Кундалик зикрлар: масжидга кириш-чиқишда ўқиладиган дуо

0

Абу Усайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар бирортангиз масжидга кирса: “Аллоҳим, менга раҳматинг эшикларини очгин” – десин. Чиқишида эса: “Алоҳим, Сенинг фазлингдан сўрайман” – десин” (Муслим (713) ривояти).

Бу зикрнинг арабча ўқилиши қуйидагича:
Масжидга киришдан олдин: “Аллоҳуммафтаҳ лий абвааба роҳматик”.
Масжиддан чиқишда: “Аллоҳумма инний асъалука мин фазлик”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар бирортангиз масжидга кирса, набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом айтсин ва : “Аллоҳим, менга раҳматинг эшикларини очгин” – десин. Чиқишида ҳам набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом айтсин ва: “Аллоҳим, мени бадарға қилинган шайтондан ҳимоя қил” – десин” (Насоий “Кубро”да (9838) ва Ибн Можа (773) ривоят қилган).

Бу зикрнинг арабча ўқилиши қуйидагича:
Масжидга киришдан олдин: “Ассалааму алан набий, Аллоҳуммафтаҳ лий абвааба роҳматик”.
Масжиддан чиқишда: “Ассалааму алан набий, Аллоҳуммаъсимний минаш шайтонир рожийм”.

Масжидлар Аллоҳнинг уйи ҳисобланади. У ерга борганлар тоат-ибодат билан Аллоҳнинг раҳматига интилишади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга киришдан олдин Аллоҳнинг раҳматини сўрашимизни тавсия қилганлар. Одатда масжиддан чиққандан сўнг аксар инсонлар оила тебратиш учун ҳалол ризқ истагида чиқишади. Тоат-ибодатдан чиққан инсон солиҳ амалларни қилиб, муборак жойдан чиқишида Аллоҳнинг фазлидан сўраши жуда ҳам ўринли. Бу ҳақда Тийбий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Менимча масжидга киришдан олдин раҳмат сўраш, чиқишда эса Аллоҳнинг фазлини сўрашнинг сири шундаки, масжидга кирган инсон савоб ва жаннатга элтувчи амалларни бажаради. Шунинг учун у Аллоҳнинг раҳматини сўраши муносибдир. Масжиддан чиққан киши эса ҳалол ризқ топишга интилади. Шунинг учун Аллоҳнинг фазлини сўраш муносиб бўлади. Негаки, Аллоҳ таоло: “Ерда кезинглар ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинглар” – деган (яъни оятда ризқ Аллоҳнинг фазли деб аталган)[1]”. Демак, масжидга кириш ва чиқишда мазкур дуони айтган киши Аллоҳдан дунё ва охират яхшилигини сўраган бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисида мазкур зикрдан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом айтиш, масжиддан чиқишда эса шайтондан паноҳ тилаш кераклиги баён қилинган. Масжиддан чиқишда шайтондан паноҳ тилашнинг ҳикмати Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда баён қилинган. У ҳадис жуда ҳам заиф бўлса-да, юқоридаги Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисига шарҳ сифатида келтиришни ўринли деб топдик. Абу Умома розияллоҳу анҳунинг заиф ҳадисида айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар бирортангиз масжиддан чиқмоқчи бўлса, иблис қўшинлари бир-бирини чақириб, йиғилишиб, худди асаларилар она асалари олдига йиғилганидек тўпланишади. Бирортангиз масжид эшиги олдига келса: “Аллоҳим, Сендан иблис ва унинг қўшинларидан паноҳ сўрайман” – десин. Агар шундай деса, иблис унга зарар бера олмайди” – деганлар (Ибн Сунний “Амалул явми вал лайла” китобида (154) ривоят қилган).

[1] “Мирқотул мафотийҳ” 2\596.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг