Мажҳуллик ва алданиш сабабли ҳаром қилинган савдолар

0

Иккинчидан: “ғарар” сабабли ҳаром қилинган савдо-сотиқлар

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «тошча» савдоси ҳамда “ғарар” савдо-сотиғидан қайтардилар[1].

“Ғарар” сўзи луғатда “ноқислик”, “хатар” ва “мажҳуллик” маъноларини англатади. “Ғарар” – алдаш ва ботил йўллар билан қизиқтирмоқ”[2].

Хаттобий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ғарар деганда аслида инсон билиши имконсиз, ботини ва ичи махфий бўлган нарса тушунилади. Ҳар қандай савдо-сотиқки, ундан кўзда тутилган мақсад (яъни савдо объекти) мажҳул ва номаълум бўлса, уни қўлга киритиш ва тасарруф қилиш имконсиз бўлса, у ғарар савдосидир. Сувдаги балиқни, ҳаводаги қушни, денгиз қаъридаги маржонни, эгасидан қочган қулни, дайди туяни, харидор кўрмаган ёки ёйиб қарамаган қопдаги матони, очиб кўрсатмаган омбордаги донни, ҳайвон қорнидаги ҳомилани, пишиб етилмаган дарахт мевасини ва ҳоказо ноаниқ нарсаларни, вужудга келиш ё келмаслиги мажҳул нарсаларни сотиш “ғарар” савдосига киради. Бундай нарсалар устида қилинган савдо дуруст бўлмайди[3].

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Ғарар савдоси ҳаромдир. Бу савдо остига кўплаб савдо-сотиқ турлари киради. Зеро, ғарар савдо-сотиқ бобидаги энг асосий қоидалардан биридир.

(2) Агар савдо-сотиқда оз миқдорда мажҳуллик ва алданиш мавжуд бўлиб, ундан сақланиш имконсиз ёки машаққатли бўлса ёхуд одамлар ўзаро олди-бердиларда бепарво қарайдиган ёки кечиб юборадиган миқдорда оз бўлса, савдонинг дуруст бўлишига таъсир қилмайди. Масалан, сотиб олинган ҳовли пойдеворининг ҳолатини ёки тўннинг ичига солиб қавилган нарсанинг ҳолатини билмаслик ана шундай мажҳуллик ва алданишга мисол бўла олади. Шунингдек, ҳовли-жойларни бир ойга ижарага бериш жоизлиги ҳам шу қабилдан. Чунки бир ой ҳижрий ҳисобда гоҳида ўттиз кун бўлса, гоҳида йигирма тўққиз кундан иборат бўлади. Бироқ бу каби савдо-сотиқлардаги ғарарга – мажҳуллик ва алданишга эҳтиёж борлиги, қолаверса, одамлар оз миқдордаги ғарарга бепарво қарагани сабабли ҳаром бўлмайди.

(3) Агар бир кишининг ҳовузи бўлиб, ичида осонгина овлаш мумкин бўлган балиқлари бўлса, устига-устак ҳовуз суви тиниқ бўлиб, ичидаги балиқлар яққол кўриниб турса, бу ҳолатда уларни сотиш жоиздир. Чунки балиқлар маълум ва кўриниб турар экан уларни сотишда ҳеч қандай мажҳуллик ва алданиш йўқ.

(4) Ғарар савдосида бировнинг мол-мулкини ботил йўл билан ўзлаштириш борлиги сабаб ҳаром қилинди. Чунки ғарар савдо-сотиқлар баъзи жиҳатдан қиморга ўхшайди.

Савдо-сотиқдаги ғарар турлари:

  • – савдо объектининг мажҳуллиги;

  • – савдо объектининг ҳануз мавжуд эмаслиги;

  • – савдо объектини харидорга топшириш имконсизлиги.

Ғарар савдосига мисоллар:

(1) «Тошча» савдоси:

«Тошча» савдоси ғарар савдолар жумласидан. Уламолар бу савдони турлича изоҳлаганлар. Жумладан:

  • Сотувчи харидорга: «Мана бу тошчани олиб от, қайси кийимнинг устига тушса, ўшани сенга фалон пул эвазига сотаман», дейиши;

  • Бир тошчани отганда етиб боргулик масофадаги ерни маълум миқдор пулга сотиш;

  • Харидор бир ҳовуч тошчаларни олиб: «Ҳовучимдаги тошчалар миқдорича товар берасан» ёки сотувчи бирон бир товарни сотар экан бир ҳовуч тошчаларни олиб: «Ҳовучимда қанча тошча бўлса, шунча дирҳам берасан», дейиши.

[1] Муслим (1513), Абу Довуд (3376), Термизий (1230), Насоий (7/262) ва Ибн Можа (2194) ривоят қилишган.
[2] “Муъжамул васийт” (2/648), “Эҳёит туросил исломий” нашриёти.
[3] “Маолимус сунан” (3/672).
Умуман олганда “ғарар” савдо-сотиғи деганда сиртдан қараганда инсонни қизиқтирадиган, бироқ ботини ва оқибати мажҳул бўлган савдо-сотиқлар назарда тутилади.

Изоҳ қолдиринг