Намозда имомга ўтиш ҳақидаги боб (2)

0

Етмиш учинчи ҳадис

 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ – رضي الله عنه – عَنْ النَّبِيِّ – صلى الله عليه وسلم – قَالَ: ((إنَّمَا جُعِلَ الإِمَامُ لِيُؤْتَمَّ بِهِ. فَلا تَخْتَلِفُوا عَلَيْهِ. فَإِذَا كَبَّرَ فَكَبِّرُوا وَإِذَا رَكَعَ فَارْكَعُوا. وَإِذَا قَالَ: سَمِعَ اللَّهُ لِمَنْ حَمِدَهُ فَقُولُوا: رَبَّنَا وَلَكَ الْحَمْدُ. وَإِذَا سَجَدَ فَاسْجُدُوا. وَإِذَا صَلَّى جَالِساً فَصَلُّوا جُلُوساً أَجْمَعُونَ)) .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Намозда имом эргашиш учун тайин қилинган. Унга хилоф иш тутманглар. Агар такбир айтса, сизлар ҳам такбир айтинглар. Руку қилса, руку қилинглар. “Самеъаллоҳу лиман ҳамидаҳ”, деса “Роббана ва лакал ҳамд”, денглар. Сажда қилса, сизлар ҳам сажда қилинглар. Агар ўтириб намоз ўқиса, сизлар ҳам барчангиз ўтириб намоз ўқинглар[Бухорий: 722 ва Муслим: 414].

Етмиш тўртинчи ҳадис

 

عن عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ: ((صَلَّى رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – فِي بَيْتِهِ وَهُوَ شَاكٍ صَلَّى جَالِساً وَصَلَّى وَرَاءَهُ قَوْمٌ قِيَاماً فَأَشَارَ إلَيْهِمْ: أَنْ اجْلِسُوا لَمَّا انْصَرَفَ قَالَ: إنَّمَا جُعِلَ الإِمَامُ لِيُؤْتَمَّ بِهِ فَإِذَا رَكَعَ فَارْكَعُوا وَإِذَا رَفَعَ فَارْفَعُوا وَإِذَا قَالَ: سَمِعَ اللَّهُ لِمَنْ حَمِدَهُ فَقُولُوا: رَبَّنَا لَكَ الْحَمْدُ وَإِذَا صَلَّى جَالِساً فَصَلُّوا جُلُوساً أَجْمَعُونَ)) .

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам касаллик туфайли уйларида ўтириб намоз ўқиганларида бир гуруҳ одамлар у зотнинг ортларида тик турган ҳолда намоз ўқишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга ўтиринглар деб ишора қилдилар ва намоздан кейин шундай дедилар: “Имом унга эргашиш учун тайин қилинган. Агар руку қилса, сизлар ҳам руку қилинглар. Агар рукудан турса, сизлар ҳам туринглар. Агар “самеъаллоҳу лиман ҳамидаҳ”, деса, сизлар “Раббана ва лакал ҳамд”, денглар. Агар ўтириб намоз ўқиса, сизлар ҳам барчангиз ўтириб намоз ўқинглар[Бухорий: 1113 ва Муслим: 411].

Шарҳ:

Ушбу икки ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам муқтадий имомга қай кўринишда иқтидо қилиши ва эргашиши кераклигини, шунингдек, имом тайин қилинишидан кўзланган асосий мақсадни баён қилиб бердилар. Имом тайин қилинишидан кўзланган бош мақсад муқтадийлар намоздаги барча хатти-ҳаракатларда унга иқтидо қилишлари ва эргашишларидир. Муқтадий намоз амалларидан ҳеч бирида имомга хилоф иш тутмайди. Аксинча, барча хатти-ҳаракатларида тўлиқ имомга эргашади. Имом намозни бошлаш учун такбир айтса, муқтадий ҳам унинг ортидан такбир айтади. Агар руку қилса, у ҳам руку қилади. Агар имом Аллоҳ таоло Унга ҳамду сано айтган инсонларнинг сўзларига жавоб қайтаришини эслатиб: “самеъаллоҳу лиман ҳамидаҳ”, деса, муқтадий “Роббана ва лакал ҳамд”, дея Аллоҳга ҳамду сано айтади. Агар сажда қилса, ортидан сажда қилади. Агар имом туриб намоз ўқишдан ожиз бўлгани учун ўтириб намоз ўқиса, муқтадий гарчи туришга қодир бўлса ҳам имомга эргашиб ўтириб намоз ўқийди.

Ойша розияллоҳу анҳо зикр қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам касалликлари сабабли ўтириб намоз ўқийдилар. Саҳобалар туриб намоз ўқишга қодир бўлганлари учун туриб намоз ўқишимиз лозим, деб ўйлайдилар ва шу боис Пайғамбаримизнинг ортларида тик турган ҳолларида намоз ўқийдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни ўтиришга буюриб ишора қиладилар. Намозни якунлагач имомга хилоф иш тутиб бўлмаслигини, аксинча намознинг барча амалларида имомга эргашиш лозимлигини, агар имом туришга қодир бўлмагани учун ўтириб намоз ўқиса, муқтадий гарчи туришга қодир бўлса ҳам имомга эргашиб ўтириб намоз ўқиши кераклигини тушунтирадилар.

Уламолар ихтилофи:

Уламолар фарз намоз ўқимоқчи бўлган одам нафл намоз ўқиётган кишига иқтидо қилса намози дуруст бўлиш-бўлмаслиги борасида ихтилоф қилишган.  

Ҳанафий ва моликий мазҳаби уламоларининг айтишича, шунингдек, ҳанбалий мазҳабидаги машҳур фикрга кўра, фарз намоз ўқимоқчи бўлган одам нафл намоз ўқиётган кишига иқтидо қилса бўлмайди. Борди-ю, иқтидо қилса намози ботил бўлади. Улар ўз фикрларига Пайғамбаримизнинг мазкур ҳадисдаги: “Имом унга эргашиш учун тайин қилинган”, деган сўзларини далил қилишган. Фарз намоз ўқимоқчи бўлган одам нафл намоз ўқиётган имомга эргашса, имомга ниятда хилоф иш тутган бўлади. Ниятда хилоф қилиш энг катта хилофдир. Негаки, барча амаллар ниятга боғлиқ бўлади.

Имом Шофеий, Авзоий ва Табарий (Аллоҳ уларни раҳм айласин) фарз намоз ниятидаги одам нафл намоз ўқиётган кишига эргашса бўлади, деган фикрни билдиришган. Шунингдек, бу фикр имом Аҳмаддан ривоят қилинган бўлиб, издошларидан Ибн Қудома, шайхулислом Ибн Таймия ва Ибн Қаййимлар ҳам шу фикрни ихтиёр қилишган. Улар ўз фикрларига Бухорий ва Муслим ривоят қилган саҳиҳ “муттафақун алайҳ” ҳадисни далил қилиб келтиришган. Унда шундай дейилади: “Муоз розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намоз ўқир, кейин қавми олдига бориб ўша намозни уларга имом бўлиб ўқир эди[Бухорий: 6106 ва Муслим: 465]. Яъни Муоз розияллоҳу анҳу дастлаб Пайғамбаримизга эргашиб фарз намозни ўқир, сўнг қавми олдига бориб уларга ўша фарз намозни ўқиб берар, шунда қавм фарзга, Муоз эса нафлга ният қилар эди.

Ушбу фикр эгалари келтирган далиллардан яна бири қуйидаги ҳадис:  “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хавф-хатар ҳолатида бир гуруҳ саҳобаларга имом бўлиб икки ракаат (фарз) намоз ўқийдилар. Намоздан салом бергач, туриб бошқа бир гуруҳ саҳобаларга имом бўлиб икки ракаат намоз ўқийдилар[Абу Довуд ривояти: 1248 ва Насоий: 1551]. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам иккинчи гуруҳ саҳобаларга имомга ўтар эканлар, нафл намози ниятида бўлганлар. Негаки, фарз намозини биринчи гуруҳ саҳобалар билан ўқиб бўлгандилар.

Пайғамбаримизнинг: “Имомга хилоф иш тутманглар” деган сўзларининг маъноси: имомга намоз амалларидан ҳеч бирида хилоф қилманглар демакдир.

Қолаверса, ушбу фикр эгалари мухолифларига – фарз намоз ўқимоқчи бўлган одам нафл намоз ўқиётган кишига иқтидо қилса бўлмайди деган фикр эгаларига шундай қарши далил келтиришлари мумкин: сизлар “нафл намоз ўқимоқчи бўлган одам фарз ўқиётган кишига иқтидо қилса бўлади” деб айтасизлар. Ҳолбуки, нафл намоз ўқиётган кишига фарз намоз ўқимоқчи бўлган одам иқтидо қилиши билан бунинг акси нафл намоз ўқимоқчи бўлган одам фарз ўқиётган кишига иқтидо қилиши ўртасида фарқ йўқ. Негаки, икки ҳолатда ҳам имом билан муқтадийнинг ниятлари бошқа, иккала ҳолатда ҳам муқтадий имомга ниятда хилоф қиляпти. Демак, сизлар келтирган далил ўзларингизга қарши далил бўлади.

Тик туриб намоз ўқишга қодир бўлган муқтадий ўтириб намоз ўқиётган имомнинг ортида ўтириб намоз ўқиши борасида уламолар ихтилоф қилишган.

 Зоҳирий мазҳаби уламолари, шунингдек, имом Авзоий ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳларнинг фикрича, туриб намоз ўқишга қодир муқтадийлар туриб намоз ўқишга қодир бўлмаган имомнинг ортида ўтириб намоз ўқишади. Улар ўз фикрларига мазкур икки ҳадисни ва шу маънода келган бошқа ҳадисларни далил қилиб келтиришган.

Имом Абу Ҳанифа, имом Шофеий ва бошқа уламоларнинг фикрига кўра, туриб намоз ўқишга қодир инсон ўтириб намоз ўқийдиган имомнинг ортида ўтириб намоз ўқиши жоиз эмас, балки туриб намоз ўқиши лозим. Улар ўз фикрларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган касалликларида ўтириб намоз ўқиганлари, Абу Бакр ва одамлар эса у зотнинг ортларида тик туриб намоз ўқиганларини[1] далил қилиб келтиришган.

Ушбу фикр эгалари биринчи фикр эгалари келтирган далилларга бир қанча кучсиз далиллар билан жавоб беришган. Қуйида улардан энг кучли иккитасини келтирамиз:

Биринчиси: туриб намоз ўқишга қодир инсон ўтириб намоз ўқийдиган кишининг ортида ўтириб намоз ўқиши жоизлигини кўрсатадиган барча ҳадислар мансух (амалдан қолдирилган) бўлиб, Пайғамбаримиз вафот этган касалликларида ўтириб намоз ўқиганлари, у зотнинг ортидаги муқтадийлар тик туриб намоз ўқигани ва у зот уларни бундан қайтармагани ҳақида келган ҳадис амалдан қолдиради. Бу имом Шофеий ва бошқа уламоларнинг жавоби. Имом Аҳмад буни инкор қилган. Негаки, аслида шариатимизда келган ҳар қандай далил амалдан қолдирилмаган деб эътибор қилинади. Бир-бирига зиддек кўринган далиллар ўртасини имкон қадар жамлаш-мувофиқлаштириш лозим. Шунда ҳар иккала далилга амал қилинган бўлади.

Иккинчиси: туриб намоз ўқишга қодир одамларга ўтириб имомга ўтиш жоизлиги Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга хос бўлиб, у зотдан бошқа ҳеч ким туриб намоз ўқишга қодир муқтадийларга ўтирган ҳолида имомга ўтиши жоиз эмас. Бу имом Молик ва унинг бир қанча издошлари билдирган жавоб. Улар ўз фикрларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Шаъбий роҳимаҳуллоҳ Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисни далил қилиб келтиришган. Унда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:  “Мендан кейин ҳеч бир одам ўтириб имомлик қилмасин[Доруқутний: 1/398 ва Байҳақий “сунан” 4854]. Лекин бу заиф ҳадис.

Ибн Дақиқ Ийд роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аслини олганда шариатимизда айтилган барча ҳукмлар то уни (бир шахсга ёки бир замонга ёки бир маконга) хословчи далил келмагунича барчага тегишли бўлади”.

Қолаверса, туришга қодир бўлмаган имом ўтириб имомга ўтиши фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хос, у зотдан кейин ҳеч ким ўтириб имомга ўтиши жоиз эмаслигини билдирувчи юқоридаги заиф ҳадис қуйидаги ундан кўра саҳиҳроқ ҳадисда келган ҳукмга зид бўлиб, унга бас кела олмайди. Абу Довуд ривоят қилади: “Усайд ибн Ҳузайр ўз қавмининг имоми эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўргани келадилар. Шунда одамлар у зотга: “Ё Расулуллоҳ, имомимиз касал”, деб айтишганда, у зот: “Агар имомингиз ўтириб намоз ўқиса, сизлар ҳам ўтириб намоз ўқинглар”, дейдилар.

Имом Бухорий “Тарихул Кабир” (7/208)да келтирган ривоятда шундай дейилган: “Усайд ибн Ҳузайр қавмига имомлик қилар эди. Кунларнинг бирида касал бўлиб, бир неча кун ётиб қолади. Бироз енгил тортгач, чиқиб қавмига намозда ўтириб имомга ўтади”.

Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ бу масалада ўртача йўл тутган. Унинг фикрига кўра, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам касаллик пайтида одамларга ўтириб имомлик қилгани, ортида турган муқтадийлар эса туриб намоз ўқигани ҳақида келган ҳадисга биноан агар доимий имом намозни туриб бошласа-ю, бироқ кейин намоз асносида оғриқ тутиб ўтириб олса, унинг ортидаги муқтадийлар туриб намоз ўқишлари фарз бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Агар имом ўтириб намоз ўқиса, сизлар ҳам барчангиз ўтириб намоз ўқинглар” деган сўзларига биноан имом намоз бошидан ўтириб намоз ўқиса, муқтадийлар ҳам ўтириб намоз ўқишлари мустаҳаб.

Бу жуда яхши фикр бўлиб, у бир-бирига зиддек кўринган барча ҳадислар ўртасини мувофиқлаштириш имконини беради. Шубҳасиз, имкон қадар далиллар ўртасини мувофиқлаштириш уларнинг бири амалдан қолдирилган дейишдан ёки уларни таъвил қилишдан афзал. Ушбу фикрни Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ ҳам қўллаб-қувватлаган.

Ҳадислардан олинадиган фойдалар:

1 – Муқтадий намозда имомга эргашиши фарз, имомдан ўзиб кетиши ҳаром.
2 – Муқтадий намозда имомга хилоф иш тутиши ҳаром. Агар муқтадий намоз амалларидан бирини имомдан олдин бажарса намози бузилади.
3 – Муқтадий намознинг барча амалларини имомдан сўнг дарҳол бажаргани афзал. Фуқаҳолар айтишларича, муқтадий намоз амалларини имом билан баробар бажариши макруҳ.
4 – Туриб намоз ўқишга қодир муқтадийлар айрим сабабга кўра ўтириб намоз ўқийдиган имомнинг ортида ўтириб намоз ўқишади. Шу билан имомга ҳақиқий эргашиш ҳосил бўлади.
5 – Имом “самеъаллоҳу лиман ҳамидаҳ” деганда муқтадий “Роббана лакал ҳамд” деб айтади. Ибн Абдул Бар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ёлғиз ўзи намоз ўқиётган киши (рукудан кўтарилганда) “самеъаллоҳу лиман ҳамидаҳ” деб, сўнг “Роббана лакал ҳамд” деб айтади. Бу борада уламолар ўртасида хилоф борлигини билмайман”. Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Имом (рукудан кўтарилганда) “самеъаллоҳу лиман ҳамидаҳ” ва “Раббано лакал ҳамд” деб иккала зикрни жамлаб айтади. Имом Бухорий келтирган саҳиҳ ҳадисда собит бўлишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу икки зикрни айтар эдилар”.
6 – Намозда имом тайин қилинишидан кўзланган ҳикмат унга иқтидо қилиш ва эргашишдир.
7 – Бирон эҳтиёж туфайли намозда ишора қилиш жоиз.
8 – Ҳадисда имомга эргашиш лозимлиги ва бу намоздаги ҳар қандай амалдан устун экани таъкидлаб айтилмоқда. Намозда қиём (туриш) фарз бўлишига қарамай, айрим сабабларга кўра ўтириб ўқийдиган имомнинг ортидаги муқтадийлардан ҳам бу фарз амал соқит қилинди. Бунинг барчаси имомга намоздаги барча ишларда тўлик эргашиш учун жорий қилинган.
9 – Қўмондон ва бошлиқларга сўзсиз итоат қилиш ва тартиб-интизомга риоя қилиш, бошлиқларга қарши иш тутмаслик лозим.

Илоҳий шариатимиз бизларни бошлиқларимизга қулоқ солишга ва итоат қилишга, уларнинг буйруқларига бўйсуниш ва бирдамликка ўргатади. Қолаверса, бу амалларни савоб умидида қилинса, ибодат ҳам бўлади. Ислом нақадар буюк, аҳкомлари нақадар пухта, ғоя-мақсадлари нақадар олий дин!

Аллоҳ таоло мусулмонларни ислом динини яхши ўрганиб, унга эргашадиган, натижада бирлашиб, шон-шавкати юксак бўладиган уммат бўлишини насиб қилсин. Дарҳақиқат, барча яхшилик бирдамлик ва баҳамжиҳатликда, барча ёмонлик бўлиниш, талашиб-тортишиш ва келишмовчиликда бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ ҳамда Унинг пайғамбарига итоат қилингиз ва (ўзаро) талашиб-тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб, куч-қувватингиз кетур. Сабр-тоқат қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир[“Анфол”, 46].

[1] “Муттафақун алайҳ”, Бухорий: 713 ва Муслим: 418.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг