Идишлар тўғрисидаги боб

0

Идишлар тўғрисидаги боб

Идишларни ишлатиш ҳукми:

Аслида ҳар қандай идишларни ишлатиш ҳалол. Бу борада идишларнинг катта ёки кичик бўлиши, зумрад, олмос ва жавоҳир каби қимматбаҳо тошлардан ясалган қиммат ёки оддий ва арзон идишлар бўлишининг аҳамияти йўқ. Бундай идишларнинг барчасини ишлатиш ва улардан турли мақсадларда фойдаланиш жоиз. Бунга Аллоҳ таолонинг «У ер юзидаги барча нарсаларни сизлар учун яратган зотдир» [Бақара: 29], деган сўзи далил бўлади. Бинобарин, ҳар қандай идишларга эгалик қилиш, уларни сотиш ёки сотиб олиш билан тижорат қилиш, шунингдек, улардан ейиш-ичиш ва бошқа турли мақсадларда фойдаланиш мумкин.

Шундай бўлса-да, қимматбаҳо идишлар ишлатиш такаббурлик ва исрофга сабаб бўлгани учун макруҳдир. Шунингдек, юқорида зикр қилинган умумий ҳукмдан тилла ва кумуш идишлар ҳамда мушрикларга хос айрим идишлар мустаснодир. Бу ҳақда қуйидаги сатрларда батафсил сўз юритамиз.

  • Тилла ва кумуш идишлар:

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «(Эй эркаклар,) ипак ва дебони кийманглар, тилла ва кумуш идишларда ичимлик ичманглар, тилла ва кумуш товоқларда овқатланманглар. Зеро, мазкур нарсалар дунёда кофирларга, охиратда эса сизларга хосдир»[1].

Ушбу ҳадис эркагу аёлларга тилла ва кумуш идишларда еб-ичиш ҳаромлигига далолат қилади. Бироқ улар иккисидан зеб-зийнат тарзида фойдаланишга келсак, эркакларга тилла ҳаром қилинган бўлиб, уларга фақат кумуш узук тақишгина рухсат берилган. Аёлларга эса  тилла ва кумуш тақинчоқлар тақиш ҳалолдир.

Уламолар тилла ва кумуш идишлардан ейиш-ичишдан бошқа мақсадларда фойдаланиш хусусида ихтилоф қилганлар. Жумҳур уламоларнинг фикрича, тилла ва кумушдан ейиш-ичишдан бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳам ҳаром. Шавконийнинг «Найлул автор»да билдирган фикрига кўра, тилла ва кумуш идишлардан ейиш-ичишдан бошқа мақсадларда фойдаланиш жоиз, унинг ҳаромлигига яроқли бирон далил йўқдир. Чунки ҳадисда фақат ейиш-ичишгина зикр қилинган. Қолаверса, Абдуллоҳ ибн Мавҳабдан собит бўлган ривоятда у шундай дейди: «Уйдагилар (ёхуд аёлим) мени бир коса сув билан Умму Салама розияллоҳу анҳонинг уйига юборди. Бирор инсонга кўз текса ёки бирор касалга чалинса, Умму Саламанинг олдига бирор идиш юборар эди. Умму Салама кумушдан ясалган ва қўнғироққа ўхшаш идишда сақлайдиган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тукларидан олиб, уни (юборилган идишдаги сувга) ботирар ва хаста шу сувдан ичар эди»[2].

Шунга кўра, тилла ва кумушдан ясалган идишларда таҳорат олиш, ғусл қилиш ва ҳоказо улардан ейиш-ичишдан бошқа турли мақсадларда фойдаланиш жоиздир. Мазкур фикр рожиҳ фикрдир. Санъоний «Субулус салом»да ва шайх Ибн Усаймин «Аш-шарҳул мумтеъ»да ушбу фикрнинг рожиҳ эканини зикр қилишган.

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Тилла ва кумуш идишларда еб-ичган кишиларга етадиган азоб-уқубатлар тўғрисида бир қанча ҳадислар келган. Жумладан, “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Кумуш идишларда сув ичадиган (Муслимга оид бир ривоятда эса: «Тилла ёки кумуш идишда сув ичган»[3]) кимса аслида қулт-қулт қилиб қорнига жаҳаннам ўтини солган бўлади»[4].

Ушбу ҳадис тилла ва кумуш идишларда еб-ичиш гуноҳи кабира эканига далолат қилади.

(2) Мазкур ҳукм ёқут, жавоҳир каби қимматбаҳо тошларга тааллуқли эмас. Чунки бу борадаги тамал қоида барча нарсаларнинг ҳалоллиги бўлиб, қимматбаҳо тошларни гарчи еб-ичишда бўлса ҳам ишлатиш ҳаром эканига бирон далил йўқ.

(3) Синган идишларни кумуш ёрдамида чегалаш жоиз ва бундай идишларни ишлатиш тақиқланмайди. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қадаҳлари синиб қолди ва у зот қадаҳнинг синган жойини кумуш билан чегаладилар»[5].

(4) Шуни билиш лозимки, агар ҳалол идишлар бирор ҳайвон шаклида бўлса, уларни ишлатиш ҳаром бўлади. Бундай идишларни ишлатиш ҳаромлигининг сабаби бевосита идишнинг ўзига тааллуқли бўлмай, балки ташқи омилларга оиддир.

(5) Агар бирор инсон тилла ёки кумуш идишдан бошқа еб-ичиш учун идиш тополмаса, зарурат юзасидан бундай идишларда еб-ичиш жоиз[6].

  • Кофирларга оид идишлар:

Кофирларга оид идишларда еб-ичиш жоиз. Ҳадисда собит бўлишича, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Хайбарлик яҳудий аёл ҳадя қилган қўй гўштидан тановул қилганлар»[7].

Шунингдек, “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда жумладан шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрик аёлнинг мешидаги сувдан таҳорат олдилар»[8].

Агар кофирлар идишларида тўнғиз гўштини пиширишлари ёки ароқ ичишлари маълум бўлса, у ҳолда бундай идишларни ювиб, тозалагандан кейингина ишлатган афзал. Абу Саълаба Хушаний розияллоҳу анҳу айтади: «Мен айтдим: «Ё Расулуллоҳ, биз аҳли китоб бўлмиш қавм диёрида яшаймиз. Уларнинг идишларидан еб-ичаверайликми?». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар ундан бошқа идиш топсангиз, кофирларнинг идишларида еб-ичманглар. Борди-ю, бошқа идиш топилмаса, у ҳолда бу идишларни ювиб, сўнг унда еб-ичинглар»[9]. Имом Аҳмад ва Абу довудга оид бир ривоятда шундай дейилади: «Биз яшаб турган жойлар аҳли китоблар яшайдиган жой. Улар тўнғиз гўшти ейдилар, ароқ ичадилар. Уларнинг идишларида (еб-ичишга тўғри келса) нима қилиш лозим?…»[10].

[1] Бухорий (5426), Муслим (2067), Абу Довуд (3723), Термизий (1878), Ибн Можа (3414), Аҳмад (5/385, 390, 396) ривояти.
[2] Бухорий (5896) «кумушдан ясалган», деган қўшимчасиз ривоят қилган. Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да зикр қилишича, мазкур қўшимча «Саҳиҳи Бухорий»нинг айрим нусхаларида бор. Шу боис, Ибн Шоҳин «Ал-жамъу байнас саҳиҳайн» (802) асарида ҳадисни мазкур қўшимча билан келтирган.
[3] Муслим (2067) ривояти.
[4] Бухорий (5634), Муслим (2065), Ибн Можа (3413) ривояти.
[5] Бухорий (3109) ривояти.
[6] Қаранг: «Мухтасарул фатовол мисрийя» (30-бет).
[7] Бухорий (3169, 4249) ривояти.
[8] Бухорий (344), Муслим (682) ривояти.
[9] Бухорий (5478), Муслим (1930), Термизий (1464), Абу Довуд (3839) ривояти.
[10] Саҳиҳ: Абу Довуд (3839) ривояти.

Изоҳ қолдиринг