Жунуб инсонни кўрганлар ҳам ғусл қилиши керакми?

0

Савол:

Жинсий яқинликдан кейинги ғусл ҳақида тушунтириб берсангиз. Ғусл қилмасдан одамларга кўриниш мумкин эмас, акс ҳолда, уни кўрганлар ҳам ғусл қилишлари керак бўлади, дейишади. Шу гап тўғрими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Жинсий яқинликдан сўнг ғусл қилиш фарз. Бунда хилоф йўқ. Бироқ жинсий яқинликдан кейиноқ ғусл қилиш шарт эмас. Бизда жунуб инсон нопок бўлади, деган нотўғри тушунча бор. Бу тушунча ҳатто баъзи саҳобаларда ҳам бўлган. Масалан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни узоқдан кўриб, ўзини четга олган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунинг сабаби ҳақида сўраганларида у: “Жунуб эдим, нопок ҳолатимда сиз билан кўришишни маъқул кўрмадим” – деб жавоб берган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Субҳаналлоҳ! Мўмин нопок бўлмайди” – деб, бу тушунча нотўғри эканини баён қилганлар (Бухорий (279) ва Муслим (371) ривояти).

Жунуб киши дарҳол ғусл қилиши шарт эмаслигига яна бир далил шуки, бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда имомга ўтишларида одамлар сафда туришганидан сўнг жунуб эканлари ёдларига тушиб, саҳобаларга кутиб туришларини айтганлар ва ғусл қилиб келиб, намозни бошлаганлар (Бухорий (639) ва Муслим (605) ривояти). Агар жунуб киши дарҳол ғусл қилиши шарт бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жунуб эканларини унутмаган, балки жунубликдан сўнг дарҳол ғусл қилган бўлардилар.

Хулоса шуки, инсон жинсий яқинликдан сўнг дарҳол ғусл қилиши шарт эмас. Балки ғусл қилишдан олдин одамлар билан сўзлашиш, овқатланиш ва ҳоказо ишларни қилиш жоиз. Жунуб инсонни кўрганлар ҳам ғусл қилиши керак, деган гап асоссиздир.

Танбеҳ: ғусл қилишдан олдин ўқиладиган муайян бир дуо йўқ. Ғуслдан олдин қалбда жунубликдан покланишни ният қилишнинг ўзи кифоя. Шунингдек, намоз, Қуръон тиловати каби жунубликдан пок бўлиш талаб қилинадиган ибодатларга тайёр туриш мақсадида имкон қадар тезроқ ғусл қилиш афзалдир, албатта, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг