Пайғамбаримиз намозларининг кўриниши (3)

1

Саксон биринчи ҳадис

 

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ رضي الله عنهما: ((أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم كَانَ يَرْفَعُ يَدَيْهِ حَذْوَ مَنْكِبَيْهِ إذَا افْتَتَحَ الصَّلاةَ وَإِذَا كَبَّرَ لِلرُّكُوعِ وَإِذَا رَفَعَ رَأْسَهُ مِنْ الرُّكُوعِ رَفَعَهُمَا كَذَلِكَ وَقَالَ: سَمِعَ اللَّهُ لِمَنْ حَمِدَهُ رَبَّنَا وَلَكَ الْحَمْدُ. وَكَانَ لا يَفْعَلُ ذَلِكَ فِي السُّجُودِ)) .

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни бошлаш ва рукуга кетиш олдидан такбир айтган пайтларида, шунингдек, рукудан бош кўтариб: “Самеаллоҳу лиман ҳамидаҳ, Раббаана ва лакал ҳамд” деганларида ҳам қўлларини елкалари баробарида кўтарар эдилар. Буни (яъни қўлларини елка баробарида кўтаришни) саждада қилмас эдилар [Бухорий: 735 ва Муслим: 390].

Шарҳ:

Намоз барча лаззатли ва ёқимли ноз-неъматларни ўзида мужассам этган “зиёфат дастурхони”дир. Унда танадаги ҳар бир аъзонинг ўзига хос ибодати бор. Икки қўл ҳам шулар жумласидан бўлиб, намозда уларнинг хос вазифаси бор. Ушбу вазифалардан бири намозни зийнатлаш, Аллоҳ таолонинг ҳузурида турганликка ишора қилиш ва банда билан Раббиси ўртасидаги ғафлат пардасини кўтариш учун такбири таҳримада қўлларни кўтариш.

Такбири таҳримада қўллар икки елка баробарида кўтарилади. Шунингдек, ҳар бир ракаатда: рукуга бориш ва ундан кўтарилишда қўлларни кўтариш мустаҳаб. Мазкур ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саждадан бош кўтарганларида қўлларини кўтармаслиги очиқ айтилмоқда.

Уламолар ихтилофи:

Уламолар такбири таҳримада қўлни кўтариш мустаҳаб эканига ижмо қилишган. Бу борада келган ҳадислар элликта саҳобийдан, жумладан, жаннат башорати берилган ўн саҳобадан ривоят қилинган бўлиб, мутавотирлик даражасига етган.

Лекин уламолар такбири таҳримадан бошқа ўринда қўлларни кўтариш ҳукми борасида ихтилоф қилишган.

Кўпчилик саҳобалар, тобеинлар ва улардан кейинги уламолар, жумладан, имом Шофеий ва имом Аҳмаднинг фикрига кўра, мазкур ҳадисда айтилган уч ўринда қўлларни кўтариш мустаҳаб саналади.

Али ибн Мадиний роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу ҳадис (яъни мазкур Ибн Умарнинг ҳадиси) барча одамларга (баҳона қолдирмайдиган) ҳужжатдир. Ким уни эшитса, унга амал қилиши лозим”.

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур уч ўринда қўлларини кўтарганлари ҳақида ўттизга яқин саҳобадан ҳадис ривоят қилинган. Бу ҳадислар (мусулмонлар ўртасида мўътабар ҳисобланган) ўнта ҳадис тўпламининг барчасида келтирилган”.

Ҳоким роҳимаҳуллоҳ айтади: “Пайғамбаримизнинг ушбу суннатидан бошқа бирон суннатини жаннат башорати берилган ўнта саҳобалар, жумладан, тўрт халифа ҳамда улардан кейинги катта саҳобаларнинг барчаси ривоят қилганини учратмаганмиз”.

Имом Аҳмад ва Шофеийдан нақл қилинган бир ривоятга кўра, икки ташаҳҳудли намозларнинг биринчи ташаҳҳудидан турганда қўлларни кўтариш мустаҳаб. Ушбу фикрни бир қанча муҳаддис уламолар, Мажд ва унинг невараси шайхулислом Ибн Таймия, “Фоиқ” китобининг муаллифи ва “Фуруъ” китобининг муаллифи, шунингдек, шайх Абдураҳмон Саъдий ихтиёр қилишган.

Ушбу фикр эгаларининг далили имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадис. Унда айтилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам биринчи ташаҳҳуддан турсалар қўлларини кўтарар эдилар.

Шунингдек, Абу Довуд ва Термизий Абу Ҳумайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Пайғамбаримиз иккинчи ракаатдан (яъни биринчи ташаҳҳуддан) турсалар қўлларини икки елкалари баробарида кўтарар эдилар[Абу Довуд: 730 ва Термизий: 304. Имом Термизий ҳадисни саҳиҳ санаган].

Имом Абу Ҳанифанинг фикрича, шунингдек, имом Моликдан нақл қилинган машҳур ривоятга кўра, такбири таҳримадан бошқа ўринда қўлларни кўтариш мустаҳаб саналмайди. Ушбу фикр эгаларининг далили Абу Довуд Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадис: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни намоз бошлаганларидагина қўлларини кўтариб, кейин уларни қайта кўтармаганларини кўрганман[Абу Довуд: 749]. Муҳаддис уламоларнинг айтишича, ушбу ҳадисдаги “кейин уларни (қўлларини) қайта кўтармаганларини кўрганман” деган сўз ҳадис ровийларидан бири бўлмиш Язид ибн Абу Язид томонидан қўшилган қўшимча бўлиб, ҳадиснинг асл матнида бундай сўз айтилмаган.

Мазкур фикр эгалари келтирган далиллардан яна бири Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан нақл қилинган қуйидаги ривоят. Унда Ибн Масъуд: “Мен сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай намоз ўқиган бўлсалар худди шундай намоз ўқиб бераман”, дея намоз ўқиди ва намозда қўлларини бир марта (яъни такбири таҳримада)гина кўтарди” [Аҳмад: 3672, Абу Довуд: 748, Термизий: 257 ва Насоий: 1058 ривояти].

Имом Термизий мазкур ҳадисни ҳасан, Ибн Ҳазм саҳиҳ санаган бўлса-да, бироқ Ибн Муборакнинг наздида ушбу ҳадис саҳиҳ эмас. Қолаверса, Ибн Абу Ҳотимнинг фикрича, айрим ровийлар ушбу ҳадисни ривоят қилишда хатога йўл қўйгани боис, у заиф ҳадисдир. Абу Довуд мазкур ҳадис ушбу кўринишда ривоят қилиниши саҳиҳ эмаслигини очиқ айтган.

Юқорида ўтган далилларга биноан шуни хулоса қилиш мумкинки, намозда тўрт ўринда қўлларни елка баробарида кўтариш мустаҳаб:

1 – Такбири таҳримада

2 – Рукуга кетишда

3 – Рукудан турганда

4 – Биринчи ташаҳҳуддан турганда

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Такбири таҳримада қўлларни кўтариш мустаҳаб эканига уламолар ижмо қилишган. Жумҳур уламолар наздида рукуга кетишдан олдин ва рукудан қайгандан кейин қўлларни кўтариш мустаҳаб ҳисобланади.

2 – Қўллар икки елка баробарида кўтарилади.

3 – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саждадан бош кўтарганларида қўлларини кўтармас эдилар.

4 – Намозда қўл кўтаришнинг талай ҳикматлари бор. Уламолар намозда қўлларни кўтариш ибодат эканини бир овоздан айтишган ва унинг бундан бошқа ҳикматларини ҳам зикр қилишга уринишган.

Баъзи уламоларнинг фикрича, намозда қўл кўтариш намознинг зийнати ва кўрки саналади. Айрим уламоларнинг фикрига кўра, намозда қўл кўтаришдан кўзланган ҳикмат банда билан унинг Рабби ўртасидаги ғафлат пардасини кўтаришдир. Бошқа уламоларнинг фикрича, намозда қўл кўтаришдан мақсад ташқи аъзоларни ҳаракатлантириш орқали қалбни уйғотиш.

Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Мен бу ишни (яъни намозда қўлларни кўтаришни) Аллоҳни улуғлаш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш учун қиламан”.

Уламоларнинг ушбу амалдан кўзланган ҳикмат борасида билдирган мазкур фикрлари ўртасида ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ. Зеро, Аллоҳ таоло жорий қилган ҳар бир ишда талай ҳикмат ва сирлар ётади. Албатта, шариатимиз буюрган амаллардан кўзланган энг буюк ҳикмат ва энг махфий сир Аллоҳ таолонинг сўзига бўйсуниш ва итоат қилишдир.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion1 комментарий

  1. Assolomu alaykum va rahmatulloh ya’ni Namozda qólni kótarishlik mustahab shundaymi? Jazokollohu kasiyro Alloh rozi bólsin.

Изоҳ қолдиринг