Кўз тегиши ҳақида

0

Савол:

Ҳурматли қори ака, ислом динимизда кўз тегиши ёки тегмаслиги ҳақида нима дейилган?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Инсон кўрган нарсасига лол қолганида ўзининг бузуқ нафсидаги ёмонликни кўзи орқали кўрган нарсасига ўтказиб, уни заҳарлаши кўз тегиши деб аталади. Кўз тегиши ҳасадгўй инсон тарафидан содир бўлади. Шунинг учун Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳасаддан паноҳ тилашга буюрган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, кўзи бор ҳар қандай инсон ҳасадгўй бўлади, лекин бу барча ҳасадгўйларнинг кўзи бор дегани эмас. Бинобарин, ҳасадгўйдан паноҳ тилаган инсон кўзи бор кимсадан ҳам паноҳ тилаган бўлади. Кўз тегиш жараёнини тушунтириш учун шуни айтишимиз мумкин: кўз ҳасадгўй ёхуд кўзи бор кимса тарафидан ҳасад қилинган ёки кўз тегиши керак бўлган инсонга қарата отилган ўқ демакдир. Бу ўқтегиши ҳам, тегмаслиги ҳам мумкин. ўқтеккан вақтда у инсон дуо ва зикрлар билан ҳимояланмаган бўлса, ўқ ўз таъсирини кўрсатади. Ўқ текканида ҳасад қилинган инсон тўлиқ ҳимояланган бўлса, ўқ унга асло таъсир кўрсатмайди. Баъзи ҳолатларда бу ўқ ҳасадгўйнинг ўзига қайтиб кетиши ҳам мумкин.

Кўз тегиши ҳақ экани саҳиҳ ҳадисларда айтиб ўтилган. Бухорий (5406) ва Муслим (4070) Ойша онамиздан ривоят қилган қуйидаги ҳадис ҳам шулар жумласидан. Ойша розияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўз тегмаслиги учун ўзимни руқя қилишга буюрардилар” – дейди. Абу Довуд (3880) ривоят қилган ҳадисда Ойша розияллоҳу анҳо: “Кўзи теккан инсондан таҳорат қилиб, таҳорат сувини бериши талаб қилинарди. Сўнг шу сув билан кўз теккан киши ғусл қиларди” – деган. Шунинг учун Муслим (2188) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кўз тегиши ҳақ. Агар бирон нарса қадарга бўйсунмаганида, кўз тегиши бўйсунмаган бўларди. Агар сизлардан аъзоларингизни ювиб беришингиз сўралса ювиб беринглар” – деганлар. Мазкур далилларга биноан, жумҳур уламолар кўз тегиши ҳақ деб билишади. Қолаверса, кўз тегиши бор эканига воқеликда ҳам барчамиз гувоҳ бўлганмиз.

Агар инсон ўзининг кўзи тегишидан шубҳаланадиган бўлса, бирон лол қоладиган нарсасини кўрганида эгасининг ҳаққига “боракаллоҳу фийк”, яъни “Аллоҳ янада зиёда қилсин” деб дуо қилиши лозим. Чунки саҳобаларнинг бирига кўз текканида кўзи теккан кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаттиқ ғазаб қилиб: “Нимага биродарларингизни ўлдирасизлар?! Ўзингга ёққан нарсани кўрганингда “боракаллоҳу фийк” десанг бўлмайдими?!” – деганлар (Аҳмад (15550), Молик (1747) ва Байҳақий (18997) ривояти).

Мусулмон киши аввало Аллоҳга бўлган иймони, таваккали билан, шунингдек, Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нос суралари ва Оятул курсийни кўп ўқиш орқали ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатган дуолар билан доим ўзини инсу жинлардан ҳимоя қилиб юриши керак.

Инсон кундалик зикрларни ўқиб юриши ҳам уни инсу жин ёмонликларидан, ҳасад ва кўз тегиши каби иллатлардан сақлашга катта ёрдам беради. Бу зикрлар ҳақида маълумот олиш учун саҳифамиздаги “Кундалик зикрлар” номи остида қўйиб борилаётган мақолаларни ўқишингизни тавсия қиламиз.

Имом Муслим (4056) ривоят қилган ҳадисда Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни: “Аллоҳ номи ила сизга озор берадиган барча нарсадан руқя қиламан. Ҳар бир нафснинг ёмонлигидан ёхуд ҳасадгўйнинг кўзидан Аллоҳ сизга шифо берсин! Аллоҳ номи ила сизни руқя қиламан” – деб руқя қилганлари айтилган.

Мазкур дуонинг арабча матни қуйидагича:

بِاسْمِ اللَّهِ أَرْقِيكَ مِنْ كُلِّ شَيْءٍ يُؤْذِيكَ مِنْ شَرِّ كُلِّ نَفْسٍ أَوْ عَيْنِ حَاسِدٍ اللَّهُ يَشْفِيكَ بِاسْمِ اللَّهِ أَرْقِيكَ

Бу дуонинг ўқилиши қуйидагича: “Бисмиллааҳи арқийка мин кулли шайъин юъзийка, мин шарри кулли нафсин ав айни ҳаасидин Аллоҳу яшфийка, бисмиллааҳи арқийка”.

Агар бирон кишига кўз тегса, кимнинг кўзи теккани аниқ бўлса ёки бирон кишидан шубҳа қилинса, шубҳаланилаётган кишидан ўз биродари учун аъзоларини ювиб бериши сўралади. Бунинг кўриниши қуйидагича: бир идишда сув олиб келинади. Кўзи теккан киши сувга қўлини тиқади, оғзини чайиб, оғзидаги сувни идишга чиқаради, юзини ювади, сўнг чап қўли билан сув олиб, ўнг тиззасини, ўнг қўли билан эса чап тиззасини ювади. Аъзолардан тушаётган сув идишга тушиши керак. Сўнг шимини (ёки шалварини) шу идишга солиб, чаяди. Сўнг мана шу сув кўз теккан кишининг орқа тарафидан бошига бирданига қуйиб юборилади. Шунда Аллоҳнинг изни ила шифо топади, валлоҳу аълам.

Илова: Оятул курсий, Ихлос, Фалақ ва Нос сураларининг тафсири ҳамда жиндан ҳимояланиш учун ўқиладиган баъзи дуолар ҳақида маълумот олиш учун саҳифамиздаги “Жин босиши” номли фатвога мурожаат қилинг.

Фатвони тайёрлашда IslamQA саҳифасидан фойдаланилди.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг