул мумтеъ», (5/463).
[2] Қаранг: «Зодул маод», 5-32, 321.
[3] “Зодул маод” (5/321).

Изоҳ қолдиринг