Қадимги хаворижлар ва бугунги ИШИД (3): саҳобалар давридаги хаворижлар

0

Саҳобалар давридаги хаворижлар

Бу хаворижларни барча уламолар бир овоздан ҳарурийлар деб аташган. Уларнинг уч хил сифати бўлган:

  • Уларнинг ичида қоратанли Зус-судайя исмли киши бўлган. Саҳиҳи Муслимдаги (1066) ҳадисда: “Умматимдан бир тоифа чиқади. Улар исломдан худди ёй ўқи нишондан тешиб чиққанидек чиқиб кетишади. Уларнинг белгиси шуки, ичларида бир киши бўлиб, унинг қўли тирсагигача бўлади, билаги бўлмайди. Тирсагида кўкракнинг учидек эти бўлиб, унинг устида оқ туклари бўлади” – дейилган.

  • Ташқи кўринишдан улар ибодатли ва тақводор бўлишади. Бу ҳақда ҳадисда: “Ичингиздан бир тоифа чиқади. Уларнинг намози, рўзаси ва Қуръон тиловатлари олдида ўз намозларингиз, рўзаларингиз ҳамда Қуръон тиловатларингизни арзимас санайсизлар” – дейилган (Бухорий (5058) ва Муслим (1064) ривояти).

  • Сочларини қириб оладилар. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уларнинг белгилари сочни қириб олиш” – деганлар (Бухорий (7562) ва Муслим (1064) ривояти).

Бу турдаги хаворижларнинг саҳобалар даврида чиқишига далиллар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонлар ихтилофлашиб турган вақтда бир тоифа чиқади. Уларни ҳаққа яқин тараф ўлдиради” – деганлар. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу айтади: “Мен шу гапни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганимга ва Али билан бирга уларни қатл қилганимизга гувоҳлик бераман” (Бухорий (6933) ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ичингиздан бир тоифа чиқади” – деганлар (Бухорий (5058) ва Муслим (1064) ривояти). Ибн Абдулбар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳадисдаги “ичингиздан” деган сўзнинг маъноси “сизларга қарши” дегани. Уларнинг чиқиши саҳобалар замонасида юз берган” (“Истизкор” 2\497).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зулхувайсира ҳақида: “У ва унинг шериклари Қуръон ўқишади, лекин бўғизларидан нарига ўтмайди. Улар худди камон ўқи нишонни тешиб чиққандек диндан чиқиб кетишади” – деганлар (Бухорий (5058) ривояти). Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Зулхувайсира Тамимий – хаворижларнинг етакчиси. У Наҳравон жангида қатл қилинган” (“Исоба” 2\49).

Ҳарурийлар: “Ҳукм чиқариш фақат Аллоҳга хос” дейишганида Али розияллоҳу анҳу: “Бу ҳақ сўз, лекин ортидан ботил кўзда тутилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга бир тоифани сифатларини айтиб берганлар. Мен ана шу сифатларни ўшаларда кўряпман” – деганлар.

Изоҳ қолдиринг