Ҳаром нарсалар ташиб ҳаммоллик қилиш жоизми?

0

Савол:

Мен Москвада магазинда ҳаммоллик қиламан. Магазинга келган ароқ, пиво ва ҳоказо юкларни тушириб ташийман. Олган маошимнинг ҳукми нима бўлади, ҳалолми-йўқми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Аввало шуни айтиб ўтиш лозимки, ароқ, пиво каби маст қилувчи ичимликлар шариатимизда қатъий ҳаром қилинган нарсалардир. Бу нарсаларнинг ҳаромлиги нафақат уларни ичишга чекланган, балки уларни кўтариш, ташиш, қўриқлаш ва сотиш каби ишларни ҳам ўз ичига олади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Жаброил ҳузуримга келиб шундай деди: “Эй Муҳаммад, Аллоҳ таоло ароқни, уни ичганни, узумни сиқиб ароқ тайёрлаганни, тайёрлашга буюрганни, кўтарганни, ҳузурига ароқ олиб борилганни, сотганни, сотиб олганни, сузиб узатганни ва сузишга буюрганни лаънатлади[1].

 Аллоҳ таоло айтади: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз” [Моида:2].

Кўриб турганингиздек, юқоридаги ҳадисда ароқни кўтарган киши Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлиши айтилган бўлса, ояти каримада Аллоҳ таоло бизларни гуноҳ ишларда бошқаларга ёрдам беришдан қайтармоқда.

Мўмин киши модомики ҳаёти хавф остига келиб қоладиган даражада зарурат ҳолатига тушиб қолмас экан бунинг каби ҳаром ишларга қўл урмаслиги, ўзига гарчи даромади камроқ бўлсада ҳалол иш излаши лозим. Зеро, ҳаром ишлардан сақланиш, ҳалол луқма топиш мусулмонга фарздир.

Хулоса қилиб айтганда, сизнинг ароқ, пиво, тўнғиз гўшти каби ҳаром нарсаларни ташиб ҳаммоллик қилишингиз жоиз эмас. Агар иш эгаси билан келиша олсангиз ва бунинг амалда имкони бўлса, юқорида зикр қилинган ҳаром нарсалардан бошқа ҳалол нарсаларни ташишга келишиб олинг. Агар сиз магазинга фақат ҳалол нарсаларни ташиб ҳаммоллик қилсангиз гуноҳкор бўлмайсиз, топган пулингиз ҳам ҳалол бўлади, валлоҳу аълам.

[1] Ривоят йўллари йиғиндиси ила саҳиҳ. Ҳадисни Термизий (1295) ва Ибн Можа (3381) ривоят қилган бўлиб, санади ҳасан. Абу Довуд (3674), Ибн Можа (3380) ва Ҳоким (4/144-145) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадис ҳам мазкур ҳадис мазмунини қўллаб-қувватлайди.

Изоҳ қолдиринг