Иброҳим алайҳиссаломнинг Аллоҳнинг душмани бўлмиш отасидан воз кечиши (3)

0

Иброҳим алайҳиссаломнинг Аллоҳнинг душмани бўлмиш отасидан воз кечиши

Дарҳақиқат, Иброҳим алайҳиссалом отасига ваъда қилганидек, дуоларида унинг учун истиғфор сўради. Отасининг Аллоҳга душман экани маълум бўлгач эса ундан воз кечди. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Иброҳимнинг ўз отаси учун мағфират сўраши фақат унга берган ваъдаси сабабли эди. Сўнг отаси Аллоҳнинг душмани эканлиги аниқ маълум бўлгач, ундан бутунлай воз кечди. Албатта, Иброҳим кўнгилчан ва ҳалимдир” [Тавба: 114].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қиёмат куни Иброҳим алайҳиссалом отаси Озар билан учрашади. Ўшанда отаси Озарнинг юз-кўзларини чанг ва ғубор тутган, ғам-ғуссадан юзи қорайган бўлади. Иброҳим алайҳиссалом отасига қарата: “Ахир мен сизга “менга осий бўлманг” демабмидим?!”дейди. Отаси: “Бугун сенга осий бўлмайман!”дейди. Иброҳим дейди: “Эй Парвардигор! Сен менга одамлар қайта тириладиган кунда хор қилмасликни ваъда қилган эдинг. (Аллоҳнинг раҳматидан) йироқда бўлган (ҳалокатга учраган) отамдан ҳам каттароқ хорлик борми?!”. Шунда Аллоҳ таоло дейди: “Дарҳақиқат, мен жаннатни кофирларга ҳаром қилганман”. Шундан сўнг дейилади: “Эй Иброҳим! Оёғинг остидаги нима?”. Иброҳим алайҳиссалом оёғи остига назар солади, қараса (отаси қон, ахлат ёки лойга) беланган бир эркак сиртлон (суратида) ётибди. Шунда унинг оёқларидан ушланиб дўзахга улоқтирилади[1].

[1] Бухорий “Саҳиҳи”да (3350) ривоят қилган.

Изоҳ қолдиринг