Сийрат: арабларнинг исломдан олдинги ижтимоий ҳолати (2)

0

Никоҳ

Араблар урф-одатида никоҳнинг турли кўринишлари бор бўлиб, ким қай турдаги никоҳни танлашидан қатъий назар, асло маломат қилинмас эди. Никоҳ турлари ҳақида Ойша розияллоҳу анҳо шундай дейди: “Жоҳилиятда тўрт хил никоҳ бор эди:

  • Бугунги кунимиздаги никоҳ: эркак аёлнинг валийсидан аёлнинг қўлини сўрар ва унга маҳр бериб уйланар эди.

  • Аёл ҳайзидан тоза бўлиши билан эри унга: “Фалончининг олдига бориб, ундан насл ол” – дер ва хотини шу эркакдан аниқ ҳомиладор бўлмагунича унга яқинлик қилмасди. Аёли аниқ ҳомиладор бўлгач, хоҳласа яқинлик қиларди. Бу иш бола қобилиятли бўлиши учун қилинарди. Никоҳнинг бу тури “истибзоъ”, яъни насл олиш деб аталарди.

  • Ўнга яқин эркаклар йиғилиб, бир аёлга яқинлик қилишарди. Агар аёл ҳомиладор бўлиб, фарзанд кўрса, бир неча кун ўтганидан сўнг шу ишни қилганларга хабар берарди. Хабарни эшитгач, эркакларнинг ҳеч бири оталик масъулиятидан бош тортиши мумкин эмас, барчалари йиғилиши шарт эди. Улар йиғилишганида аёл: “Бўлиб ўтган ишдан хабарингиз бор. Мен фарзандли бўлдим. Фалончи, бу сенинг фарзандинг” – деб, ўзи хоҳлаган бирининг исмини айтарди. Шу тариқа, фарзанд ўша эркакнинг боласи ҳисобланиб, эркак бундан бош тортишга ҳаққи йўқ эди.

  • Кўп эркаклар йиғилиб, бир аёлнинг ҳузурига киришарди. Уларнинг қай бири яқинлик қилишни хоҳласа, аёл уни қайтариши мумкин эмасди. Бу аёллар фоҳиша бўлиб, белги сифатида эшикларига байроқ осиб қўйишарди. Ким хоҳласа кириб яқинлик қилаверарди. Аёл ҳомиладор бўлиб, фарзанд кўрса, унга яқинлик қилган барча эркаклар бир ерга йиғилиб, фарзанддаги белгиларга қараб унинг насл-насабини аниқлаб берадиган мутахассислар чақириларди. У мутахассислар бола кимнинг фарзанди эканини айтсалар, бола ўшанга нисбат берилар ва эркак бундан бош тортишга ҳаққи бўлмасди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ислом динини келтирганларидан сўнг бугунги кундаги шаръий никоҳдан бошқа жоҳилиятга оид никоҳларнинг барчаси бекор қилинди”[1].

Баъзи уламолар никоҳнинг Ойша онамиз айтмаган кўринишлари ҳам бўлганини айтишган. Жумладан:

  • Хадан (ўйнаш) никоҳи. Арабларда ҳеч ким билмаса айб эмас, ошкораси гуноҳ, деган тушунча бўлган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Ўйнаш қилиб олманглар” – деган. Бу ишни никоҳ эмас, зино деб аташ тўғрироқ бўлса керак.

  • Мутъа никоҳи. Бу маълум муддатгача тузилган никоҳ шартномаси.

  • Бадал никоҳи. Жоҳилиятда баъзи эркаклар бошқа бир эркакка: “Хотинингни менга бериб тур, мен сенга ўзимнинг хотинимни бериб тураман ва яна қўшимчасига пул ҳам бераман” – деб таклиф қиларди.

  • Шиғор никоҳи. Инсон бирига қизини бериб, маҳр эвазига унинг қизига уйланиши, натижада ҳар иккала қизга ҳам маҳр берилмас эди.

Шунингдек, жоҳилият даврида бир вақтнинг ўзида опа-сингилга уйланиш, эркак хоҳлаган миқдорда аёлларни ўз никоҳига олиши кенг тус олган эди. Бинобарин, тўрттадан кўп хотини бўлган эркаклар сон-саноқсиз бўлишган. Ислом келганида баъзи эркакларнинг ўнта, баъзиларнинг ундан кўпроқ ёки камроқ хотини бўлган. Шариат эса нафақа бериб, адолат қилишга кўзи етганларга тўртта аёлга уйланиши мумкин эканини, адолат қилишга кўзи етмаганлар эса битта хотинга чекланишлари кераклигини айтиб, кўпхотинликда хотинлар сонини тўрттага чеклаган. Жоҳилият даврида хотинлар ўртасида адолат қилинмаган, уларга жуда ҳам ёмон муомала қилинган ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилган. Ислом келиб, эркакларни аёлларга яхши муомала қилишга, кўпхотинлиларни хотинлари ўртасида адолат қилишга буюрди ва аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини белгилаб берди.

Талоқ

Жоҳилият даврида талоқнинг муайян бир сони бўлмаган. Эркак хотинини хоҳлаганича талоқ қилиб, қайтариб олаверар эди. Бу қоидага исломнинг бошланғич даврларида ҳам амал қилинган. Сўнг Аллоҳ таоло: “Қайтиб олиш мумкин бўлган ражъий талоқ икки марта бўлади. Ё яхшиликча яшаш лозим, ё гўзал тарзда қўйиб юбориш керак” – деган оятни нозил қилган. Шу тариқа, ислом талоқ қилиш сонини чеклаб қўйди. Эркакка қилган хатосини тузатишига икки марта имкон берди. Бироқ учинчи марта хотинини талоқ қилса, бошқа эрга тегиб чиқмагунича уни қайтариб олиши мумкин эмас. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилган: “Агар уни учинчи марта талоқ қилса, энди токи бошқа эрга никоҳланмагунича унга ҳалол бўлмайди. Агар (иккинчи) эри уни талоқ қилса, Аллоҳнинг буйруқларини бажарамиз деб ўйлашса, унда (биринчи эри билан) қайта никоҳланишларининг зарари йўқ” – деган.

Шунингдек, жоҳилиятда эркак аёлига: “Сен менга худди онамдек ҳаромсан” – деса, аёли унга бир умрга ҳаром бўлиб қолар эди. Бу турда талоқ қилиш зиҳор деб аталарди. Ислом талоқ сонини чеклаш билан бир қаторда зиҳорни ҳам ҳаром қилди.

[1] Бухорий (5127) ривояти.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг