Нажосатлар бобига оид мулоҳазалар

0

Бешинчи масала: нажосатнинг бошқа моддага айланиши ҳукми

Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар инсон ахлати ёки ўлимтик ўтда куйдирилса ёки ўзгариб кул ёки тупроққа айланса, пок бўлади»[1].

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: «Тўғрироқ фикрга кўра, нажосат бошқа моддага айланиши натижасида пок бўлади. Бу Абу Ҳанифа ва Молик мазҳаби, шунингдек, Аҳмад мазҳабидаги икки фикрдан биридир»[2].

Нажосатлар бобига оид мулоҳазалар:

(1) Агар мушук бирон нажас нарсани еб, сўнг бир мунча вақт кўздан ғойиб бўлгач, қайтиб келиб бирон идишдаги сувдан ичса, сув поклигича қолаверади. Борди-ю, нажас нарсани егач, бирданига ўша идишдан сув ичса, у ҳолда сувнинг нажосат бўлиш ёки бўлмаслигида икки хил қараш мавжуд. Бу борадаги тўғри фикрга кўра, олдин айтиб ўтганимиздек, сувнинг сифатлари ўзгарсагина нажосат бўлади.

(2) Агар кийим ёки баданга нажосат тегса, шариат талаб қилган иш нажосат теккан жойнигина тозалашдир. Баъзи авомлар бундай ҳолатда бутун бошли кийимни ювиш лозим деб ўйлайдилар.

(3) Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: «Сувлар масаласида шунчаки шак пайдо бўлиши билан эҳтиётдан нажосат деб ҳукм қилиш на мустаҳаб ва на жоиздир. Аксинча, сув масаласида унинг асл пок эканидан келиб чиқиб иш юритиш мустаҳабдир»[3].

Шунга кўра, инсон бадани ёки кийимига сачраган сувга шак қилса, унинг пок ёки нажосат эканини суриштириб ўтирмай, аслида сув жинсининг пок эканига амал қилиб кетавериши лозим.

Шайхулислом роҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар инсон бирон тезакнинг нажосат ёки поклигида шак қилса, нима қилиши лозим? Бу борада икки хил қараш мавжуд. Чунки масалага оид иккита қоида бор. Бири аслида тезаклар нажосат эканлиги бўлса, иккинчиси, аслида ҳар қандай модда пок эканлигидир. Охирги қоидага (яъни «аслида ҳар қандай модда покдир», деган қоидага) амал қилиш тўғрироқдир»[4].

(4) Жумҳур уламоларнинг фикрича, кийикдан олинадиган мушк бези (халтачаси) покдир. Мушк бези тирик ҳайвондан кесиб олинган парча гўшт ҳукмида эмас, балки чорва ҳайвонларидан туғиладиган бола, улардан олинадиган тухум, сут, жун ва ҳоказо нарсалар ҳукмида бўлади, валлоҳу аълам. Буни шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ зикр қилган[5].

(5) Агар бадани ёки кийимига нажосат текканидан бехабар ёки унутиб намоз ўқиса, уни қайтадан ўқиши шарт эмас. Борди-ю, намоз асносида кўриб қолса ёки эсига тушса, у ҳолда нажосатни кетказиши вожиб бўлади. Абу Довуд ва Аҳмад Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан саҳиҳ санад билан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари билан намоз ўқир эканлар, бирдан оёқ кийимларини ечиб, чап томонларига қўйдилар. Буни кўрган жамоат ҳам оёқ кийимларини ечдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни тугатгач шундай дедилар: «Нега оёқ кийимларингизни ечдингизлар?». «Сиз оёқ кийимингизни ечганингизни кўриб биз ҳам ечдик», дейишди саҳобалар. Шунда у зот айтдилар: «Жаброил келиб, оёқ кийимимда нажосат борлигини айтди…»[6].

(6) Нажосатлар, шунингдек, Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалар билан даволаниш жоиз эмас. Ҳадисда собит бўлишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Аллоҳ таоло умматимга шифо бўладиган нарсаларни уларга ҳаром қилган нарсаларда қилмади»[7].

(7) Нажосатларни инсон истеъмолидан бошқа мақсадларда, масалан, ўлимтикларни бургутларга едириш, нажосат матони ҳайвонлар устига солиш, кемаларни нажосат ёғлар билан ёғлаш, ароқдан олов ўчиришда фойдаланиш ва ҳоказо мақсадларда ишлатиш жоизми? Бу борадаги тўғри фикрга кўра, нажосатларни мазкур мақсадларда ишлатиш жоиздир.

Бунга Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис далил бўлади: “У Макка фатҳ қилинган йили Маккада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитади: “Албатта Аллоҳ таоло ва Расули  ароқ, ўлимтик, тўнғиз ва бутлар билан савдо-сотиқ қилишни ҳаром қилди”. Шунда у зотга дейилди: “Эй Расулуллоҳ, айтингчи, ўлимтикнинг ёғи нима бўлади? Негаки, у билан кемалар буёқ қилинади, терилар ёғланади ва одамлар унинг ёғини чироқларда ишлатадилар”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, у ҳаромдир”, дедилар”[8]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Йўқ, у ҳаромдир”, деган сўзлари билан уларни сотиш ҳукмини баён қилдилар-у, саҳобаларнинг бу нарсалардан фойдаланиш хусусидаги сўзларига эътироз билдирмадилар.

Санъоний роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ўлимтик ёғларини итларга, нажосат асални асалари ва бошқа ҳайвонларга едириш жоиздир. Буларнинг барчаси жоизлиги Шофеий мазҳабида бор»[9].

(8) Уйқудан уйғонган инсон қўлини уч бор ювмасидан олдин идишга ботирмаслиги лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Агар биронтангиз уйқудан уйғонса қўлини уч марта ювмагунча идиш(даги сув)га ботирмасин. Негаки, у қўлининг тунда қаерда қолганини билмайди». Бу дегани қўлини идишдаги сувга ботирса сув нажосат бўлиб қолади, дегани эмас. Балки бу тааббудий (яъни банда ибодат сифатида бажариши талаб қилинган) бир ишдир. Қўлини сувга ботирса ҳам сув асл поклигича қолаверади, валлоҳу аълам.

Шайхулислом роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «(Қўлни ювмасдан аввал идишга ботирмаслик) сабабини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги сўзлари билан баён қилганлар: «Агар биронтангиз уйқудан уйғонса, бурнига уч марта сув тортиб қоқсин. Зеро, шайтон унинг бурнида тунаган бўлади» [Муттафақун алайҳ]. Эҳтимол шайтон инсон қўлини ўйнаган, унинг соғлигига зарарли ёки сувни айнитувчи нарсаларни қолдириб кетган бўлиши мумкин. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлни уч марта ювмасдан аввал  идишга ботиришдан қайтардилар»[10].

(9) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оқмайдиган турғун сувга сийишдан қайтардилар»[11]. Негаки, бундай сувни ишлатиш натижасида инсон дилига васваса кириши ёки турғун сувга сийиш унинг нажосат бўлишига олиб бориши мумкин.

(10) Инсон бадани ёки кийимига сачраган кўча лойларини ювиш вожиб эмас. Бироқ унга оқава (канализация) сувлари каби нажосат аралашгани аниқ бўлса, у ҳолда ювиш вожибдир.

(11) Ҳожат ўтагач орқа ва олд авратни кесак билан тозалагандан кейин қоладиган оз миқдордаги нажосат асоратининг зиёни йўқ. Чунки одатда кесак ёки ҳожатхона қоғозлари нажосатни кетказса-да, бироқ унинг асоратини буткул йўқотмайди. Ҳолбуки, шариат қоидалари бандалардан машаққат ва қийинчиликларни кетказишга асослангандир.

(12) Кийим-кечакларни кир ювиш машиналарида ювиш, ичида нажосат текканлари бўлишига қарамай уалрнинг барчасини бир жойда тўплашнинг зиёни йўқ. Негаки, сув нажосатга устунлик қилиб, унинг асоратини кетказади, натижада унинг таъми, ранги ва ҳиди қолмайди. Рожиҳ фикрга кўра, кийимларни бу тариқа ювиш натижасида пок бўлади.

[1] «Муҳалло» (1/166).
[2] «Ал-фатовол мисрийя» (19-бет).
[3] «Ал-фатовол мисрийя» (16-бет).
[4] «Ал-фатовол мисрийя» (17-бет).
[5] «Ал-фатовол мисрийя» (17-бет).
[6] Саҳиҳ: Абу Довуд (650) ва Аҳмад (3/92) ривояти.
[7] Саҳиҳ: Ҳоким (4/218) ва Байҳақий (5/10) саҳиҳ санад билан Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан мавқуф ҳолида ривоят қилишган. Шундай бўлсада ҳадис марфуъ ҳадис саналади. Аҳмад «Ал-ашриба» (Ичимликлар) бобида (159) ва Байҳақий (5/10) Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган марфуъ ҳадис юқоридаги ҳадис мазмунини қўллаб-қувватлайди. Ушбу ҳадис ровийларининг барчаси «сиқа» (ишончли) ровийлардир. Бундан Ҳассон ибн Мухориқ мустасно бўлиб, уни Ибн Ҳиббондан бошқа муҳаддислар ишончли санашмаган. Бироқ шундай бўлсада ҳадис юқоридаги ривоят билан қўллаб-қувватланади.
[8] Бухорий (2236, 4633), Муслим (1581), Абу Довуд (3486), Термизий (1297), Насоий (7/309) ва Ибн Можа (2167) ривоят қилишган.
[9] «Субулус салом» (3/791-792). Қаранг: «Мухтасарул-фатовол мисрийя» (31-бет).
[10] «Мажмуул фатово» (21/44).
[11] Муслим (281), Ибн Можа (343) ва Аҳмад (3/350) ривояти.

Изоҳ қолдиринг