Аёллар уйда эътикоф ўтириши жоизми?

0

Савол:

Аёллар уйда эътикоф ўтириши жоизми?

Жавоб:

Уламолар эркак кишининг масжиддан бошқа ерда эътикоф ўтириши дуруст эмаслигига иттифоқ қилганлар. Аёлларнинг эътикоф ўтириш жойи хусусида эса уламолар ўртасида ихтилоф бор. Жумҳур уламолар фикрига кўра, аёллар ҳам худди эркаклар каби фақат масжидда эътикоф ўтиришлари жоиз. Ҳанафий мазҳаби уламолари аёл киши уйининг масжиди, яъни уйининг доим намоз ўқиш учун ажратилган жойида эътикоф ўтиради, унинг масжидда эътикоф ўтириши макруҳ (танзиҳий) дейишган.

Бу борада жумҳур уламоларнинг фикри рожиҳдир. Аллоҳ таоло айтади: «Масжидларда эътикофда ўтирган ҳолингизда (кечалари ҳам) улар (хотинларингиз) билан қўшилманг» [Бақара: 187]. Ояти каримада гарчи эркакларга хитоб қилинаётган бўлса-да, ҳукм аёлларга ҳам тегишлидир. Ундан ташқари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари у зот вафот этганларидан кейин масжидда эътикоф ўтирганлар. Бироқ аёл киши масжидда эътикоф ўтириши жоиз бўлиши учун қуйидагиларга риоя қилиши лозим:

  1. Масжиднинг аёлларга хос жойида ўтириш ва эркаклар билан аралашмалик;

  2. Эътикофда ўтирган жойнинг фитна ва хатардан холи бўлиши;

Агар аёл эътикофда ўтирган масжид чекка жойда бўлиб, унинг турли фитналарга дуч келиш эҳтимоли бўлса, эътикоф ўтириши жоиз эмас.

  1. Аёлнинг эътикофда ўтириши эрининг ҳаққини бажармаслик, фарзандларининг тарбиясиз қолиши ва ҳоказо мажбуриятларни адо қилмасликка олиб борса, эътикофда ўтириши ҳаром бўлади. Шунга биноан аёл киши эрининг рухсатисиз эътикоф ўтириши жоиз эмас. Суннатни бажараман деб фарз мажбуриятлар тарк қилинмайди.

Шунингдек, соҳибжамол хотин-қизлар эътикофда ўтираман деб ўзини фитнага солиши ҳам дуруст эмас.

Аёлларнинг масжидда эътикоф ўтириши аслида жоиз бўлса-да, бугунги фитна замонида уларнинг ўз уйларида ўтириб, рўзғор ишларидан бўш вақтларида тоат-ибодат қилишлари афзалроқ бўлса керак. Зеро, бу билан аёллар фитнадан узоқроқ, иффатларини сақловчироқ ва риёдан йироқроқ бўладилар. Сўзимизнинг далили сифатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларида аёллари билан юз берган бир воқеани келтириш ўринли бўлса керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидда эътикофда ўтирар эканлар, у зотнинг аёллари ҳам эътикофда ўтириш учун мусобақани бошлаб юборадилар. Аста-секин масжидда мўминларнинг оналарига оид чодирлар пайдо бўла бошлайди. Бундан хабар топган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазабланадилар ва ўша йили эътикофдан чиқиб, шаввол ойида қазосини ўтириб берадилар. Чунки одатда аёллар йиғилган жойларда ҳасад, ғафлат, шовқин-сурон кўп бўлади. Шунинг учун бўлса керак шариатимизда аёл кишининг уйида ўқиган намози масжиддаги намозидан афзал қилинди, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг