Қиблага юзланиш боби (1)

0

Каъбаи Муаззама барча мусулмонларнинг қибласи ҳисобланади. Каъба мусулмонлар бирдамлиги ва бирлигининг рамзи, шунингдек, у мусулмонлар юзланадиган ва уларнинг қалб ва руҳлари жамланадиган жойдир. Аллоҳ таоло Каъбаи Муаззамани инсонларнинг дин ва дунёси обод бўладиган жой, қийинчилик ва хавф-хатардан сақлайдиган бошпана қилиб қўйди. Инсонлар Каъба соясида хотиржамлик, омонлик ва иймон ҳаловатини топишади. Каъбанинг ҳаж-умра адо этиладиган жой сифатида давом этиб келиши ислом динининг сақланиб турганига белгидир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрат қилишларидан олдин Маккада бир вақтнинг ўзида ҳам Каъба, ҳам Байтул Мақдисга юзланиб намоз ўқир эдилар. Яъни Каъба у зотнинг қибла томонида жойлашган эди. Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларидан сўнг Байтул Мақдисга қараб намоз ўқидилар. Лекин у зот Каъба томонга қараб намоз ўқишни жуда-жуда хоҳлар эдилар. Зеро, Каъба ердаги энг муқаддас жой ҳамда пайғамбарлар отаси ва тўғри йўлдаги зотларнинг имоми бўлмиш Иброҳим алайҳиссаломдан қолган осори-атиқа саналади. Бу ҳолат ўн олти ой давом этди. Сўнг ҳижрий ўн иккинчи йилда қибла Каъба томонга ўзгартирилди.

Намозда қиблага юзланиш кераклиги Қуръон ва суннатда айтилган. Шунингдек, бунга барча мусулмонлар ижмо қилишган. Қиблага юзланиш намознинг дуруст бўлиш шартларидан бири бўлиб, намозхон қибладан бурилса намози дуруст бўлмайди. Бироқ қиблага юзланишдан ожиз қолинганда ёки уловда нафл намоз ўқилганда қиблага юзланмаса ҳам бўлади. Бу ҳақда келгуси ҳадислар шарҳида батафсил сўз юритамиз, иншааллоҳ.

Олтмиш бешинчи ҳадис

عَنْ عَبْدِ الله بْنِ عُمَرَ رضي الله عَنْهُمَا: “أنَّ رَسُولَ الله صلى الله عليه وسلم كَانَ يُسَبِّحُ عَلَى ظَهْرِ رَاحِلَتِهِ حَيْث كَانَ وجْهُهُ يومئ برأسه” وَكَانَ ابن عُمَرَ يَفعَلُهُ.

وفي رواية: “كَانَ يُوتِرُ عَلى بَعِيرِهِ” .

ولـمسلم: “غَيْر أنّهُ لا يُصَلى عَلَيْهَا الْمَكْتُوبَةَ” . وللبخاري “إلا الْفَرَائِضَ” .

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (сафарда) нафл намозларни туялари устида қаерга юзланишларидан қатъий назар бошлари билан имо-ишора қилиб ўқир эдилар”. Ибн Умар ҳам шундай қилар эди [Бухорий: 1105 ва Муслим: 700].

Бошқа бир ривоятда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам витр намозини туяларининг устида ўқир эдилар”.

Муслим ривоятида: “… Бироқ у зот фарз намозларни туяларининг устида ўқимас эдилар”, дейилган [Муслим: 700].

Бухорий ривоятида: “Фарздан бошқа намозларни туяларининг устида ўқир эдилар”, дейилган [Бухорий: 1097].

Шарҳ:

Аслида фарз ва нафл намозлари ўртасида фарқ йўқ бўлиб, улар аксар ҳукмларда бир хилдир. Бинобарин, намоз хусусида келган ҳар қандай ҳукм иккисига ҳам тегишли бўлади. Бироқ баъзи далилларда улардан бири ўзига хос ҳукмга эга экани баён қилинган. Шариатимизда нафл намозга тегишли кўп ҳукмлар енгиллатилган. Мазкур ҳадисда баён қилинган ҳукмлар ҳам шулар жумласидан.

Шариатимиз бандаларни кўп нафл намоз ўқишга тарғиб килган. Шу сабабдан нафл намозларда бир қанча енгилликлар яратган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда туяларининг устида, гарчи қибла томонга юзланмаган бўлсалар-да, нафл намоз ўқир, руку ва саждада бошлари билан имо-ишора қилар эдилар. Бу борада нафл билан суннат ёки сабабли намозлар ўртасида фарқ йўқ. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг таъкидли нафл намоз бўлмиш витрни уловлари устида ўқир эдилар. Фарз намозлар эса кўп эмас, уларни тўкис адо қилиш мусофирни машғул қилмайди. Демак, фарз намозга алоҳида эътибор қаратиш ва уни мукаммал суратда адо қилиш лозим. Шу боис бирон заруратсиз фарз намозни уловда ўқиш жоиз эмас.

Ҳадисдан олинадиган ҳукмлар:

1 – Сафарда улов устида нафл намоз ўқиш жоиз. Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ҳадисни амалий тарзда кўрсатиб бериши уни шунчаки ривоят қилишига қараганда ҳадисдаги ҳукмни кучлироқ баён қилиб берган.

2 – Имом Аҳмад ва Абу Саврнинг фикрига кўра, нафл намозни улов устида ўқимоқчи бўлган одам намоз бошида қиблага юзланиши керак. Бунга Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис далолат қилади. У айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда нафл намоз ўқимоқчи бўлсалар, дастлаб туялари билан қиблага юзланар, сўнг туялари қаерга юзланмасин намозларини давом эттирар эдилар”.  Ҳадиснинг зоҳиридан Пайғамбаримиз ҳар намознинг бошида шундай қилганлари тушунилади.

3 – Зарурат бўлмаса фарз намозни улов устида ўқиш жоиз эмас. Чунки уламоларнинг айтишича, инсон улов устида намоз ўқиганда қиблага юзлана олмай қолиши мумкин. Бироқ бирон хавф-хатар ёки ернинг лой ва балчиқ бўлиши каби зарурат ҳолатларида фарз намозни улов устида ўқиш жоиз. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадислар келган.

4 – Нафл намоз улов устида ўқилганда руку ва сажданинг ўрнига имо-ишора қилиш кифоя.

5 – Улов устида нафл намоз ўқиган кишининг қибласи улов қаерга юзланса, ўша тараф ҳисобланади.

6 – Витр намози вожиб эмас. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам витрни туялари устида ўқидилар. Ҳолбуки, у зот улов устида фарз-вожиб намозларни ўқимас эдилар.

7 – Бирон ишга бандаларнинг қанча кўп эҳтиёжлари тушса, шариатимиз унга шунчалик енгиллик ва қулайлик киритади. Бу Аллоҳ таолонинг бандаларига кўрсатган беҳисоб фазлу марҳаматларидан биридир.

8 – Ислом дини ҳар доим бандаларга енгилликни истайди. Шу сабабдан бандани кўпроқ тоат-ибодат қилишга тарғиб қилиш мақсадида унга тоат-ибодат йўлларини енгил қилиб қўйган. Бунинг учун Аллоҳга чексиз ҳамду санолар бўлсин.

9 – Санъоний роҳимаҳуллоҳнинг зикр қилишича, мазкур ҳадис матни Бухорий ва Муслим келтирган бир қанча ривоятлардан жамланган. Зеро, “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да мазкур кўринишда келтирилган ҳадис йўқ.

10 – Маълумки, уловда ўтириб намоз ўқиганда рукуга нисбатан саждада кўпроқ эгилади. Бу Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилган қуйидаги ҳадисда баён қилинган: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келсам, у зот туялари устида машриқ томонга қараб намоз ўқиётган эканлар. Саждада рукуга қараганда кўпроқ эгилар эдилар[Термизий: 351 ва Абу Довуд: 1227 ривояти].

11 – Жумҳур уламолар билдирган фикрга кўра, нафл намозни уловда ўқиганда хоҳ узоқ сафарда бўлсин, хоҳ яқин сафарда бўлсин, қиблага юзланиш шарт эмас. Имом Моликнинг фикрича, намозни қаср қилишга рухсат бериладиган сафардагина қиблага юзланмаса бўлади. Бироқ унинг бу фикрига ҳеч ким қўшилмаган.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг