Дурузларнинг таълим соҳасидаги услублари

0

Дуруз уламолари ўз динларини барчадан, ҳатто дуруз эътиқодидагилардан ҳам сир тутишади. Уларнинг сиридан воқиф бўлиш учун шайхлар тарафидан ўтказиладиган бир қанча оғир имтиҳонлардан ўтиш керак. Муҳаммад Комил Ҳусайн бу ҳақда шундай дейди: “Улар диний жиҳатдан икки қисмга бўлинишади: оқиллар – сир тутиладиган ақидани ўрганишга ҳақли инсонлар ҳамда жоҳиллар – дин сирларини ўрганишга ҳаққи йўқ кимсалар.

Оқиллар уч мартабадан иборат бўлиб, барчалари ҳар жума оқшомида муқаддас китобларини тинглаш учун хилватхоналарда йиғиладилар. Китобнинг кириш қисми ўқиб бўлинганидан сўнг оқилларнинг энг қуйи мартабаси хилватхонадан чиқиб кетади. Тафсирлаш ҳожати бўлмаган оддий рисолалар ўқилганидан сўнг иккинчи табақадаги оқиллар чиқиб кетади. Шу тариқа хилватхонада оқилларнинг энг юқори – ақиданинг олий сирларини билишга ҳақли ягона мартабаси қолади.

Жоҳил табақа эса бу каби хилватхоналарга кириши ёки муқаддас китобларни тинглаши мумкин эмас. Улар фақат ҳайит куни, мусулмонларнинг қурбон байрами кунида муқаддас китобларини тинглашлари мумкин. Бироқ жоҳил табақадаги инсон узоқ муддат давомида нафсни тарбиялаш ва шаҳватларни синдиришга асосланган оғир ва машаққатли имтиҳондан сўнг оқиллик мартабасига кўтарилиши мумкин. Чунки чекиш ва шу каби ишларга ружу қўйган киши оқиллик мартабасига қабул қилинмайди. Шайхлар толибнинг жоҳиллик мартабасидан оқиллик мартабасига ўтишга лойиқ эканига ишонч ҳосил қилгунига қадар бу имтиҳон муддати бир йилдан узоқ вақт давом этиши мумкин…

Дурузлар жамиятида оқиллар тўқ кўк яктак ва салла кийиш ҳамда узун соқол қўйиш билан ажралиб туради. Шунингдек, давлат идораларида ишлайдиганлар бу либослар ўрнига расмий лавозимига муносиб кийимлар кийиши ва соқолини олиши ҳам мумкин…

Дурузлар жамиятида аёллар ҳам худди эркаклар сингари оқил ва жоҳил табақага ажратилади. Бу борада аёлллар билан эркаклар ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Бироқ оқил табақадаги аёл “Соя” деб номланмиш кўйлак кийиб, ниқоб тақади…

Дурузларларнинг ҳар бир минтақада диний бошлиқлари бор. Уларга шайхул-ақл мансабидаги диний арбоб бошлиқ бўлади. Шайхул-ақл мансабига сайлов йўли билан ёки маҳалладаги оқсоқоллар ҳамда обрўли кишилар келишуви билан тайинланиш мумкин. Маҳаллий аҳолига шайхул-ақл мартабасида бошчилик қиладиган дин арбоблари шайхул-аср лавозимидаги бошлиққа бўйсунишади.

Ливандаги шайхул-ақл лавозимидагилар иккита сиёсий гуруҳга бўлинишган: бири жонпўлатий шайхлар, иккинчиси эса язбакий шайхлар. Умумий олганда эса Ливандаги дурузлар уч табақага бўлинишган: амирлар – Арслон оиласи, шайхлар – жонпўлатий ва язбакий шайхлар ҳамда оддий омма халқ”.

Муҳаммад Ҳамзанинг айтишига қараганда, дурузлар ўзларига хос бўлмаган умумий ҳукмларда ҳанафий мазҳабига амал қилишади. Бунга сабаб усмонийлар Сурия ва Ливанда ҳанафий мазҳабида ҳукм юритилишини мажбурий қилганидир[1].

[1] “Ат-таолуф байнал фироқил исламийя” китоби, 124-бет.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг