Аллоҳ таоло айтади: «Агар Аллоҳга ва ҳақ билан ботил ажралган кун — мўмин ва кофир жамоасидан иборат икки жамоа тўқнашган кунда бандамиз Муҳаммадга нозил қилганимиз оятлар ва фаришталарга иймон келтиргувчи бўлсангизлар, билингизки, ғанимат қилиб олган нарсангизнинг бешдан бири Аллоҳ учун, пайғамбар учун ва у зотнинг қариндош-уруғи, етимлар, мискинлар ва мусофирлар учундир. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир» [Анфол:41].
Демак, қўлга киритилган ўлжалар бешга бўлинади ва қуйидагича тарқатилади:
Ўлжаларнинг биринчи бешдан бир бўлаги оятда зикр қилинган кишиларга тарқатилади. Улар беш тоифадан иборат: Аллоҳ ва Расули, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қариндошлари, етимлар, мискинлар ва ночор мусофирлар.
Ўлжаларнинг қолган тўртдан бири эса жангчилар ўртасида тақсимланади: пиёда аскарга бир улуш, отлиқ аскарга эса уч улуш берилади. Отлиқ аскарга бериладиган уч улушнинг иккиси оти учун, бир улуши эса ўзи учун берилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар жангида ўлжаларни ана шундай тақсимлаганлар.
Мавзуга оид мулоҳазалар:
(1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврларида улушларини ўзлари ва оилаларининг эҳтиёжлари учун ишлатар эдилар. У зот вафот этгач эса Аллоҳ ва Расули учун ажратилган улуш байтилмолга қўйилади ва омма мусулмонлар манфаати йўлида ишлатилади.
(2) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қариндош-уруғлари (Бани Ҳошим ва Бани Мутталиб уруғи) учун ажратилган улуш уларнинг эҳтиёжларига қараб тақсимланади. Оятда зикр қилинган «у зотнинг қариндош-уруғи» деган умумий сўздан келиб чиқиб улардан бой-камбағал ёки эркак-аёл ўртаси ажратилмайди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайш бойларидан бўлмиш амакилари Аббос розияллоҳу анҳуга қариндошларига бериладиган улушдан берган эдилар. Шунингдек, Зубайр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аммалари бўлмиш онаси Сафийянинг улушини олар эди.
(3) Етимлар улушига ҳақли бўлиш учун етимнинг фақир бўлиши шарт қилинмайди. Акс ҳолда, оятда фақир-мискинлар учун алоҳида улуш ажратилмаган бўлур эди. Шундай бўлсада, етимлар ичида моддий жиҳатдан муҳтожроқ бўлганлари бошқаларидан кўра ғаниматлардан олишга ҳақлироқ бўлади.
(4) Жангчилар учун белгиланган улуш жанг майдонига кирганлар учун берилади. Қўшиндан баъзилари бевосита жангда қатнашмасалар ҳам ғаниматга ҳақли бўладилар. Қўшиннинг муайян гуруҳи қўлга киритган ғаниматлар қўшиннинг умумий ғаниматларига қўшиб юборилиб, бутун бошли қўшинга тақсимланади.
(5) Юқорида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пиёда аскарга бир улуш, отлиққа уч улуш берганлари айтиб ўтилди. Бироқ ҳозирги даврдаги замонавий урушларда ғаниматлар қай тарзда тақсимланади?
Жавоб: ҳозирги даврдаги қирувчи самолётларни отларга, танк ва шу каби техникаларни туяларга ўхшатиш мумкин. Шунга кўра, бу каби техникаларни бошқарувчи жангчилар уч улуш, пиёда аскарлар эса бир улуш оладилар.
Шу ўринда бир савол туғилади: «Ахир бу техникалар, самолёт ва танклар давлат мулки ҳисобланади-ку?!
Жавоб: бу ҳарбий техникалар учун икки улуш берилади ва бу улушлар давлат ғазнасига тушади. Шунга қарамай, бу техникаларни бошқарган жангчиларга халифа уч улуш беришни лозим топса ҳам зиёни йўқ.