Бировга берилган қарздан ҳам закот бериладими?

0

Савол:

Бир киши нисобга етган миқдордаги пулни бировга қарзга берган бўлса, у пул бир йилдан ортиқ вақтдан бери қарздорнинг қўлида бўлса, қарз берган инсон ўша пулдан ҳам закот бериши керакми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Қарзга берилган маблағнинг икки ҳолати бўлади:

  1. Қарздор қарзга, унинг миқдорига иқрор бўлиши ва қарзни қайтаришга қодир бўлиши.

  2. Қарздор қарзга, унинг миқдорига иқрор бўлиши, бироқ қарзни қайтаришга қодир бўлмаслиги ёки қарзни тан олмаслиги.

Биринчи ҳолатда қарз берган киши модомики қарз маблағи нисобга етиб, орадан бир йил ўтган бўлса, ундан закот чиқариши фарз. Қарз берган инсон хоҳласа қарзни қайтиб олмаса ҳам закотини чиқараверади, хоҳласа қарзни қайтиб олгач, ўтган ҳар бир йил учун алоҳида закот чиқаради. Албатта олдиндан закотини бериб боргани афзал.

Иккинчи ҳолатда, яъни қарздор қарзни қайтаришга қодир бўлмаган ёки буткул қарзни инкор қилиб турган ҳолатда эса қарздан закот чиқариш фарз бўлмайди. Шундай бўлса-да, қарзини ундириб олган пайтда (орадан қанча йиллар ўтган бўлишига қарамай)  эҳтиётдан бир йиллик закотини чиқариши афзал.

Бинобарин, сиз қарз берган кишининг ҳолати юқорида зикр қилинган икки ҳолатдан қай бирига мос тушса, шунга қараб иш тутмоғингиз керак, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг