Кундалик зикрлар: истифтоҳ дуоси

0

Истифтоҳ – араб тилидан олинган бўлиб, бошлаш ва очиш маъноларини ифодалайди. Истифтоҳ дуоси деганда намозхон такбир айтиб, намозни бошлаши билан ўқийдиган дуо назарда тутилади. Истифтоҳ дуосининг бир неча кўринишлари бор. Қуйида шу дуоларни бирма-бир келтириб ўтамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз бошлаганларидан сўнг қироат қилишдан олдин бироз жим турардилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, ота-онам сизга фидо бўлсин! Такбир билан қироат ўртасида жим турганингизни кўрдим, шу вақтда нимани ўқийсиз?” – деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳим, мен билан хатоларим ўртасини машриқ билан мағриб ўртасини узоқ қилганингдек йироқ қил! Аллоҳим, мени хатоларимдан худди оқ кийим кирлардан тозаланганидек покла! Аллоҳим, хатоларимни қор, сув ва дўл билан юв!” – деб айтаман” – дедилар” (Бухорий (744) ва Муслим (945) ривояти).

Мазкур дуонинг арабча матни қуйидагича:

اللهُمَّ بَاعِدْ بَيْنِي وَبَيْنَ خَطَايَايَ كَمَا بَاعَدْتَ بَيْنَ الْمَشْرِقِ وَالمَغْرِبِ، اللهُمَّ نَقِّنِي مِنَ الخَطَايَا كَمَا يُنَقَّى الثَّوْبُ الأَبْيَضُ مِنَ الدَّنَسِ، اللهُمَّ اغْسِلْ خَطَايَايَ بِالْمَاءِ وَالثَّلْجِ وَالبَرَدِ.

Мазкур дуонинг ўқилиши қуйидагича: “Аллоҳумма бааид байний ва байна хотоойаая камаа бааъадта байнал машриқи вал мағриб. Аллоҳумма наққиний мин хотоойаая камаа юнаққос савбул абязу минад данас. Аллоҳуммағсил хотоойаая билмааи вассалжи валбарод”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга ўргатган бу дуонинг маъноси қуйидагича: инсон парвардигорига муножот қилишни бошлар экан, аввало барча гуноҳларини кечиришини сўраши жуда ҳам ўринлидир. Мазкур дуода намозхон Аллоҳдан гуноҳлари билан ўртасини худди шарқ ва ғарб орасидек йироқ қилишини сўрайди. Маълумки, шарқ билан ғарб ҳеч қачон бир-бири билан дуч келмайди. Шунга кўра, дуонинг мазмуни “ўтган гуноҳларимни кечир ва мени бу гуноҳларим билан асло рўбару қилма ва келгусида қилишим мумкин бўлган гуноҳлардан мени Ўзинг сақла” маъносида бўлади. Дуода гуноҳлардан покланиш худди оқ кийим кирлардан тозаланишига ўхшатилишининг сабаби шуки, оқ либосда озгина кир ҳам билинади. Тозаланса, тозалангани жуда ҳам аниқ сезилади. Дуонинг давомида гуноҳлар сув, қор ва дўл билан ювилиши сўралмоқда. Бунинг сири шундаки, кир кийим юқорида айтилган учта покловчи билан тозаланса, унда асло бирон бир асорат қолмайди. Худди шундай, дуода гуноҳлар ҳам ўзидан бирон бир асорат қолдирмайдиган даражада ювилиши-кечирилиши сўралмоқда.

Истифтоҳ дуосининг бошқа кўринишларини келгуси мақолаларимизда айтиб ўтамиз, иншааллоҳ.

 

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг