Асрдан кейин ухлаш ҳукми

0

Савол:

Аср билан шом орасида ухлашдан қайтарилганми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Асрдан кейин ухлаш тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ёки саҳобалардан бирон саҳиҳ ҳадис келмаган. Бу борада одамлар ўртасида кенг тарқалган ҳадис заиф ҳадисдир. Унда шундай дейилади: «Ким асрдан кейин ухлаб ақлдан озса, ўзидан кўрсин». Мазкур заиф ҳадисни Ибн Ҳиббон «Аз-зуафо вал мажруҳийн»да (1/283), Ибн Жавзий «Ал-мавзуот»да (3/69), Суютий «Ал-лаолиъ»да (2/150), Албоний «Ас-силсилатул аҳодисус саҳиҳа»да (1/112, 36-ҳадис) ва бошқалар ривоят қилишган.

Асрдан кейин ухлашнинг ҳукми тўғрисида уламолар икки хил фикр билдиришган:

  1. Кўпчилик фуқаҳолар фиқҳ китобларида зикр қилишича, асрдан кейин ухлаш макруҳдир. Улар бу фикрни қўллаб-қувватлаш учун юқоридаги заиф ҳадисга, шунингдек, баъзи салафи солиҳлардан нақл қилинган фикр ва тажрибаларга таянишган.

Жумладан, саҳоба Хаввот ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан нақл қилинишича, у асрдан кейин ухлашни аҳмоқлик деб билган. Тобеий Макҳулдан нақл қилинишича, у асрдан кейин ухлашни маҳруҳ деб билган ва асрдан кейин ухлаган кимса васвасага чалиниши мумкин деган [Қаранг: “Мусаннафи Ибн Абу шайба”, 5/339].

  1. Бошқа бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, асрдан кейин ухлаш жоиз. Чунки уни ман қиладиган бирон саҳиҳ далил йўқ. Шаръий ҳукмлар заиф ёки тўқима ҳадислар, шунингдек, одамлар тажрибасидан олинмайди.

Асрдан кейин ухлаш жоиз деган фикр рожиҳ – тўғри фикрдир. Чунки бу бобда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ ҳадис йўқ. Асрдан кейин ухламаслик тўғрисидаги айрим салафи солиҳлардан нақл қилинган сўзларга келсак, бу сўзлар тиббий нуқтаи назардан келиб чиқиб айтилган бўлиши керак. Чунки қадим арабларда, шунингдек, олдинги табибларда асрдан кейин ухлашнинг соғликка зиёни бор деган тушунча бўлган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бирон мўътабар далил бўлмагани боис асрдан кейин ухлаш макруҳ деб бўлмайди, балки бу иш шаръан жоиздир. Аммо тиббий жиҳатдан чиндан ҳам асрдан кейин ухлаш зарари ўз исботини топса, ўшанда бу ишдан қайтариш дуруст бўлади. Чунки инсон соғлигига зарар бўлган ишлар шариатда ҳам жоиз эмас, валлоҳу аълам.

(IslamQA саҳифасидан қисқартириб олинди)

Изоҳ қолдиринг