Сийрат: арабларнинг исломдан олдинги ижтимоий ҳолати (3)

0

Уруш, ҳужум ва босқинчиликлар

Араблар ўртасида арзимаган сабаблар туфайли уруш бошланиб кетарди. Улар жамиятда ўз обрў-эътиборлари ҳамда урф-одатларини йўқотмаслик учун бу ишлар қон тўкишга арзимаса ҳам, жонларини фидо қилишарди. Араблар тарихига назар солар эканмиз, уларда урушқоқлик руҳи ақл ва фикрдан бир неча чандон устун эканига гувоҳ бўламиз. Бунга мисол тариқасида “Басус куни” номли урушни айтиш мумкин. Бир туя сабабли Бакр ва Тағлиб номли икки қабила ўртасида бошланган бу уруш қирқ йил давом этган[1].

“Доҳис ва Ғабро куни” номли жанг келиб чиқиши сабабини кўринг: Қайс ибн Зуҳайрнинг Доҳис номли оти билан Ҳузайфа ибн Бадрнинг Ғабро номли оти ўртасида мусобақа ўтказилган. Ҳузайфа Доҳис олдинлаб кетган тақдирда уни қайтариш учун водийга ўз одамини қўйган. Бу одам Доҳиснинг олдига чиқиб, уни ҳуркитган ва мусобақа Ғабронинг ғалабаси билан якунланган. Мана шу сабабли Абас ва Зубён қабилалари ўртасида уруш чиққан.

Авс ва Хазраж қабилалари ўртасида жоҳилият даврида бўлиб ўтган урушлар ҳам худди шундай арзимас сабаблар билан бошланган. Бу икки қабила аслида бир-бирларига амакивачча бўлади. Улар ўртасида арзимаган сабаблар туфайли бошлаган уруш узоқ йиллар давом этган. Буос жанги улар ўртасида бўлиб ўтган охирги жанг саналади. Бу жанг Авс қабиласининг ғалабаси билан тугаган.

Баъзи қабилалар одамларнинг молини талон-тарож қилиш ва ҳур инсонларни қул қилиб сотиш мақсадида бошқаларга ҳужум қилар эди. Бунга Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг ўтмишини мисол қилиш мумкин. У араб қабилаларидан бўлиб, ўзи ҳам, ота-онаси ҳам ҳур инсонлар бўлишган. Зайд онаси билан йўлда келаётганида бир қабила уларга ҳужум қилиб, онасини ўлдирган, ўзини эса қул қилиб сотиб юборган. Шу тариқа Зайд розияллоҳу анҳу Хадича онамизга қул бўлиб келган. Кейинчалик Хадича онамиз уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳадя қилгани ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни озод қилиб, ўзларига ўғил қилиб олганлари ҳаммамизга маълум. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриш мақсадида йўлга чиққанида йўлга олиб чиққан араблар уни тунаб, ўзини қул қилиб сотиб юборишган.

Ислом мана шу қабиҳ ишга чек қўйган. Ҳатто жоҳилият даврида энг хатарли ҳисобланган Санъо билан Ҳазрамавт ўртасидаги йўл саодат асрига келиб, энг бехатар йўллардан бирига айланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат берганларидек, бу йўлда аёл киши ёлғиз ўзи Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмаган ҳолда сафар қила оладиган даражада хавсизлик таъминланган.

Илм-маърифат ва ўқиш-ёзиш

Араблар яҳудий ва насронийлар каби илмли ёки муқаддас китобга эга эмасди. Арабларда жаҳолат, омилик, тўғри ёки нотўғри бўлишидан қатъий назар ота-боболар йўлидан чиқмаслик, эски урф-одатларни маҳкам тутиш каби хусусиятлар устун эди. Улар ўқиш-ёзиш ва ҳисоб-китоб илмларидан йироқ бўлиб, саводхонлари жуда ҳам камчиликни ташкил қиларди. Одатда бундай инсонлар илмнинг қадрига етмайдиган, инсонийлик мартабасидан ҳайвонийлик сари тубанлашган бўлади. Бироқ, араблар илм-маърифат ва ўқиш-ёзишдан йироқ бўлсалар-да, ақл-заковат, фаҳм-фаросат ва ҳис-туйғулари ҳамда илм-маърифатни қабул қилишга тайёрликлари билан танилган эдилар. Шунинг учун ҳам ислом келиши билан улар омиликдан қутулиб, ичларида сон-саноқсиз олим, донишманд ва фақиҳлар чиқди, ҳатто илм-маърифат арабларнинг асосий хислатига айланди. Арабларнинг ичида моҳир қиёфачи (яъни инсоннинг ташқи кўринишига қараб, насабини аниқлаб берадиган шахс) ва табиблар ҳам бор эди. Уларнинг табобати кундалик ҳаётдан олинган тажрибаларга асосланган эди.

[1] “Ас-сийратун набавийя” (1\1\91).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг