Инсонларнинг пайғамбарларга эҳтиёжи

0

Савол:

Инсонларнинг пайғамбарларга нима эҳтиёжи бор?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

“Пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг бандаларига юборган элчиларидир. Улар Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларини бандаларга етказиб, буйруғига бўйсунганларга Аллоҳ таоло ҳозирлаб қўйган ноз-неъматлар ҳақида башорат беради ва қайтариғига хилоф иш тутганларни доимий азобга дучор бўлишидан огоҳлантиради. Шунингдек, ўтган умматлар хабарини ва улар Раббиларининг амрига бўйсунмагани сабабли дунёда қандай бало-уқубатларга дучор бўлишгани ҳақида ҳикоя қилиб берадилар.

Аллоҳ таолонинг буйруқ ва қайтариқларини бандалар ўз ақллари билан мустақил равишда билишлари имконсиз. Шунинг учун Аллоҳ таоло инсон зотини иззат-икром қилиб ва уларнинг фойдасини кўзлаб, шариатлар жорий қилди, буйруқ ва қайтариқларини туширди.

Инсонлар гоҳида ҳавои нафсига эргашиб, ҳаром ишларга қўл урадилар ва ўз жонларига тажовуз қилиб, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол қиладилар. Шу боис Аллоҳ таоло буюк ҳикмати ила инсонларга вақти-вақти билан пайғамбарлар юбориб турди. Пайғамбарлар инсонларга Аллоҳ таолонинг буйруқларини эслатадилар, гуноҳ ишларга қўл уришдан огоҳлантирадилар, уларга ваъз-насиҳатлар қиладилар, ўтган умматлар хабарини берадилар. Зеро, ажойиб ҳодисаларга қулоқ тутиш, нодир ўгитларга эътибор қаратиш ақлни равшанлаштиради, ундаги илмни зиёда қилади, тўғри англаш қобилиятини оширади. Зотан, кўп эшитган одам кўп ўйлайди, кўп ўйлаган одам кўп тафаккур юритади, кўп тафаккур юритган одам кўп илмга эга бўлади, кўп илмга эга бўлган одам эса кўп амал қилувчи бўлади. Демак, пайғамбарлар юборишдан ўзга чора ҳам, ҳақни ёйишда уларнинг ўрнини босадиган бадал ҳам йўқ” [Али ибн Муҳаммад Мовардийнинг “Аълом нубувва” (35-бет) китобидан олинди].

Шайхулислом Ибн Таймия[1] роҳимаҳуллоҳ айтади: “Банда дунё ва охиратини ислоҳ қилишда пайғамбарга кучли эҳтиёжи бор. Банданинг охирати фақат пайғамбарга эргашиш орқали обод бўлганидек, унинг турмиш тарзи ва дунёси ҳам фақат унга эргашиш билан обод бўлади. Банда шариатга муҳтождир. Негаки, у барча хатти-ҳаракатларини икки мақсадда – ё бир манфаатни жалб қилиш ё бир зарарни даф қилиш учун амалга оширади. Шариат эса нима фойдали, нима зарарли эканини баён қилиб берувчи нурдир. У Аллоҳнинг ердаги нури, бандалар орасидаги адолатли ҳукми ва унга кирган одам омонда бўладиган қўрғонидир.

Шариат – фойдали нарсани зарарлисидан сезги органлари орқали ажрата билиш дегани эмас. Зеро, буни ҳайвонлар ҳам қила олади. Кўрмайсизми, эшак ё туя ҳам арпа билан тупроқни яхши ажратади. Балки шариат банданинг дунё ва охиратига фойда келтирадиган амални уларга зарар етказадиганидан ажратиб беришдир. Иймон, тавҳид, адолат, яхшилик, омонатдорлик, иффат, шижоат, илм, сабр, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш, силаи раҳм, ота-она ва қўшниларга яхшилик қилиш, ҳақ-ҳуқуқларни адо қилиш, ҳар бир амални холис Аллоҳ учун қилиш, Унга таваккал қилиш, Ундан ёрдам сўраш, қазои қадарга рози бўлиш, Аллоҳнинг ҳукмига бўйсуниш ва уни тасдиқлаш, пайғамбарлар хабар берган барча нарсага иймон келтириш ва бундан бошқа шариат келтирган ҳукмлар банданинг дунё ва охиратига фойдали бўлиб, буларнинг зидди эса банданинг бахтсиз бўлиши, дунё ва охиратда зарар кўришига олиб боради.  

Агар пайғамбарлар юборилмаганда, банда дунёда ўзига нима фойдали-ю, нима зарарли эканини ўз ақли билан идрок қилишга ожизлик қиларди. Аллоҳ таолонинг бандаларга ато этган неъматлари нақадар улуғ ва буюк. У зот бандаларига пайғамбарлар юборди, китоблар туширди ва тўғри йўлни баён қилиб берди. Агар шулар бўлмаганида одамлар ҳайвонлардан ҳам баттар мавқеда бўлишарди. Ким Аллоҳнинг шариатини қабул қилиб, унга тўкис амал қилса, энг яхши бандалардан бўлади. Ким уни қабул қилмаса ва ундан юз ўгирса, ит ва чўчқадан ҳам баттар, энг ҳақир ва энг ёмон махлуқлардан бири бўлади. Ер юзида пайғамбарлар келтирган дин бор экан, унда ҳаёт бор. Пайғамбарлар келтирган дин йўқолиб, уларнинг ҳидоят маёқлари ўчган кундан бошлаб Аллоҳ таоло бутун оламни остин-устин қилиб, қиёматни қойим қилади. 

Ер аҳлининг пайғамбарларга бўлган эҳтиёжи уларнинг қуёшга, ойга, шамолга, ёмғирга бўлган эҳтиёжи каби эмас. Балки инсоннинг ҳаётга, кўзнинг ёруғликка ёки тананинг еб-ичишга бўлган эҳтиёжидан ҳам кўра муҳимроқ ва каттароқдир. Пайғамбарлар Аллоҳ таоло билан бандалари ўртасидаги воситачи, Аллоҳ таолонинг бандаларга юборган элчилари саналади. Улар У зотнинг буйруқ ва қайтариқларини етказишади.

Пайғамбарларнинг энг охиргиси, саййиди ва шарафлиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Аллоҳ таоло у зотни оламлар учун раҳмат ва унга эргашганларга ҳидоят, ундан юз ўгирганлар зиддига ҳужжат қилиб юборди. Унга бўйсуниш ва уни яхши кўриб ҳурмат-эҳтиром қилиш, қўллаб-қувватлаш ҳамда унинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилишни фарз қилди. Барча пайғамбарлардан у зотга иймон келтириш ва эргашиш тўғрисида аҳду паймон олди ва ўзларига эргашган издошларидан ҳам шундай аҳду паймон олишга уларни буюрди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни қиёмат олдидан хуш хабар берувчи ва огоҳлантирувчи, Аллоҳга даъват қилувчи нурли чироқ қилиб юборди. Уни пайғамбарларнинг энг охиргиси қилди ва у сабабли бандаларни залолатдан нурга, жаҳолатдан ҳидоятга чиқарди ва кўр кўзларни, кар қулоқларни, қулфланган қалбларни очди. Унинг рисолати билан ер юзи ёришди, тарқоқ қалблар бирлашди, баркамол уммат етишиб чиқди, ҳидоят йўли аниқ равшан бўлди. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз қалбини иймон ва Қуръон нури билан мунаввар қилди, елкасидаги оғир юкни олиб ташлади ва мартабасини баланд қилиб қўйди. У зотга қарши чиққанларга хору-зорлик бўлгай. Аллоҳ таоло у зотни узоқ муддат пайғамбар келмаган ва дин таълимоти ўчиб кетган, самовий китоблар ва динлар ўзгартирилган бир вақтда юборди. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сабабли кўп инсонларни жаҳолат зулматидан ҳидоят нурига олиб чиқди ва ҳақ билан ботил, ёмон билан яхши ўртасини ажратиб берди. Ким унинг йўлига эргашса ҳидоят топади, ким унинг йўлидан четга чиқса адашиб кетади. Аллоҳ таоло пайғамбаримизга ва бошқа барча пайғамбарларга салоту саломлар ёғдирсин” (Шайхулислом Ибн Таймиянинг “Рисолатни маҳкам тутиш фарзлиги хусусидаги қоида” номли рисоласидан олинди).

Инсонлар пайғамбарларга муҳтожлигини қуйидагича хулоса қилсак бўлади:

1 – Инсон яратилган мавжудодларнинг бири. Шундай экан, у ўзини ким яратгани, Яратган зот ундан нима исташини ва уни нима учун яратганини билиши лозим. Ҳолбуки инсон буларни ўз ақли билан мустақил равишда идрок қилишга қодир эмас. Буларни фақат пайғамбарлар ва улар келтирган ҳидоят нури орқали билиш мумкин.
2 – Инсон жасад ва руҳдан иборат. Жасаднинг озуқаси еб-ичиш билан бўлса, руҳнинг озуқаси тўғри дин ва солиҳ амал биландир. Дарҳақиқат, пайғамбарлар тўғри динни олиб келишган ва солиҳ амалларга йўллашган.
3 – Инсон табиатан динга интилувчан қилиб яратилган. Истаса-истамаса у албатта қайсидир бир динга эътиқод қилиб яшайди. Шундай экан, у тутган дин тўғри эътиқодга асосланган дин бўлмоғи лозим. Тўғри дин қайси эканини пайғамбарларга ва улар келтирган нарсаларга иймон келтирмасдан туриб билиш мумкин эмас.
4 – Инсон дунёда Аллоҳ таолонинг розилигига, охиратда Унинг жаннати ва ноз-неъматларига элтувчи йўлга муҳтож. Бу йўлга эса фақат ва фақат пайғамбарлар йўллайди.
5 – Инсон аслида заиф қилиб яртилган. Ҳар қадамида уни бир талай душманлар пойлаб туради. Шайтон уни йўлдан оздиришни истайди, ёмон улфатлари унга гуноҳ ишларни чиройли қилиб кўрсатади, ҳавои нафси ёмонликка буюради ва ҳоказо. Бинобарин, инсон ўз жонини бундай душманлар макридан сақлашга ёрдам берадиган ҳимояга муҳтож. Пайғамбарлар инсонларга ўшандай душманлар макридан қандай қилиб ҳимояланиш мумкинлигини батафсил баён қилиб, бунинг йўлларини кўрсатиб берганлар.
6 – Инсон табиатан жамоавий тарзда ҳаёт кечирадиган қилиб яратилган. Шундай экан, уларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солиб турадиган, ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳаққини беками-кўст берадиган қонун-қоидалар бўлиши шарт. Акс ҳолда ҳаётлари ўрмон ҳаётидан фарқли бўлмай қолади. Бундай мукаммал қонун-қоидаларга эга шариатни фақатгина пайғамбарлар олиб келиши мумкин. 
7 – Инсон ўз руҳига хотиржамлик ва осойишталик бахш этадиган омилга ва уни ҳақиқий бахт-саодатга элтадиган йўлга муҳтож. Пайғамбарлар айни шу нарсаларни баён қилиб бериш учун юборилганлар.

Манба: IslamQA веб саҳифаси

[1] Тўлиқ исми Аҳмад ибн Абдуҳалим ибн Абдусалом. Мусулмонлар ўратсида Ибн Таймия деб танилган. Ҳижрий 661 йилда таваллуд топиб, 728 йилда вафот этган. Ислом умматининг буюк уламоларидан бўлиб, кўплаб бебаҳо китоблар ёзган.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг