Асирга олинган аёллар, ёш болалар ва жангчилар ҳукми

0
  • Асирга олинган аёллар, ёш болалар ва жангчилар ҳукми

Биринчидан: асирга олинган аёллар ва ёш болалар ҳукми:

Асирга олинган аёллар ва ёш болалар ҳукми тўғрисида сўз юритилар экан, гап уларни қатл қилиш, қул қилиб олиш ёки қўйиб юбориш ҳақида кетади.

(1) Қатл қилиш:

Уламолар асирга олинган аёллар ва ёш болаларни қатл қилиш жоиз эмаслигига иттифоқ қилганлар. Бироқ улардан биронтаси хатти-ҳаракати ёки фикри билан жангга ҳисса қўшса, жумҳур уламолар наздида уни асирга тушишидан олдин ҳам, кейин ҳам қатл қилиш жоиздир. Ҳанафий мазҳаби уламоларининг фикрича, уни асирга тушишидан олдин қатл қилиш жоиз, асирга олингач эса жоиз эмас.

(2) Қул қилиш:

Шофеий ва ҳанбалий мазҳаби уламоларининг фикрича, аёллар ва ёш болалар асирга тушиши билан қулга айланиб, ғаниматларга қўшиб тақсимланадилар. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллар ва ёш болаларни худди ғаниматларни тақсимлагандек жангчилар ўртасида бўлиб берар эдилар.

Моликийларнинг фикрича, халифа хоҳласа уларни қул қилади, хоҳласа бирон молиявий эваз ҳисобига ёки эвазсиз озод қилиб юборади.

(3) Қўйиб юбориш:

Моликийларнинг фикрича, асирга олинган аёллар ва ёш болаларни бирон молиявий эвазсиз қўйиб юбориш жоиз. Бу фикрга шофеий ва ҳанбалийлар ҳам қўшилишса-да, бироқ улар ғаниматларга ҳақдор жангчиларнинг розилигини шарт қилишган.

Ҳанафийларнинг фикрича, асирга олинган аёллар ва ёш болаларни ҳеч қандай молиявий эвазсиз қўйиб юбориш жоиз эмас. Негаки, улар куфр диёрига қайтиб борадилар ва мусулмонларга қарши кофирларнинг куч-қудрати ортишига сабабчи бўладилар. Рожиҳ фикр жумҳур уламолар фикридир. Чунки Аллоҳ таоло шундай дейди: “Сўнг ё (уларни озод қилиб юбориш билан) марҳамат кўрсатурсизлар, ё (уларни қўйиб юбориш эвазига) фидя-товон олурсизлар” [Муҳаммад: 4].

(4) Фидя олиш:

Шофеийларнинг фикрича, асирга олинган аёллар ва ёш болаларни фидя эвазига озод қилиш ёки душман қўлида асирга тушган мусулмон асирлар билан айирбошлаш жоиз. Моликийларнинг фикрича, уларни мол эвазига озод қилиш жоиз эмас, балки фақат мусулмон асирлар билан алмаштиришгина жоиздир. Ҳанафий ва ҳанбалийлар эса асирга тушган аёллар ва ёш болаларни озод қилиш эвазига кофирлардан фидя олишни ҳам ёки уларни душман қўлидаги мусулмон асирлар билан алмаштиришни ҳам жоиз эмас дейишган. Бу борадаги тўғри фикр биринчи фикрдир. Чунки Аллоҳ таоло шундай дейди: “Сўнг ё (уларни озод қилиб юбориш билан) марҳамат кўрсатурсизлар, ё (уларни қўйиб юбориш эвазига) фидя-товон олурсизлар” [Муҳаммад: 4].

Иккинчидан: асирга тушган жангчилар ҳукми:

Шофеийлар, ҳанбалийлар ва зоҳирийларнинг фикрига кўра, халифа ёки унинг ноиби асирга олинган душман жангчилари хусусида қатл қилиш, қул қилиш, марҳамат кўрсатиб бирон эвазсиз қўйиб юбориш ва фидя эвазига қўйиб юборишдан иборат тўртта ишдан қай бирини мусулмонлар учун манфаатлироқ деб билса, шуни қилишга ҳаққи бор. Бироқ халифа ёки унинг ноиби бу тўғрида бирон қарор қабул қилишдан олдин яхшилаб ўйлаши ва маслаҳатлашиши шарт. Бу фикрга моликий мазҳаби уламолари ҳам қўшиладилар. Фақат улар юқорида зикр қилинган тўртта ишга қўшимча бешинчи иш – уларга жизя солишни ҳам илова қилганлар.

Юқорида зикр қилинган ҳукмларга далиллар:

  • Қатл қилишга далил: Аллоҳ таоло айтади: «Уруш ҳаром қилинган ойлар чиқса, мушрикларни топган  жойингизда қатл қилингиз» [Тавба: 5].

Дарҳақиқат, сийрати набавиядан маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр жангида баъзи асирларни қатл қилганлар. Уқба ибн Абу Муайт ва Назр ибн Ҳорис шулар жумласидан. Шунингдек, Макка фатҳида Ҳилол ибн Ахтал, Мақис ибн Субоба ва Абдуллоҳ ибн Абу Сарҳни ўлдиришга буюриб шундай деган эдилар: «Уларни гарчи каъбапўшга осилиб олган ҳолда учратсаларингиз ҳам ўлдиринглар»[1].

  • Қул қилишга далил: Аллоҳ таоло айтади: «Агар уларни(нг кўпларини) қириб (мағлуб қилганингиздан кейин уларни асир олиб) арқонлар билан боғлангиз. Сўнг ё (уларни озод қилиб юбориш билан) марҳамат кўрсатурсизлар, ё (уларни қўйиб юбориш эвазига) фидя-товон олурсизлар» [Муҳаммад: 4]. Уламолар оятдаги «арқонлар билан боғлангиз», деган иборадан асирга олинган жангчиларни қул қилиш жоиз деган ҳукмни олишган.

Қолаверса, суннатда собит бўлишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбар, Қурайза ва Ҳунайн ғазотларида асирга тушган бир қанча жангчиларни қулга айлантирганлар.

  • Ҳеч қандай фидясиз озод қилишга далил: бунга ҳам юқоридаги оятда далил бор. Қолаверса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айрим асирларга марҳамат кўрсатиб, уларни фидясиз қўйиб юборганлар. Ямома аҳолисининг оқсоқоли Сумома ибн Усол, шоир Абу Иззат, Абул Ос ибн Валид ва Мутталиб ибн Ҳантаб шулар жумласидан.

  • Фидя эвазига қўйиб юборишга далил: бунга ҳам юқоридаги оят далил бўлади. Фидя эвазига асирларни қўйиб юбориш Бадр жангида содир бўлган эди. Муслим Иёс ибн Саламадан ва у отасидан ривоят қилган ҳадисда келишича, мусулмонлардан иборат бир жанговор отряд асирлар билан қайтишади. Асирлар ичида Бани Фазора қабиласидан бўлган бир аёл бор эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Макка аҳлига юбортириб, Маккада асирга тушиб қолган бир қанча мусулмонларга алмашадилар»[2].

  • Эслатма:

Ислом шариатида қулчилик тузуми мавжуд деганларга раддия

Баъзи ислом душманлари ислом шариати қулчиликка рухсат берган деб уни айблашга уринадилар. Уларнинг айтишича, ислом шариати муайян тоифа инсонларни қатағон қилади. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Барчангиз Одамдан тарқалгансиз, Одам эса тупроқдан яратилган»[3], деган сўзларида барча инсонлар асл хилқатда тенг яратилган эканини маълум қилганлар?! Мазкур шубҳага қуйидагича жавоб берилади:

Биринчидан: жорий ижтимоий ҳолатга тўғри баҳо бериш

Башариятга ислом дини келган пайтда уларнинг иқтисодий-ижтимоий ҳаётида қулчилик тузуми ҳукмрон эди. Агар ислом шариати инсонларга қўққисдан қулларни озод этишни фарз қилганида, улардан буни қатъий тарзда талаб қилганида бу иш муваффақиятсизликка учраган, одамлар шариат буйруқларига қарши чиқишган, уни қабул қилишдан бош тортишган бўлар эдилар. Бинобарин, шариат улуғ мақсадни кўзлаб ўша пайтда ҳукмрон бўлган шарт-шароитлар соясида қулчилик тузумини бекор қилмади. Бу билан ижтимоий ҳаётда содир бўлиши мумкин бўлган катта силкинишнинг олди олинди.

Иккинчидан: аста-секин қулларнинг озод бўлишига олиб борувчи ҳукмларнинг жорий қилиниши

Буни иккита услубда хулоса қилиш мумкин:

Биринчиси: қулчиликка олиб борувчи услубларни қисқартириш:

Ислом шариати жоҳилият даврида ҳукмрон бўлган қулликка олиб борувчи айрим услубларга чекловлар қўйди. Шу тариқа бу услубларни йўққа чиқарди, уларни қулликка олиб борувчи воситалар қаторидан чиқариб ташлади. Аксинча, бу услубларнинг баъзиларини қулликдан озод бўлиш воситасига айлантирди. Қуйидагилар исломдан олдин жорий бўлган, ислом келиши билан бекор қилинган қонун-қоидалардир:

(1) Ҳур инсонни қул қилиш ҳаром қилиниши

Исломдан олдин ҳур инсон ўғирланса, қулга айлантирилиб, сотиб юборилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло айтади: «Уч тоифа инсонлар борки, қиёмат куни Мен улар билан хусуматлашаман. Зеро, Мен кимга хусумат қилсам, албатта енгиб чиқаман. Улардан биринчиси Менинг номим билан қасам ичиб, аҳдлашиб, сўнг аҳдига хиёнат қилган киши, иккинчиси ҳур инсонни (қул қилиб) сотиб, пулини еган (ёхуд ишлатган) киши, учинчиси эса бир мардикорни ишлатиб, ишни битиргач, унга иш ҳақини бермаган киши»[4].

(2) Муайян жиноятларни содир этган кишини қул қилиш ҳаром қилиниши

Бу ҳам исломдан аввал жорий бўлган қонун-қоидалардан бири эди. Ўғирлик қилган ёки одам ўлдирган киши давлат ёки жабрланувчи манфаати учун қулга айлантирилар эди.

(3) Чўри аёллар болаларини қулга айлантиришнинг ҳаром қилиниши

Бу ислом шариати фахрланса арзийдиган энг улуғ ишлардан биридир. Ислом бу қонунни жорий қилиши натижасида қулларни озод қилиш учун катта йўл очиб берди. Ислом келишидан олдин аёл киши хўжайинидан ҳомиладор бўлса, фарзанди қулга айланар эди. Шубҳасиз, бу қонун туфайли жамиятда мингларча қуллар пайдо бўлар эди. Ислом бу қонунни ҳаром қилди, чўри аёлларнинг фарзандларини ҳур деб ҳисоблади. Ҳаттоки чўри аёлнинг хўжайини ўлса, фарзанди ҳур бўлгани сабаб унинг ўзи ҳам озод бўладиган ва унга «умму валад» (боланинг онаси) дейиладиган бўлди.

(4) Қарзини тўла олмаган кишини қулга айлантиришнинг ҳаром қилиниши

 Шунингдек, юқорида зикр қилинганидан бошқа қулчиликка оид қонун-қоидалар ҳам бор эдики, ислом келиши билан уларни бекор қилди. Қарзни тўлашдан ожиз қолган кишини қул қилиб олиш исломдан олдин ҳукмрон бўлган ана шундай қоидалардан биридир.

(5) Инсон ўзини қул қилиб сотишининг ҳаром қилиниши

Исломдан аввал жорий бўлган бу одатга кўра, инсон муҳтожлиги сабаб озодликдан воз кечиши ва ўзини қул қилиб сотиши мумкин эди. Ислом келгач, бундай қабиҳ одатга чек қўйди.

(6) Инсон оталик ҳаққини суистеъмол қилиб, ўғил ёки қиз фарзандларидан бирини қул қилиб сотишининг ҳаром қилиниши

Шундай қилиб, ислом ўзидан олдин мавжуд бўлган қулчилик турларидан фақат икки туринигина қолдирди. Улардан биринчиси исломга қадар аслида қул бўлган эркак ва аёлларни сотиш ёки сотиб олиш жоизлиги, иккинчиси эса урушда асир тушган кофирларни қул қилиш. Шунга қарамасдан, бу икки тур қулларни озод қилиш учун эшикларни ланг очиб қўйди ва қул озод қилишга тарғиб қилди.

Қолаверса, шариатимиз жангда асирга тушган кофирларни қатъий равишда қулга айлантиришни талаб қилмай, балки ҳеч қандай молиявий эвазсиз уларни қўйиб юбориш ёки фидя эвазига ёхуд мусулмон асирлар билан алмаштириш ҳисобига уларни озод қилишга рухсат берди.

Иккинчиси: қулларни озод қилиш йўлларини очиш

Исломдан олдинги қулчилик тузумларида қулларнинг озодликка эришиш йўллари имкон қадар тўсилган эди. Балки бу тузумларда озод бўлиш фақат қулнинг хўжайинига боғлиқ иш бўлиб, у озодликка эришишнинг ягона йўли эди. Устига-устак хўжайин қулини озод қилиши учун бениҳоят оғир ва мураккаб талаблар қўйилган, ҳатто баъзи жамиятларда қулини озод қилган кишининг зиммасига давлат катта молиявий жарима солар эди. Ислом шариати эса қулларнинг озодликка эришиш йўлларини кенг очиб қўйди. Жумладан:

(1) Гарчи ҳазил-мутойиба йўли билан бўлса-да, хўжайин қулининг озод эканини айтса, қулнинг озод бўлиши:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Уч нарсанинг чини ҳам, ҳазили ҳам чин: никоҳ, талоқ ва (қулни) озод қилиш»[5].

(2) Қулнинг озод бўлиши тўғрисида васият қолдириш:

Хўжайин қулига қарата: «Агар мен ўлсам, сен озодсан», дейди. Бундай қулга «мудаббар» дейилади. Хўжайин унга бу сўзни айтгач, сўзидан қайтишга ҳаққи йўқ, шунингдек, уни сотиши, гаровга қўйиши ёки бошқа бировга ҳадя қилиши жоиз эмас. Хулоса қилиб айтганда, хўжайин озод бўлишини васият қилган қулига тааллуқли мулкчиликни кўчирувчи ҳар қандай чора-тадбирлар ва хатти-ҳаракатларни амалга ошириши тақиқланади.

(3) Чўри аёл хўжайинидан ҳомиладор бўлиши сабабли озод бўлиши:

Хўжайинидан ҳомиладор бўлган чўри аёлга «умму валад» (боланинг онаси) дейилади. Исломда  бундай чўри аёлларни сотиш ҳаром қилинган. «Умму валад» хўжайини вафот этиши билан озод бўлади. Шунингдек, ундан туғилган фарзанд ҳам озод саналади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, ислом келишидан олдинги қадимги тузумларда чўридан туғилган фарзанд қул ҳисобланар эди.

(4) «Мукотаба» услуби:

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй мўминлар) қўл остингиздаги қуллардан битим тузишни истайдиган кишилар бўлса, у ҳолда, агар сизлар уларда яхшилик (яъни диёнат ва пул топишга уқув) бор деб билсангизлар улар билан битим тузинглар ва уларга Аллоҳнинг сизларга ато этган молидан ато этинглар» [Нур: 32].

«Мукотаба» тизимида хўжайин қули билан маълум миқдор маблағ ишлаб топишга келишиб олади. Келишувга кўра, қул мазкур маблағни хўжайинга топиб келган куни озод бўлади. Юқоридаги оят қул хўжайинларини улар билан битим тузиш ва келишилган маблағни топишда уларга ёрдам бериш ва уларга садақа қилишга тарғиб қилмоқда: «уларга Аллоҳнинг сизларга ато этган молидан ато этинглар». Оят зоҳирига қараганда, қул хўжайини билан битим тузишни хоҳласа, хўжайин унинг таклифини қабул қилиши вожибдир. Чунки оят уларни шунга амр этган.

(5) Қул озод қилиш гуноҳларга каффоратдир:

Исломдан олдинги тузумларда жиноятлар қулчиликнинг кўпайишига сабаб бўлган бўлса, ислом келгач, жиноят ва гуноҳларни қулларнинг озод этилишига сабабчи қилиб қўйди. Исломда қул озод қилиш ибодат саналиб, у сабабли осий банданинг гуноҳлари каффорат қилинади. Бировни хатодан ўлдириб қўйиш, рамазон ойи кундузида аёлига яқинлик қилиш каби жиноят ва гуноҳларга каффорат сифатида қул озод қилиш шулар жумласидандир.

(6) Қасам кафорати учун қул озод қилиш:

Қул озод қилиш «зиҳор» (аёлини онасига ўхшатиш) қасами учун, шунингдек, қасамини бузган кишининг гуноҳи учун каффорат қилинди.

(7) Ислом нафл ибодат сифатида қул озод қилишга тарғиб қилади:

Аллоҳ таоло айтади: «Бас, у (мақтанчоқ кимса яхшилик) довонини ошиб ўтса бўлмасмиди?! (Эй Муҳаммад), довон (ошиши) нима эканини сиз қаердан билар эдингиз? У бир қулни озод қилишдир» [Балад: 11-13]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким бир қулни озод қилса, Аллоҳ озод қилинган қулнинг ҳар бир аъзоси эвазига унинг бир аъзосини дўзахдан озод қилади»[6].

(8) Ислом қулларни озод қилиш учун закотдан бир улуш ажратди:

Ислом шариати давлат ғазнасидан қулларни озод қилиш учун махсус маблағ ажратди. Бу исломдан олдинги қулдорлик тузумида жорий бўлган қонуннинг ғирт аксидир. Негаки, мазкур тузумларда қул озод қилган кишига молиявий жарима солинар эди.

Юқорида зикр қилинганлардан маълум бўладики, ислом қулларни озод қилишга катта ҳисса қўшди. Шуниси эътиборга моликки, ислом фиқҳига доир китобларда қулчиликка оид бобларни «қулчиликка оид боб» деб эмас, балки «қул озод қилиш тўғрисидаги боб», деб сарлавҳа қўйилганига гувоҳ бўласиз. Бу ўз ўрнида ислом шариати манбаларида қулларни озод қилишга кучли тарғибот борлигини кўрсатади. Ҳатто бунинг самараси ўлароқ бугунги кунга келиб биронта ҳам қул қолмаганига гувоҳ бўлсиз. Бу асло Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг саъй-ҳаракати туфайли амалга ошган иш эмас! Зеро, яқин даврларга қадар Америка қитъасида қуллар мавжуд бўлиб, Африка мамлакатлари уларнинг зулмидан озор чекишар эди. Ушбу мухтасар китобимизда Америка ҳукумати ва умуман ғарб мамлакатларининг қулларга кўрсатиб келган жабр-ситамларини баён қилиш, шунингдек, уларнинг жаҳонда озодлик, ҳуррият ва тенглик тушунчаларини ёйиш ва ирқчиликка чек қўйиш каби ёлғон шиор ва даъволар остида ислом ўлкаларига қилган зулми, мусулмонларни тор-мор қилишгани, қийноқларга солиб, ватанларидан жудо қилишгани ҳақида сўзлаш имконсиз.

Бугунги ачинарли ҳолатлардан ёлғиз Аллоҳга шикоят қиламиз. Зеро, Аллоҳнинг мадади ва тавфиқисиз ҳолат ўзгармаслиги муқаррар!

[1] Бухорий (1846), Муслим (1357) мухтасар ҳолда, шунингдек, Насоий (7/105), Абу Довуд (4359) ривоят қилишган.
[2] Муслим (1755), Абу Довуд (2697), Ибн Можа (2846) ривояти.
[3] Абу Довуд (5116), Термизий (3955) ривояти.
[4] Бухорий (2227, 2270), Ибн Можа (2442) ривояти.
[5] Абу Довуд (2194), Термизий (1184) ва Ибн Можа (2039) ривоят қилишган. Ҳадисни шайх Албоний “Ирвоул ғалил”да (1826) ҳасан деган.
[6] Бухорий (6715), Муслим (1509), Термизий (1541) ривояти.

Изоҳ қолдиринг