Атиргул ҳақида келган ҳадис саҳиҳми?

0

Савол:

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади,  Пайғамбаримиз:  “Мен осмонга кўтарилаётганимда ортимдан ер йиғлай бошлади ва унинг ўсимликларидан нур тарқалди. Ерга қайтиб келганимда, теримдан бир томчи ерга тушиб, ундан атиргул ўсиб чиқди. Шундай экан, ким менинг ҳидимни ҳидлашни хоҳласа, қизил атиргулни ҳидласин”, дедилар.

Ушбу ҳадис саҳиҳми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Мазкур ҳадис тўқима ҳадис бўлиб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат бериш жоиз эмас. Уни Рофеий “Тарихи Қазвийн”да (2/326-327),  Ибн Адий “Комил”да (2/753-754),  Ибн Жавзий “Мавзуот”да (3/61-62) ва Суютий “Лаолил маснуа”да (3/234) келтирганлар.

Бир қанча муҳаддис уламолар унинг тўқима, ёлғон ҳадис эканини баён қилишган. Қуйида уларнинг айрим сўзларини келтирамиз.

  1. Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу ҳадис Анас, Жобир ва Ойша розияллоҳу анҳум номларидан тўқиб чиқарилган ёлғон ҳадис” [“Талхисул мавзуот”, 1/270].

  2. Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ Ибн Нажжордан нақл қилиб шундай дейди: “Бу тўқима, таги йўқ ҳадис” [“Лисонул мезон”,  5/54].

  3. Жалолиддин Суютий раҳимаҳуллоҳ: “Тўқима ҳадис”, деган [“Лаолил маснуа”, 2/234].

  4. Шавконий раҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Тўқима, ёлғон ҳадис” [“Фавоидул мажмуа”,  1/196].

  5. Аҳмад ибн Абдукарим Ғаззий шундай деган: “Бу ҳадиснинг ҳеч бир санади саҳиҳ эмас. Ибн Асокир, Ибн Ҳажар ва улардан бошқа уламолар уни тўқима ҳадис дейишган” [“Алжиддул ҳасис”,  1/68].

  6. Нуриддин Киноний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу ҳадис ривоят қилинган барча санадларнинг таги йўқ”, яъни барчаси тўқима ҳадис [“Танзиҳуш шариа”, 2/270].

Валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг