Умавийлар давлати: Муовия розияллоҳу анҳу Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифалиги даврида

0

Усмон розияллоҳу анҳу халифалик мансабига келганида Муовия розияллоҳу анҳу Шомнинг аксар вилоятлари волийси эди. Усмон ибн Аффон Яман, Баҳрайн, Миср каби кўплаб вилоятлардаги волийлари қаторида уни ҳам ўз вазифасида қолдирди[1]. Воқеа-ҳодисалар ривожланиб, бир-икки йил ичида Муовияга бошқа бир неча вилоятлар қўшиб берилди ва у Шом диёрининг мутлақ волийси бўлиб, Усмон розияллоҳу анҳунинг волийлари ичида энг қудратли ва энг нуфузли шахслардан бирига айланди. Усмон ибн Аффон халифалигининг дастлабки даврида Шомда Муовиядан бошқа волийлар ҳам бор эди. Мисол учун, Умайр ибн Саъд Ансорий Ҳимс волийси бўлиб, Усмон ибн Аффон ҳузурида обрў-эътибор қозониш борасида Муовияга асосий рақобатчи эди. Бироқ у шу орада касалликка чалиниб, волийлик вазифасини бажаришга ожизлик қилиб қолди ва халифа Усмондан истеъфо сўради. Усмон розияллоҳу анҳу унинг истеъфосини қабул қилиб, вазифасидан озод этди ва унинг вилоятини ҳам Муовияга қўшиб берди. Сўнг Муовия Ҳимсга ўзи тарафидан Абдураҳмон ибн Холид ибн Валидни волийликка тайинлади. Фаластин волийси Алқама ибн Муҳриз вафот этгач, Усмон розияллоҳу анҳу унинг вилоятини ҳам Муовияга қўшиб берди. Шундай қилиб, Усмон розияллоҳу анҳу халифа бўлганидан икки йил ўтгач, Шом ўлкаси тўлалигича Муовия волийлиги остига ўтди. Усмон розияллоҳу анҳу вафот этганида ҳам Муовия Шом амири эди[2].

Муовия розияллоҳу анҳу волийлиги даврида Шомда жуда кўп воқеа-ҳодисалар юз берди ва у энг муҳим жиҳод минтақаларидан бири бўлди. Шом диёри умуман олганда барқарор ҳолатда ва тўлалигича Ислом ҳукми остида бўлиб, унда румликларнинг беқарорлик ва ғавғо чиқаришга уринишлари анча камайган эди. Шом Рум давлатига чегарадош бўлганидан ўша тарафларга жиҳод қилиши учун Муовия олдида майдон кенг очиқ эди ва у бу фурсатдан имкон қадар фойдаланди, бу ҳақда ўз ўрнида сўз юритамиз, иншааллоҳ.

Халифа Усмон розияллоҳу анҳу халифалигининг охирги даврларига келиб Муовия розияллоҳу анҳу Ислом давлати бошқарувида анчагина салмоқли вазнга эга эди. Усмон розияллоҳу анҳу фитна булутлари осмонни қоплаб келаётган пайтда кенгашга чорлаган волийлар ичида у ҳам бор эди. Ушбу кенгашда у ўзига хос бир неча фикрларни ўртага ташлади, Аллоҳнинг изни билан бу ҳақда ўз ўрнида сўз юритилади.

Ҳабиб ибн Салама Феҳрий розияллоҳу анҳу олиб борган ҳарбий ҳаракатлар

Ҳабиб ибн Салама Феҳрий розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳу Шом амири бўлиб турган даврда кўзга кўринган жиҳод амирларидан эди. Усмон розияллоҳу анҳу халифалигининг дастлабки даврида Рум давлати Шомдаги мусулмонлар устига катта куч билан бостириб келаётганида Муовия қўшимча мадад сўраб, Усмонга хат юборди. Усмон ибн Аффон Кўфадаги волийси Валид ибн Уқбага мактуб йўллади. У ўшанда Озарбайжон фатҳидан қайтиб, эндигина Мавсилга етган эди. Мактуб мазмуни шундай эди: “Аммо баъд, Муовия ибн Абу Суфён менга мактуб йўллаб, румликлар катта куч билан бостириб келаётганини хабар берди. Мен уларга Кўфа аҳлидан бўлган биродарлари мададга етиб боришлари лозим деган қарорга келдим. Сенга менинг ушбу мактубим етиб бориши билан ўша турган жойингдан ўзинг унинг исломи, куч-қуввати, қобилияти ва шижоатига ишонган бир кишини саккиз-ўн минг аскар билан ёрдамга юбор, вассалом”[3].

Шунда Валид одамлар олдига чиқиб, аввал Аллоҳга ҳамду сано айтиб, сўнг шундай деди: “Аммо баъд. Эй одамлар, дарҳақиқат Аллоҳ мусулмонларни чиройли синовлар билан имтиҳонга солди, кофир бўлиб кетган юртларини қайтариб берди, фатҳ бўлмаган ўлкаларни фатҳ қилиб берди, уларни соғ-саломат ажр ва ғаниматлар билан қайтарди, Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Менга амирулмўъмининдан мактуб келди. У мени сизлардан саккиз-ўн минг кишини Шомдаги биродарларингизга мададга юборишга амр этибди. Уларга румликлар бостириб келаётган экан. Бу ишда жуда катта ажру савоб ва очиқ фазл бор. Бас шундай экан, Салмон ибн Рабеа бошчилигида йўлга чиқишга талабгорлар рўйхатга ёзилинглар, Аллоҳ сизларга Ўз раҳматини ёғдирсин”. Одамлар рўйхатга ёзилишга бошладилар ва уч кун ўтмай Кўфа аҳлидан саккиз минг одам йўлга отланиб, Шом ерига кириб бордилар. Шом қўшини Ҳабиб ибн Маслама ибн Холид Феҳрий бошчилигида, Кўфа лашкари эса Салмон ибн Рабеа Боҳилий бошчилигида Рум ерига ҳужум уюштириб, кўплаб асирлар ва ўлжаларга эга бўлдилар, бир талай қалъаларни забт этдилар[4].

[1] “Тарихи халифа ибн хайёт” (155-бет).
[2] “Тарихи табарий” (5/443).
[3] “Тарихи табарий” (5/247).
[4] “Тарихи табарий” (5/247).

Изоҳ қолдиринг