Ёш чорва ҳайвонларининг закоти

0

Ёш чорва ҳайвонларининг закоти:

Ёш чорва ҳайвонлари деганда бузоқ, буталоқ, қўзичоқ ва улоқча сингари ҳайвонлар кўзда тутилади. Бундай ҳайвонларнинг икки хил ҳолати мавжуд:

  1. Кишининг нисобга етган туя, қорамол ёки қўй-эчкилари бўлиб, улар ҳавл – йил асносида туғса, аксар уламоларнинг фикрича, йил охирида ҳаммасидан закот чиқариш вожиб бўлади, яъни ёш чорва ҳайвонлари ҳам катталарига қўшиб ҳисобланади. Бироқ закотга ёш ҳайвонлар берилмайди. “Муваттоъ”да ривоят қилинишича, Умар розияллоҳу анҳу Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафийга шундай дейди: “Чўпон қўлида кўтариб юрадиган улоқча (ёки қўзичоқ)ни ҳам ҳисобла, бироқ уни ёки семиз қўй-эчкини закот сифатида олма…”.

  2. Кишининг нисобга етган ёш чорва моллари бўлиб, уларга ҳавл айланган бўлса, Абу Ҳанифанинг фикрига, шунингдек, имом Аҳмаддан нақл қилинган бир фикрга кўра, улардан закот бериш вожиб эмас. Молик, Шофеий, шунингдек, Аҳмаддан нақл қилинган бир ривоятга кўра, ушбу ёш чорва молларидан ҳам закот чиқариш вожиб бўлиб, закот сифатида ёш ҳайвонлардан берилади. Шунга кўра, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг «Агар мендан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бериб юришган биргина қўзичоқни ман қилсалар, бу қилмишлари учун уларга қарши жанг қилурман»[1], деган сўзи мазкур охирги фикрга биноан айтилган дейилади.

Бироқ Сувайд ибн Ғафладан ривоят қилинган ҳадис юқоридаги фикрга нисбатан чигаллик пайдо қилади. Ҳадисда шундай дейилади: «Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан тайинлаган закотчи келди. Унинг шундай деганини эшитдим: «Биз «розеу лабан» – сут эмувчи (ёш чорва молларидан ёки сут эмизувчи чорва моллари)дан закот олмаймиз. Закот (миқдорининг кўпайиши ёки камайиши)дан қўрқиб (бир неча кишига оид) алоҳида чорва молларини қўшиб, шунингдек, (бир кишига оид) йиғилиб турган чорва молларини ажратиб ҳам ҳисобламаймиз”. Бир киши закотчига баланд ўркачли туясини олиб келди, бироқ закотчи уни олишдан бош тортди[2].

Ҳадисдаги «розеу лабан» сўзи юқорида ишора қилиб ўтганимиздек икки хил изоҳланган:

Биринчиси: сут эмувчи ёш чорва моллари;

Иккинчиси: соғиладиган чорва моллар. Чунки соғиладиган чорва моллари одамлар наздида энг яхши моллар саналади. Бу фикр Хаттобийнинг фикри бўлиб, айни дамда бошқа ҳадислар мазмунига, шунингдек, юқорида келтирилган Умар ибн Хаттобнинг кўрсатмасига ҳам мосдир, валлоҳу аълам.

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: «Чорва молларидан ҳар бир турининг ёшлари катталари билан қўшиб ҳисобланади. Бироқ закот сифатида фақат ўртача ҳайвон олинади. Борди-ю, барчаси ёш бўлса, у ҳолда баъзи уламоларнинг фикрича, кичигидан закот олинаверади, баъзиларнинг фикрича, унинг ўрнига каттасидан сотиб олиб беради»[3].

[1] Бухорий (1399, 1456), Муслим (20), Абу Довуд (1556), Термизий (2607) ва Насоий  (5/14, 7/77) ривоят қилишган.
[2] Абу Довуд (1579), Насоий  (7/30) ва Ибн Можа (1801) ривоят қилишган.
[3] “Фатово” (25/37).

Изоҳ қолдиринг