Экин ва мевалар закотига боғлиқ масалалар

0

Экин ва мевалар закотига боғлиқ масалалар:

(1) Закот экин эгасига фарз бўлади. Экин эгаси баъзан ер эгаси бўлиши, баъзан эса ер ўзиники бўлмаса-да, ижара каби шаръан жоиз бўлган бирон муомала орқали ердан фойдаланиб турган бўлиши мумкин. Гоҳида экин эгаси ер эгаси ҳам эмас, ижарачи ҳам эмас, балки ерни эгасидан тортиб олиб ношаръий йўл билан экин-тикин қилган бўлиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда закотни экин эгаси чиқаради. Борди-ю, ерни эгаси бировга шерикчиликка берган бўлса, у ҳолда улардан ҳар бири ўз улушидаги ҳосилдан закот чиқаради. Агар ҳар бирининг алоҳида улуши нисобга етмаса, уларнинг ҳеч бирига закот фарз бўлмайди.

(2) Закот бериш фарз бўлган экин ва мева турларидан ҳар бири алоҳида нисобга (тақрибан 653 кг) етсагина закот фарз бўлади. Шунга биноан нисобга етказиш учун хурмо майизга ёки буғдой арпага қўшиб ҳисобланмайди. Бироқ бир жинсга оид экин ва меваларнинг бир неча навлари бўлса, уларни бир-бирига қўшиб ҳисобланади. Масалан, нисобни ўлчашда узумнинг Ҳусайни, Оқ кишмиш, Қора кишмиш деган навлари бир-бирига қўшиб ҳисобланади.

(3) Бир турга оид экин ва мевалар нисобга – беш васаққа етган бўлса, уларнинг бир ерда ёки бир-биридан узоқ алоҳида дала ёки боғларда етиштирилганидан қатъий назар модомики бир кишига тегишли бўлса, закот чиқариш фарз бўлади.

Шунингдек, нисобни тўлдириш учун бир вақтда экилган ёки бошқа-бошқа вақтларда экилган бўлишидан қатъий назар бир йилда йиғиштириб олинган ҳосил бир-бирига қўшилади. Айтайлик, ёзги ҳосил кузги ҳосилга қўшиб ҳисобланади.

(4) Деҳқон ёки боғбон ерни шудгор қилиш, йиғим-терим, янчиш, совуриш ва ҳоказо ишлар учун қилган харажатларини чиқариб, сўнг закотни ҳисоблайдими ёки йўқми?

Байҳақий ва Ибн Абу Шайба Жобир ибн Зайддан ривоят қилишларича, у қарз ҳавола қилиб, боғига ва оиласига сарфлаган киши ҳақида Ибн Аббос ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумлардан фатво сўрайди. Ибн Умар айтади: “Дастлаб қарзини узади, сўнг қолганидан закот чиқаради”. Ибн Аббос айтади: “Боғига сарфлаган қарзини узиб, сўнг қолганидан закот чиқаради[1].

Бундан чиқадики, Ибн Аббоснинг фикрича, фақат экинига сарфлаган харажатларини чиқаради, оиласига сарфлаганини ҳисобламайди. Ибн Умарнинг фикрича, экини ва оиласига сарфлаган харажатларини қоплаб, сўнг закот чиқаради.

Албатта юқорида зикр қилинган ҳукм қарз ҳавола қилиб сарфлаган кишига тегишли. Шунга кўра ерга ўз мол-молкидан сарфлаган, бўйнида қарзи бўлмаган киши экинга сарфлаган харажатларини закот ҳисобидан соқит қилмайди. Бу Молик, Шофеий ва Абу Ҳанифанинг (Аллоҳ барчаларини раҳматига олсин) фикридир.

(5) Экин ва мевалардан эгасининг ўзи ва оиласи егани, ерга тўкилиб паррандалар, ҳайвонлар ва бева-бечоралар егани ёки йиғим-терим асносида камбағалларга садақа қилингани ҳам ҳисобланиб, закот чиқарилмайди.

(6) Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мол эгаси айнан ўзида мавжуд бўлган мол-мулкдан закот чиқариши шарт эмас. Агар бир кишининг олтин ёки кумуши, тижорат моллари, ушрини бериши фарз бўлган ғалла ёки мева-чеваси ёки нисобга етган чорва моллари бўлса-ю, белгиланган фарз закот миқдорини қўлидаги мол-мулклардан эмас, балки бировдан олиб чиқарса ҳам жоиз бўлиб, бўйнидан закот соқит бўлади[2].

(7) Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар экин йилнинг ярмида харажат билан, қолган яримда эса харажатсиз суғорилса, у ҳолда бундай экиндан ушрнинг тўртдан уч қисми чиқарилади… Бу борада бундан бошқача фикр билдирган олимни билмаймиз[3].

(8) Агар бир кишининг иккита боғи бўлиб, улардан бирини харажат билан, бошқа бирини эса харажатсиз суғорса, нисобни тўлдириш учун иккисининг ҳосилини бир-бирига қўшиб ҳисоблайди ва харажатсиз суғорганидан ушр, харажат билан суғорганидан эса ушрнинг ярмини чиқаради.

(9) Экин ва мевалар закотида чорва молларидаги каби хилма-хил нисоб йўқ. Чорва молларида бир нисоб учун белгиланган закот миқдори то навбатдаги нисобга етгунга қадар ўзгармайди. Экин ва мевалар закотида бундай ҳолат тасаввур қилинмайди. Балки нисобга етган экинлар нисобдан қанча ошмасин умумий миқдорининг ушри (ўндан бири) ёки ушрининг ярми (йигирмадан бири) закот сифатида чиқарилаверади[4].

(10) Агар бир экинга бир бор ушр вожиб бўлган бўлса, гарчи орадан бир йил ўтган бўлса ҳам унга иккинчи бор ушр вожиб бўлмайди. Бир кишининг ғалласи бир йилдан кўп туриб қолса ва бу муддатда нисобдан камаймаса, ундан иккинчи бор закот чиқариш вожиб бўлмайди. Агар инсон тижорат учун экин ва мева-чевалар сотиб олса, у тижорат моллари саналиб, орадан бир йил ўтиши билан тижорат молларидан бериладиган закот вожиб бўлади[5].

(11) Ибн Қудома “Ал-муғний”да ва Рофеий “Аш-шарҳул кабир”да айтишларича, экин ва мевазорларни суғориш учун ариқ ёки канал қазишнинг закотнинг озайишига таъсири йўқ.

Хаттобий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар ариқ ёки канални илк бор қазиш ва вақти-вақти билан тозалаб туришдан бошқа харажати бўлмаса, у ҳолда бундай экиндан бевосита дарё суви ёки тошқин сувлар билан суғорилган экинлар каби ушр бериш вожиб бўлади. Борди-ю, ариқ ва канал қазишнинг харажати кўпайиб кетса, ариқ ва каналнинг чеккалари емирилиши ёки сувнинг лойқалиги сабаб тез-тез тўлиб қолиб, қайтадан қазишга эҳтиёж туғилаверса, у ҳолда бундай ерлар қудуқлардан ҳайвонлар воситасида сув тортиб суғориладиган ерларга қиёс қилинади (яъни бундай экинлардан ушрнинг ярми чиқарилади)[6].

(12) Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Экин ёки мева эгаси (махсус мутахассис томонидан олинажак соф ҳосил) тахмин қилинишидан олдин ёки кейин ҳам нисобга етган ҳосилни сотиши, ҳадя қилиши ёки бошқа бирон олди-берди ишларини қилиши дуруст. Агар экин кўзланган мақсадда фойдаланиш учун яроқли ҳолга келганидан сўнг сотилса ёки ҳадя қилинса, унинг закоти сотувчи ёки ҳадя қилувчининг зиммасига тушади. Бу Ҳасан Басрий, Молик, Саврий, Авзоий ва Лайснинг фикридир. Бироқ сотувчи унинг закотини харидор беришини шарт қилиши бундан мустаснодир[7].

Агар мевани истеъмолга яроқли бўлишидан олдин сотиб олса, сўнг унинг қўлига ўтгач истеъмолга яроқли бўлса, закоти унинг зиммасига тушади, чунки закотнинг фарз бўлиш сабаби унинг қўлида пайдо бўлди. Масалан, бир киши мева солган бир хурмо дарахтини сотиб олди ёки унга ҳануз меваси истеъмолга яроқсиз бир дарахт ҳадя қилинди. Сўнг мева харидор ёки ҳадя олган кишининг қўлида пишиб етилса, закоти унинг зиммасига тушади.

(13) Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар бир кишига “мана бу экиннинг учдан бирини йиғиб-териб ол”, дейилса ва у ҳосилнинг учдан берини йиғиб-териб олса, ундан закот чиқармайди. Чунки у закот фарз бўлганида ҳосилга эга бўлмай, балки кейин эга бўлди[8]. Албатта бу ўринда экиннинг учдан бири нисобга, яъни беш васаққа етадиган бўлиши назарда тутилган.

[1] Байҳақий (4/148) ва Ибн Абу Шайба (2/377) ривояти.
[2] «Ал-фатово» (25/56).
[3] «Ал-муғний» (2/699).
[4] «Ал-муғний» (2/700).
[5] «Ал-муғний» (2/702).
[6] Қаранг: «Маолимус сунан» (2/702), «Ал-муғний» (2/700), «Аш-шарҳул мумтеъ» (6/82).
[7] «Ал-муғний» (2/704).
[8] «Аш-шарҳул мумтеъ» (6/79).

Изоҳ қолдиринг