Асал закоти

0

Асал закоти

Ибн Абдулбар жумҳур уламолардан нақл қилган тўғри фикрга кўра, асалдан закот берилмайди.

Ибн Мунзир айтади: “Асалдан закот чиқариш фарзлиги хусусида бирон саҳиҳ ҳадис ҳам, уламолар ижмоси ҳам йўқ. Шунга биноан асалдан закот чиқарилмайди. Бу жумҳур уламолар фикридир”.

Бухорий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Асалдан закот бериш тўғрисида бирон саҳиҳ далил йўқ».

Шофеий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Мен танлаган фикр – асалдан закот бермаслик. Чунки закот бериладиган нарсалар тўғрисида саҳиҳ ҳадис ва саҳобаларнинг сўзлари бор. Асал тўғрисида эса ҳеч нарса собит бўлмаган. Демак, шариат асалдан закот чиқаришни талаб қилмаган».

Имом Аҳмад ва имом Абу Ҳанифанинг фикрича, асалдан закот берилади. Улар ўз фикрларини қўллаб-қувватлаш учун Абу Довуд Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, отаси эса бобосидан ривоят қилган ҳадисни далил қилишган. Ҳадисда шундай дейилади: «Бани Мутъон қабиласидан бўлмиш Ҳилол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига асалининг ушрини олиб келди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Салаба деб номланмиш водийни қўриқхонага айлантириб беришни сўраган ва у зот бу водийни унга қўриқхона қилиб берган эдилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифа бўлгач, Суфён ибн Ваҳб ундан бу ҳақда сўраб мактуб ёзди. Умар унга шундай жавоб ёзди: «Агар Ҳилол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бериб келган асалининг ушрини сенга ҳам бериб турса, Салаба водийсини унга ажратишда давом эт. Акс ҳолда, асаларилар ёмғир (яъни ўт-ўланлар кетидан юрадиган) ҳашаротлар бўлиб, уларнинг асалини хоҳлаган киши ейиши мумкин»[1].

Шавконий асалдан закот бериш фарз деган уламолар далилига раддия билдириб, мазкур ҳадис асалдан закот чиқариш фарзлигига далолат қилмаслигини айтади. Чунки Ҳилол ўз хоҳиши билан кўнгилли равишда асалидан ушр берган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунинг эвазига унга Салаба водийсини қўриқхона қилиб берганлар. Умар розияллоҳу анҳу воқеа сабабини яхши англагани боис шундай буюрган. Агар асалдан берилган нарса закот бўлганида Суфёнга ихтиёр бермаган бўлар эди[2].

Бу борадаги рожиҳ фикр жумҳур уламолар фикри бўлиб, унга кўра асалдан закот берилмайди.

Хаттобий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳадисдаги «у зот бу водийни Ҳилолга қўриқхона қилиб берган эдилар» деган сўзнинг маъноси шундан иборатки, асаларилар ўсимликлар ва ўт-ўланларнинг гуллари билан озуқаланади… Асалари боқиладиган яйлов қўриқланса (унга бошқаларнинг асалари боқишига рухсат берилмаса), асаларилар ўша ерда ўрнашиб қолади ва зўр бериб асал йиғишга киришади. Натижада асаларичининг даромади кўпаяди. Борди-ю, у жойда бошқа асаларилар ҳам боқилса, мавжуд асаларилар у жойдан қочиб, холи яйлов қидириб, узоқларга кетиб қолади ва янги ўрнашган жойида асал йиға бошлайди.

Ҳадисдаги бу жумлани бошқача изоҳлаш ҳам мумкин. Бани Мутъон қабиласи учун асалари боқадиган водийлари қўриқхонага айлантирилди. Бинобарин, улардан бошқалар бу водийга кириб, асалга тажовуз қилиши, асалдан олиши тақиқланади. Чунки аслида асалнинг ҳукми (дарё ва кўллардаги табиий) сувлар ва маъданлар билан баробар. Ҳеч кимса бундай нарсаларга хусусий мулкчилик қилишга ҳаққи йўқ. Балки бундай нарсалар биринчи бўлиб қўлга киритган кишининг мулкига айланади. Шунга кўра, мазкур водий Бани Мутъон қабиласи учун қўриқхонага айлантирилар, бошқаларнинг бу водийга кириши тақиқланар экан, (асалдан закот бериш фарзлиги учун эмас, балки) давлатнинг ҳимояси эвазига ундан ушр чиқариш вожиб бўлади. Ушбу таъвил – изоҳни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг «асаларилар ёмғир (яъни ўт-ўланлар кетидан юрадиган) ҳашаротлар бўлиб, уларнинг асалини хоҳлаган киши ейиши мумкин», деган сўзи ҳам қўллаб-қувватлайди»[3].

[1] Ҳасан: Абу Довуд (1600) ва Ибн Можа (1823) ривояти.
[2] «Найлул автор» (4/208).
[3] «Маолимус сунан» (2/255), «Сунани Абу Довуд» ҳошияси.

Изоҳ қолдиринг