“Муломаса” ёки “мунобаза” савдосини қилмаслик

0

(2) “Муломаса” ёки “мунобаза” савдосини қилмаслик

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “муломаса” ва “мунобаза” савдосидан қайтардилар”.

“Муломаса” дегани бир киши хоҳ кеча ёки кундуз бўлсин бировнинг матосини ушлаши ва уни у ёқ-бу ёққа ағдариб кўрмаслиги, “мунобаза” эса бир киши бошқасига матосини чиқариб кўрсатиши ва ҳар икки ҳолатда ҳам ҳеч қандай ўйлаб кўрмасдан ҳамда ўзаро розиликсиз харидор матони сотиб олишга мажбур бўлишидир[1].

Мазкур кўринишда савдо-сотиқ қилиш дуруст эмас. Чунки унда харидор сотиб олган нарсаси тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлмайди[2].

[1] Бухорий (2144, 2147, 6284), Муслим (1512), Абу Довуд (3377), Насоий (7/261), Ибн Можа (2170) ривояти.
[2] “Муломаса” ва “мунобаза” жоҳилият даврида кенг тарқалган савдо турларидан эди. Уламолар бу икки савдо турини турлича таъриф қилганлар. “Муломаса” (луғавий маъноси “ушлаш”) савдосида сотувчи харидорга: “Қайси мато ёхуд кийимни ушласанг, фалон пулга сотиб оласан”, деса, “мунобаза” (луғавий маъноси “отиш”) савдосида эса: “Сенга отган ҳар бир мато ёхуд кийимни фалон пулдан оласан”, дейди. Ҳар икки ҳолатда харидор товарни сотиб олишдан олдин уни текшириш, шунингдек, ушлаб кўрган ёки унинг олдига ташланган матони сотиб олиш фикридан қайтиш имкониятидан маҳрум қилинади. Хулоса қилиб айтганда, бу икки савдо турида мажҳуллик, алданиш ва зарар кўриш бор. Шу сабабдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай савдодан қайтарганлар. Бугунги кунимизда айнан шу каби савдо кўриниши бўлмаса-да, бироқ мазмунан ўхшаш ҳолатлар учраб туради. Баъзан сотувчилар харидорни товарни кўриш, у билан яқиндан танишиш имкониятидан маҳрум қиладилар. Масалан, харидорга буюмнинг қутисини очиб, у билан танишиш ёки растага тизиб қўйилган кийим-кечакларнинг тахини бузиб, кийиб кўришга рухсат бермайдилар. Рухсат берсалар-да, харидорга уни сотиб олиш мажбуриятини юклайдилар. Шунингдек, товарни омборхонадан келтиришга тўғри келса ёхуд у дўкон ичкарисидан олиб чиқилса ҳам шундай қиладилар. Модомики товар тўғрисида харидорга тўлиқ маълумот берилмас экан, мазкур ҳолатларнинг барчаси жоҳилиятдаги “муломаса” ва “мунобаза” савдосидан фарқ қилмайди. Харидорни товар билан таништириш унга товар намунасини кўрсатиш ёки мажҳулликни кеткизадиган даражада уни таърифлаш билан амалга ошади.

Изоҳ қолдиринг