Дафн маросимида Қуръон ўқиш жоизми?

0

Савол:

Қабристонда Қуръон ўқиб бўлмайдими ва майит ўлгандан сўнг унинг ҳаққига уч кун аср вақтигача Қуръон ўқиш ҳам макруҳми? Шунингдек, маййитга бағишлаб ўтказиладиган қирқ, йил, ҳайит маросимлари ҳам бидъатми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Қуръон ўқиш ва инсон вафот этиши муносабати билан ўтказиладиган маросимлар ибодатлардир. Маълумки, бирор бир ибодатни қилиш ва уни жоиз дейиш учун албатта Қуръон ва суннатдан далил бўлиши керак. Зеро, ҳадисда “Кимда ким бу ишимизда (яъни динда) йўқ нарсани пайдо қилса, қабул қилинмас” [Муттафақун алайҳи], дейилган. Маййитни дафн қилиш асносида ёки дафн қилиб бўлгач, қабристонда Қуръон тиловат қилиш борасида бирор саҳиҳ ҳадис ёки саҳобаларнинг сўзлари йўқ. Балки бу ўринда маййитнинг ҳаққига дуо қилиш ва истиғфор айтиш тўғрисида саҳиҳ далиллар бор. Шунга кўра, дафн маросимида маййит ва умуман ўтганлар ҳаққига дуо қилиш жоиз. Бироқ маййитни дафн қилиб бўлгач, Қуръон тиловат қилиш ва буни дафн маросимининг рукнларидан бирига айлантириб олиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобалар, тобеинлар ва имомлардан иборат салафи солиҳлар суннатида бўлмаган ишдир. Зеро, яхшиликнинг барчаси уларнинг йўлига эргашиш ва кейинчалик пайдо бўлган ишлардан четланишдадир.

Шунингдек, маййит чиққан хонадонда маълум муддат фотиҳахонлик қилиш ҳам асли йўқ бидъат амаллардандир. Қуръон ўқиб, ўтганларнинг руҳига бағишлаш масаласи уламолар ўртасида ихтилофли масала. Жумҳур уламоларнинг фикрича, Қуръон тиловат қилиб, ҳосил бўлган савобни маййитга бағишлаш жоиздир. Бироқ бунинг учун муайян жой ёки замон белгиланмаган. Балки истаган замон ва маконда Қуръон тиловат қилиб, савобини ўтганларга бағишлаш жоиз. Шунга кўра, Қуръон тиловати учун қабристон каби муайян жой ёки жанозадан кейинги уч кун сингари муайян замон белгилаш жоиз эмас. Салафи солиҳларда бундай ишлар бўлмаган.

Қолаверса, маййит чиққан хонадонда маййитга бағишлаб етти, қирқ, йил ва ҳайитлик маросимлари ҳам бидъат амаллар бўлиб, бундай ишлардан албатта четланиш лозим. Бироқ бу дегани садақа-эҳсон қилиб маййитга бағишлаш ножоиз дегани эмас. Масаланинг хатарли томони бу каби маросимларни динда бажарилиши шарт бўлган қатъий расм-русумларга айлантириш, унга амал қилмаганлар маломат қилинишидир.

Дарҳақиқат, вафот этган яқинларига яхшилик қиламан ҳамда ўзининг охирати учун фойдали амал қиламан деган чинакам мусулмон бундай бидъат амалларнинг ўрнига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларида баён қилган ишларни қилиши лозим. Бинобарин, ўтганларнинг ҳаққига мудом дуо ва истиғфор айтиш, уларга бағишлаб садақа-эҳсон қилиш, инсонлардан қарзи бўлса, қарзини ўташ, тутолмаган фарз рўзалари бўлса, уларнинг номидан рўза тутиш, ҳаж ёки умра қилишнинг манфаати иншааллоҳ уларга етиб боради. Чунки ўтганлар номидан мазкур ишларни қилишга далолат қилувчи саҳиҳ далиллар мавжуд, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг