Жамғарма пул закоти

0

Савол:

Бино битгунга қадар бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан кўп қаватли уйларнинг биридан яшаш учун уй сотиб олдим. Олдиндан маълум миқдорда маблағ тўладим. Уйнинг қолган маблағини банкда сақлаб турибман. Банкдаги жамғарма пулимдан закот бераманми? Олдиндан берган пулимданчи?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Агар кишининг мол-мулкида нисобга етиш ва нисобга етгач бир йил айланиш каби закот вожиб бўлишида талаб қилинган шартлар топилса, гарчи уй-жой сотиб олиш, таълим харажатлари ёки оила чиқими каби муайян эҳтиёжлар учун жамғарилган бўлса ҳам, бундай мол-мулкдан закот чиқариш фарз бўлади.

Шайх Ибн Боз роҳимаҳуллоҳга қуйидагича савол йўлланган эди:

“Мен ҳар ой маошимдан маълум миқдорда маблағ жамғариб бораман. Ушбу пулимдан закот чиқаришим керакми? Мен ушбу маблағни уй-жой сотиб олиш ҳамда бўлажак қаллиғимнинг маҳри учун жамғармоқдаман. Мен ушбу маблағни сақлайдиган жойим бўлмагани боис бир неча йилдан бери банкларнинг бирида жамғармоқдаман”.

Шайх қуйидагича жавоб бердилар:

“Уйланиш, уй-жой қуриш ёки бундан бошқа мақсадларда жамғарилган пул нисобга етган ва ҳавл айланган (орадан бир йил ўтган) бўлса, ундан закот чиқариш фарз бўлади. Бу ўринда жамғарилган мол-мулк тилла ёки кумуш ёки қоғоз пул бўлишининг фарқи йўқ. Чунки нисобга етган ва ҳавл айланган мол-мулкдан закот чиқариш вожиблиги ҳақида келган оятлар умумий бўлиб, ундан мол-мулкнинг бирон тури истисно қилинмаган.

Эслатиб ўтиш лозимки, мусулмон киши мол-мулкини (пулини) рибо билан муомала қиладиган банкларга қўйиши жоиз эмас. Негаки, бу иш гуноҳ-маъсиятга ёрдам бериш ҳисобланади. Кучли зарурат туғилгандагина банкка пул қўйиш жоиз бўлади. Шунда ҳам банкка пул қўйиш эвазига бирон фоиз олмаслик шарт” [“Мажмуул фатово”, 14/130].

Бошқа бир ўринда шайхга қуйидагича савол йўлланган эди:

“Инсон уйланиш мақсадида пул йиғаётган бўлса, бу ҳолатда закот чиқариш унинг зиммасидан соқит бўладими?”

Шайх қуйидагича жавоб берди:

“Кишининг уйланиш мақсадида пул йиғиши унинг зиммасидан закотни соқит қилмайди. Шунингдек, қарзни узиш, уй-жой сотиб олиш ёки қул озод қилиш мақсадида жамғарилган мол-мулкдан ҳам закот бериш соқит бўлмайди. Ҳар қандай жамғарилган мол-мулк нисобга етса ва ҳавл айланса, ундан закот чиқариш фарз бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларга закотни фарз қилди ва бундай мақсад ва ниятларни закотни соқит қилишга сабаб қилмади. Дарҳақиқат, закот мол-мулкни кўпайтиради, уни ҳеч камайтирмайди. Шунингдек, закот мол-мулкни ва унинг эгасини поклайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “(Эй Муҳаммад), сиз уларнинг мол-мулкларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг…[Тавба: 103]. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Закот мол-мулкдан ҳеч нарсани камайтирмайди” [Муслим: 2588][“Мажмуул фатово”, 14/126].

“Саудия доимий фатво қўмитаси” уламолари томонидан берилган фатвода шундай дейилади:

“Уй-жой қуриш мақсадида жамғарилган маблағнинг ўзи ёки унга закот чиқариладиган пул ёки тижорат моллари қўшилганда нисобга етиб, орадан бир йил ўтса, ундан закот чиқариш фарз бўлади” [“Саудия доимий фатво қўмитаси фатволари”, 9/381].

Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ ҳам худди шу тарзда фатво берган.

Уламолар билдирган тўғрироқ фикрга кўра, қарздор инсон ва зиммасида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан олган катта миқдорда қарзи бўлган инсоннинг мол-мулкидан закот бериш фарз. Ҳали ўташ муддати келмаган қарз сабабли нисобга етган жамғарма мол-мулкдан закот бериш соқит бўлмайди. Негаки, қўлида мол-мулки бўлган ҳар бир одам закот бериши фарз. Закот беришга буюрувчи оят ва ҳадисларнинг умумий маъноси шуни кўрсатади.

Хулоса шуки, сиз жамғараётган пулингиздан закот беришингиз фарз. Уй сотиб олишда олдиндан тўлаган маблағингиздан эса закот бермайсиз. Негаки, сиз ушбу пулни сотувчига беришингиз билан сизнинг тасарруфингиздан чиққан ҳисобланади.

Валлоҳу аълам.

Манба: IslamQA

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг