Истиҳоза ҳолатига оид ҳукмлар

0

Савол:

Истиҳоза ҳолатига оид қандай ҳукмлар бор?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Саҳифамиздаги “Истиҳоза кўрган аёлнинг ҳолатлари” номли фатвомизда аёл кишидан келадиган қон қачон ҳайз, қачон истиҳоза қони бўлишини батафсил баён қилиб ўтдик. Шунга биноан, агар келган қон ҳайз қони экани маълум бўлса, ҳайзга оид аҳкомларга амал қилинади, агар унинг истиҳоза қони экани маълум бўлса, истиҳозага оид аҳкомларга амал қилинади.

Шунингдек, саҳифамиздаги “Ҳайзга оид аҳкомлар” номли фатвомизда ҳайзга тааллуқли энг муҳим ҳукмларни баён қилиб ўтганмиз.

Истиҳоза бўлган аёл билан пок аёл ўртасида деярли фарқ йўқ, ҳар иккисининг ҳукми қарийб бир хил бўлиб, истиҳозали аёл қуйидаги айрим ҳукмлардагина пок аёлдан фарқли ҳукмга эга бўлади:

1) Истиҳозали аёл ҳар намозга таҳорат қилиши фарз. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Фотима бинти Абу Ҳубайшга: “Сўнг ҳар намозга таҳорат қил” деган сўзлари далил бўлади [Бухорий ривояти]. Ушбу ҳадисга биноан истиҳозали аёл ҳар фарз намоз вақти кирганидан сўнг, шунингдек, ҳар нафл намоз олдидан таҳорат қилади.

2) Таҳорат қилишдан олдин қон теккан ўринларни ювади ва қонни тутиб туриш учун олд авратига (қон келадиган жойига) пахта қўйиб устидан бирон матони боғлаб олади ёки ҳозирги вақтда шу мақсадда қўлланадиган аёллар гигиеник таглиги қўйиб олади. Бунга қуйидаги ҳадис далил бўлади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳамна бинти Жаҳш розияллоҳу анҳога шундай деганлар: “Сенга матони (яъни пахтани) қандай ишлатишни айтиб бераман. Уни олд авратинг (яъни қон келадиган жойинг)га қўясан. Зеро, у қонни шимиб олади”. Ҳамна: “Пахтанинг бунга кучи етмайди”, деди. Шунда Пайғамбаримиз: “Унда бирон махсус кийим кийгин” дедилар. У: “Бу ҳам қонни тўхтатиб қолишга етарли бўлмайди”, деди. “У ҳолда устидан бирон қалин нарсани боғлаб ол” дедилар”. [Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ривоятлари].

Ҳадисда айтилган чора-тадбирлар кўрилгандан кейин ҳам қон чиқадиган бўлса, бунинг зарари йўқ. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима бинти Абу Ҳубайшга шундай деганлар: “Ҳайз кўрадиган кунларинг миқдорича намозни қўйгин-да, сўнг ғусл қилиб, (қолган кунлари) гарчи қон бўйрага оқиб турса ҳам ҳар намозга таҳорат олиб, намоз ўқийвер.[Аҳмад ва Ибн Можа ривояти].

3) Жинсий яқинлик. Уламолар истиҳозали аёлга эри агар зино қилиб қўйишдан қўрқмаса жинсий яқинлик қилиши жоизлиги борасида турли фикрларни билдиришган. Бу борадаги тўғрироқ фикр шундан иборатки, ҳар қандай ҳолатда ҳам истиҳозали аёлга эри жинсий яқинлик қилиши жоиз. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ўнлаб, балки ундан-да кўплаб аёллар истиҳоза бўлар, бироқ на Аллоҳ таоло ва на Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам истиҳозали аёлларнинг эрларини уларга жинсий яқинлик қилишдан қайтармаган. Қуръони Каримда шундай дейилган: “Ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз[Бақара: 222]. Ушбу оят ҳайздан бошқа ҳолатларда аёлига яқинлик қилиш жоиз эканига далолат қилади. Модомики шариатимизда истиҳоза бўлган аёлга намоз ўқиш рухсат этилган экан, қандай қилиб унга жинсий яқинлик қилиш рухсат этилмасин. Истиҳозали аёлга жинсий яқинлик қилишни ҳайз кўрган аёлга яқинлик қилишга таққослаш тўғри эмас. Негаки, бу икки ҳолатдаги аёлларга доир ҳукмлар, ҳатто ҳар иккала ҳолатда ҳам уларга яқинлик қилиб бўлмайди, деган уламолар наздида ҳам бирдек эмас. Шундай экан, фарқли нарсаларни бир-бирига қиёслаш тўғри эмас.

Ушбу фатво Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ қаламига мансуб “Аёллардаги табиий қонлар ҳақидаги рисола”дан олинди.

Манба: IslamQA

Изоҳ қолдиринг