Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотлари, Бану Соида шийпонидаги тортишув ва Абу Бакрга байъат берилиши (3)

0

Фожеанинг оғир юки ва Абу Бакрнинг бунга муносабати

Ибн Ражаб айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида мусулмонлар бундан қаттиқ ларзага тушдилар. Баъзилари бутунлай ўзини йўқотиб, гангиб қолди, баъзилар ўтирган ўрнидан туролмай қолди, баъзиларнинг тили соқов бўлиб гапиролмай қолди, баъзилари эса у зотнинг вафотларини қаттиқ инкор қилди.

Қуртубий ушбу мусибатнинг залворини ва унинг одамларга кўрсатган таъсирини шундай баён қилади: “Энг оғир мусибат диндаги мусибатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирингизга бирор мусибат етса, мен (вафот этишим) туфайли етган мусибатини эсласин. Зеро, бу энг оғир мусибатдир[1], деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рост айтдилар. Чунки у зот вафотлари туфайли етган мусибат то қиёмат мусулмон кишига етадиган мусибатларнинг энг оғиридир: ваҳий тўхтади, пайғамбарлик тугади, арабларнинг муртад бўлиб кетиши ва бошқа кўринишларда илк ёмонликлар зоҳир бўлди, хайру баракот узилиши ва камайиши бошланди”[2].

Ибн Исҳоқ айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида мусулмонларнинг мусибати ўта оғир бўлди. Менга етган хабарларга кўра, Ойша розияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этгач, баъзи араблар диндан қайтишди, яҳуд ва насоролар бўйинларини чўзишди, мунофиқлик зоҳир бўлди, мусулмонлар пайғамбарларидан айрилиб, худди ёғин-сочинли қиш кечасида қолган қўйлардек ночор аҳволда қолди”.[3]

Қози Абу Бакр ибн Арабий айтади: “Беқарорлик ҳолати ҳукм сурар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотлари мусулмонлар қаддини букиб қўйган бир умрлик мусибат бўлганди. Али Фотиманинг уйига кириб олиб, ҳеч кимга кўриниш бермас, Усмон сукутга чўмган, Умар эса баланд овозда: “Айрим мунофиқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни вафот этди деб даъво қилишмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлганлари йўқ, худди Мусо ибн Имрон Рабби ҳузурига кетиб, қавмидан 40 кун йўқ бўлиб, ўлди деб гап тарқалганидан кейин қайтиб келгани каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Раббилари ҳузурига кетдилар. У зот албатта қайтиб келадилар ва ўзларини ўлди деб айтган кишиларнинг қўл-оёқларини кесадилар”, дер эди”[4]. Абу Бакрга хабар етгач, Сунҳдаги уйидан отлиқ тушиб келиб, масжид эшиги олдида отдан тушди. Одамларга бир оғиз ҳам гапирмай, тўғри Ойшанинг уйларига кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига борди. У зот йўл-йўл матога ўраб қўйилган эдилар. Юзларини очиб, ўпди. Сўнг йиғлаб туриб: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, Аллоҳ сизга иккита ўлимни жамламайди. Сиз ўзингизга битилган ўлимни тотибсиз”, деди[5].

Сўнг Абу Бакр ташқарига чиқди. Умар одамларга гапириб турган эди. Абу Бакр унга: “Ўтиринг эй Умар!”, деди. Умар унга парво қилмай гапираверди. Шунда Абу Бакр шаҳодат калимасини айтиб, гап бошлаган эди, одамлар Умарни тарк этиб, унга юзландилар. Абу Бакр шундай деди: “Аммо баъд. Сизлардан қай бир киши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ибодат қилиб келган бўлса, билсинки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар. Сизлардан қай бир киши Аллоҳга ибодат қилиб келган бўлса, Аллоҳ ўлмайдиган барҳаёт Зотдир. Аллоҳ айтади: “Муҳаммад фақат бир пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтган. Бас, агар у вафот этса ёки ўлдирилса, кетингизга (куфрга) қайтиб кетасизми?! Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилувчи бандаларини муносиб мукофотлайди” [Оли Имрон: 144]”Одамлар йиғлаб юбордилар[6].

Ибн Аббос айтади: “Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, одамлар то Абу Бакр тиловат қилмагунча ушбу оятни Аллоҳ нозил қилганини гўё билмагандек, уни биринчи бор эшитиб тургандек қабул қилдилар. Кимни кўрмай, мана шу оятни ўқиётганини эшитардим”.

Умар деди: “Аллоҳга қасамки, Абу Бакрнинг ушбу оятни ўқиганини эшитганимдан кейингина мен унинг ҳақ эканини билдим ва оёқларимдан мадор кетиб, ерга ўтириб қолдим. Шундагина Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақиқатан вафот этганларини англадим”[7].

Қуртубий айтади: “Бу Сиддиқнинг шижоати ва журъатига энг ёрқин далилдир. Зеро, шижоат ва журъатнинг меъёри мусибатлар етган пайтда қалб ўз саботини йўқотмаслигидир. Зотан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан оғирроқ мусибат бўлмайди. Шундай пайтда Абу Бакрнинг шижоати ва илми намоён бўлди. Баъзи одамлар, улар қаторида Умар ҳам: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлганлари йўқ”, дерди, Усмон гўё соқов бўлиб қолганди, Али беркиниб олганди, иш ўта беқарор ҳолда эди, Сиддиқ етиб келиб, ҳамма нарсани жой-жойига келтириб қўйди”[8].

Сиддиқнинг қисқагина шу сўзлари ва Қуръони Каримдан келтирган далил-ҳужжати билан кўзлар ярқ этиб очилгандек бўлди, одамлар эс-ҳушларини йиғиб, ўзларига келдилар. Нақадар ҳаққоний сўзлар эди Сиддиқнинг бу сўзлари! Ҳа, дарҳақиқат, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мангу барҳаёт ва асло ўлмас ягона Зотдир. Бинобарин, ибодатга ҳам ёлғиз Унинг ўзи лойиқдир. Ислом дини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин ҳам то қиёматгача давом этадиган диндир. Сиддиқ розияллоҳу анҳу айтганидек: “Аллоҳнинг дини қойимдир, Аллоҳнинг калимаси мукаммалдир, Аллоҳ динига ёрдам берганларга ёрдам беради, Ўз динини азиз қилади. Аллоҳнинг Китоби олдимизда турибди, у нур ва шифодир. Аллоҳ у билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳидоятга йўллади. Унда Аллоҳнинг ҳалоллари ва ҳаромлари бор. Қасамки, Аллоҳнинг қиличлари суғурилгандир, биз ҳали уларни қўлимиздан қўймадик. Биз душманларга қарши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қандай жиҳод қилган бўлсак, ўшандай жиҳод қилишда давом этамиз. Ҳар ким неки қилса, ўз жонига қилади”[9].

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари оғир мусибат ва улкан синов бўлди. Ушбу ҳодиса асносида ва ундан кейинги воқеа-ҳодисаларда Сиддиқ шахсиятининг ҳақиқий раҳбар ва беназир йўлбошчи сифатидаги қирралари зоҳир бўлди. Унинг қалбини иймон нури мунаввар этганди. У бандалик, пайғамбарлик ва ўлим моҳиятини яхши англарди. Ҳаммани бирдек гангитиб, саросимага тушириб қўйган ана шундай оғир мусибат чоғида унинг тенгсиз донишмандлиги намоён бўлди. “Ким Аллоҳга ибодат қилиб келган бўлса, Аллоҳ ўлмайдиган барҳаёт Зотдир” деган сўзлари билан одамларни иймон ва тавҳидга йўллаб қўйди. Одамларнинг қалбларида ўрнашган тавҳид Сиддиқнинг эслатмаси билан жунбушга келиб, улар зудлик билан ҳаққа қайтдилар[10].

[1] Доримий (86), санади саҳиҳ. Албоний, “Ас-силсила ас-саҳиҳа” (1106).
[2] Тафсири Қуртубий (2/176).
[3] Ибн Ҳишом (4/323).
[4] “Ал-авосим минал қавосим” (38).
[5] Бухорий (4452).
[6] Бухорий (3668).
[7] Бухорий, Китобул жаноиз (1242).
[8] Тафсири Қуртубий (4/22).
[9] Байҳақий, “Далоилун нубувва” (7/218).
[10] “Истихлоф Абу Бакр Сиддиқ” (160).

Изоҳ қолдиринг