Аралаш чорва молларининг ҳукми

0

Аралаш чорва молларининг ҳукми

Собиқ мақолаларимизда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Анас розияллоҳу анҳуга йўллаган мактубини келтириб ўтган эдик. Мактубда жумладан шундай дейилади: “Закот (миқдорининг кўпайиши ёки камайиши)дан қўрқиб (бир неча кишига оид) алоҳида чорва моллари қўшиб ҳисобланмайди, шунингдек,  (бир кишига оид) йиғилиб турган чорва моллари ажратиб ҳисобланмайди. Икки шерик ўртасидаги чорва молларининг закоти (шерикчиликдаги улушларига қараб) ўрталарида тенг бўлинади…[1].

Дарҳақиқат, уламолар мазкур ҳадис шарҳида ва аралаш чорва молларининг закот вожиб бўлишига таъсир қилишида ихтилоф қилганлар. Бу фикрлар ичида энг рожиҳ фикр имом Шофеий роҳимаҳуллоҳнинг фикридир. Имом Шофеий мазкур ҳадис шарҳида шундай дейди: “Ҳадисда бир жиҳатдан мол эгасига хитоб қилинган бўлса, бир жиҳатдан закотчига хитоб қилинмоқда. Уларнинг ҳар иккисини закот учун чорва молларини бир-бирига қўшиш ёки ажратишдан қайтарди. Мол эгаси закот кўпайиб кетишидан қўрқиб алоҳида чорва молларини қўшиши ёки закотни камайтириш учун уларни бир-биридан ажратиши мумкин. Закотчи эса закотнинг камайишидан қўрқиб, алоҳида чорва молларини бир-бирига қўшиб ёки закот кўпайиши учун уларни бир-биридан ажратиб ҳисоблашга ҳаракат қилади.

Шунга биноан ҳадисдаги “Закотдан қўрқиб» деган ибора “закот миқдорининг кўпайиши ёки камайишидан қўрқиб» деган маънони билдиради. Ҳадисдаги ушбу иборадан ҳар икки маънони тушуниш мумкин бўлгач, улардан фақат биринигина назарда тутиш асоссиз танлов бўлиб қолади. Шу боис ундан ҳар икки маънони тушуниш мақсадга мувофиқдир»[2].

Айтайлик, уч кишидан ҳар бирининг қирқтадан қўйи бор. Улар қўйларни бир кишининг мулки қилиб кўрсатиш, шу тариқа камроқ закот чиқариш мақсадида қўйларни бир-бирига қўшиб юборадилар. Оқибатда, учта қўйнинг ўрнига бир юз йигирмата қўйдан битта қўй берадилар. Ёки икки кишининг шерикчиликда қирқта аралаш қўйи бор бўлиб, закот бермаслик учун қўйларни йигирматадан бўлиб олишади ва шундай қилиб закотчига ҳеч нарса беришмайди. Албатта, бу каби ишлар закотдан қочиш учун мол эгалари томонидан қилинган ҳийла-найранглар бўлиб, бундай қилиш ҳаромдир.

Ўз навбатида закотчи ҳам одамлардан кўпроқ закот ундириш учун ана шундай ҳийлаларга қўл уриши мумкин. Айтайлик, юқорида мисолнинг акси ўлароқ, закотчи икки кишига оид алоҳида йигирматадан қўйни бир-бирига қўшиб, битта қўй олиши мумкин. Ҳолбуки, уларга закот фарз эмас эди. Ёхуд закотчи бир кишига оид бир юз йигирмата қўйни уч кишига ҳисоблаб, битта қўй олиши керак бўлган жойда учта қўй олиши мумкин.

Демак, чорва молларининг аралаш бўлишининг закотга таъсири бор. Энг рожиҳ фикр шу. Моллари аралаш бўлган шерикларнинг молларига бир кишининг мулкидек қаралади. Шунингдек, молларнинг аралаш бўлиши закотнинг фарз бўлиши, закот миқдорининг кўпайиш ёки камайишига ҳам таъсири бор. Уламолар чорва молларининг аралаш саналиши учун қуйидаги талабларни қўйишган:

(1) Шерикларнинг закот чиқаришга яроқли бўлиши;

(2) Аралаш моллар йиғиндисининг нисобга етиши;

(3) Тўлиқ бир йил ўтиши;

(4) Шериклардан ҳар бирига тегишли моллар ажралган бўлмаслиги[3].

Эслатма:

Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: «Чорва молларидан бошқасида мол-мулкнинг аралаш бўлиши закотга таъсир қилмайди». Шундан сўнг шайх иккита мисол келтиради:

Биринчиси: икки инсон бир экинзорда шерик бўлса, улардан ҳар бирининг улуши нисобнинг ярмидан иборат бўлса (яъни ердан чиқадиган умумий маҳсулот йиғиндиси нисобга етсада, бироқ икковидан ҳар бирининг улуши нисобга етмаса), уларга закот фарз бўлмайди.

Иккинчиси: икки инсон тижоратда шерик бўлса, икковининг молини қўшиб ҳисобласа нисобга етса-ю, бироқ улардан ҳар бирининг улуши нисобга етмаса, закот фарз бўлмайди.

Чорва моллари закотига оид мулоҳазалар

Шу пайтгача зикр қилинган чорва молларидан ташқари бошқа ҳар қандай ҳайвон ва паррандалар сони қанчага етишидан қатъий назар улардан закот чиқариш вожиб эмас. Агар бир инсоннинг от, эшак, қуён ва ҳоказо хонаки ҳайвон ёки паррандалари бўлса, улардан закот чиқариши вожиб эмас. Бироқ уларни тижорат мақсадида боқса, албатта улардан тижорат моллари сифатида закот чиқариш вожиб бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Мусулмон киши қули ёки отидан закот чиқариши вожиб эмас»[4].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «…Эй Расулуллоҳ, (бу олтин, кумуш, туя ва от эгаларининг гуноҳи), эшак (эгасининг гуноҳи)чи?”, –дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Эшак тўғрисида менга (муайян нарса нозил қилинмади, аксинча) мана бу ноёб (барча яхшилик кўринишларини ўзида) жамловчи оятгина нозил қилинди:Бас,  ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (қиёмат кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса,  уни ҳам кўрур!” [Залзала: 7-8][5].

(2) Чорва молларидан закот олиш учун закотчи молларнинг олдига боради. Мол эгасидан молларини закотчининг олдига ҳайдаб келиш талаб қилинмайди. Амр ибн Шуайб отасидан, отаси бобосидан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай дейдилар: «Закотчи бир жойда ўтириб олиб, одамлардан чорва молларини олдига ҳайдаб олиб келишларини талаб қилиш йўқ. Балки одамларнинг закотлари уларнинг уйлари (ёки яйловлари)га бориб олинади»[6].

[1] Бухорий (1448, 1451, 1453, 1454, 2478, 6955), Абу Довуд (1567), Насоий (5/17-23) ва Ибн Можа (1800) ривоят қилишган.
[2] «Фатҳул Борий»дан (3/314) нақл қилинди.
[3] Баъзи уламоларнинг фикрича, ҳар икки шерикка оид моллар бир-биридан ажралган бўлса-да, бироқ бир неча сифатларда муштарак бўлса, аралаш мол ҳисобланверади. Бу сифатлар чорва молларини қочирувчи эркаги, улар ўтлайдиган яйлов ва соғиладиган жойнинг муштарак бўлишидир.
[4] Бухорий (1464), Муслим (982), Абу Довуд (1595), Термизий (628), Ибн Можа (1812), Насоий (5/35) ривояти.
[5] Имом Муслим (987) ҳадисни тўлалигича ривоят қилган, ҳадис матни ҳам унга мансуб. Шунингдек, ҳадисни Абу Довуд (1658, 1659) ва Насоий (5\12) ривоят қилган. Қаранг: “Саҳиҳи Бухорий” (1402, 2371, 3072).
[6] Саҳиҳ: Абу Довуд (1591) ва Байҳавқий (4/110) ривояти.

Изоҳ қолдиринг