Мутлақ эҳром боғлаш ёки “фалончи нимага эҳром кийган бўлса шунга эҳром кийдим” дейиш

0

Мутлақ эҳром боғлаш ёки “фалончи нимани ният қилиб эҳром кийган бўлса, мен ҳам шунга эҳром кийдим” дейиш:

Агар бир киши «фалончи нимани ният қилиб эҳром кийган бўлса, мен ҳам шунга эҳром кийдим», деса жоиз. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Али розияллоҳу анҳу (Ямандан) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: «Эй Али, нимани ният қилиб эҳром кийдинг?», деб сўрадилар. «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам нимани ният қилиб эҳром кийган бўлса, мен ҳам шунга эҳром кийдим», деди Али» [Муттафақун алайҳи][1].

Мазкур ҳолатда инсон кимнинг ниятига эргашиб эҳром кийган бўлса, ўшанинг ҳукмида бўлади. Агар фалончи ҳаж турларидан ифродни ният қилган бўлса, у ҳам ифрод ҳажга эҳром кийган, агар таматтуъни ният қилиб эҳром боғлаган бўлса, у ҳам мутаматтеъ ҳукмида бўлади. Аммо фалончи ҳажжи қиронни ният қилиб эҳром кийган бўлса, у ҳолда фалончига ўхшаб ўзи билан қурбонлик олган бўлса, ҳажжи қирон қилади, борди-ю, қурбонлиги бўлмаса, унда умра қилиб эҳромдан чиқади ва ҳажжи қиронни таматтуъга айлантиради. Собит бўлишича, Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу ҳам Ямандан келади ва худди Али розияллоҳу анҳу каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эҳроми ва талбиясига эргашади. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Мусони ҳажни ўрнига умра қилишга, яъни таматтуъ қилишга, Алини эса эҳромдан чиқмасликка буюриладилар. Негаки, Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам каби ўзи билан бирга қурбонлик олиб келган, Абу Мусо эса ундай қилмаган эди.

Агар инсон эҳром кийишда ифрод, қирон ёки таматтуъдан биронтасини ният қилмаса (балки «Лаббайкаллоҳумма билҳаж» деб мутлақ ҳажни ният қилса), жумҳур уламоларнинг фикрича, эҳроми дуруст бўлаверади ва ниятини ўзи истаган ҳаж турига буриб юбориши мумкин. Уларнинг айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай қилишдан қайтармаганлар. Моликий мазҳаби ва Кўфа уламоларининг фикрича, бу тариқа эҳром боғлаш дуруст эмас. Рожиҳ фикр жумҳур уламолар фикридир[2].

[1] Бухорий (1558), Муслим (1250) ва Термизий (956) ривояти.
[2] Қаранг: «Найлул автор» (5/51).

Изоҳ қолдиринг