Рамазонда гуноҳлар кечирилганининг бирон аломати борми?

0

Савол:

Рамазон ойидан чиққан инсоннинг гуноҳлари кечирилдими ёки йўқлигининг белгилари бор, деб эшиттим, шу ростми?  Агар рост бўлса, улар қандай белгилар? Инсоннинг ўзига билинадими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Дарҳақиқат, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Кимда ким рамазон ойида (унинг ҳақ эканига) иймон келтириб ва холис Аллоҳдан ажр умид қилган ҳолда рўза тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади» [Бухорий (38), Муслим (760)].

  Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Кимда ким Қадр кечасини (унинг ҳақ эканига) иймон билан ва холис Аллоҳдан ажр умид қилган ҳолда тоат-ибодат билан ўтказса унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади” [Бухорий (38, 1901), Муслим (759), Термизий (683), Насоий (4\157) ва Ибн Можа (1641) ривояти].

Кўриб турганимиздек, ҳадисларда рамазон рўзасини иймон ва ихлос билан тутган ва тоат-ибодат қилган кимсаларнинг ўтган гуноҳлари мағфират қилиниши ваъда қилинган. Хўш, гуноҳларнинг мағфират қилинишининг бирон белги – аломати борми?

Уламоларнинг айтишларича, ҳар қандай солиҳ амалнинг, шу жумладан рамазон ойидаги рўза ва намозларнинг қабул бўлган ёки бўлмаганлигини банданинг мазкур амаллардан кейинги ҳолатига қараб тахмин қилиш мумкин. Зеро, мақбул солиҳ амалларга мукофот ўлароқ, Аллоҳ таоло бандани янада кўпроқ солиҳ амаллар қилишга, ҳақда собитқадам бўлишга муваффақ қилади. Аллоҳ таолонинг «Бизни рози қилиш (ва динимиз йўли)да жиҳод қилган (шунингдек, тоат-ибодатларга бор куч ва имкониятларини сарфлаган) зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз» [Анкабут: 69], деган сўзи бунинг яққол исботидир.

Демак, рамазондаги тоат-ибодатлари қабул бўлган инсон рамазондан кейин ҳам ўтган муборак ойда қилиб келган ибодатларини давом эттиради. Рамазонда рўза тутган, Қуръон тиловат қилган, зикр ва дуолар қилган ва тунда таҳажжуд намозлари ўқиган бўлса, рамазондан кейин ҳам қисман бўлса-да мазкур ибодат турларидан насибадор бўлади. Рўза бобида аввало шаввол ойидан олти кун рўза тутади ва ундан бошқа нафл рўзаларни тутишга ҳарис бўлади. Намоз бобида фарз намозларни масжидда жамоат билан ўқиш, фарздан кейинги суннат намозларни қолдирмай ўқиш билан бир қаторда гарчи икки ракаат бўлса-да таҳажжуд намозини канда қилмайди. Шунингдек, эрталабки ва кечқурунги дуо ва зикрларни қолдирмайди, оз бўлса-да мол-мулкидан садақа-эҳсон қилишни унутмайди.

Қолаверса, тоат-ибодатлари қабул бўлган инсоннинг бандалар билан бўлган алоқаси – муносабатида ҳам ўзгариш юз беради. Унинг хулқ-атворида, оиласида, ишхонасида ва маҳалласидаги одамлар билан муносабатида ижобий ўзгаришлар содир бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни тоат-ибодатлари мақбул бандаларидан қилсин. Такрор ва такрор тоат-ибодат мавсуми бўлмиш рамазонга етказсин!

Изоҳ қолдиринг